Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Самарқанд ҳокими одамларни пахта теримига мажбурий чиқаришни буюрди


Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев 1 август куни кечаси соат 10 да вилоятдаги корхона, ташкилотлар, бюджет идоралари раҳбарларини чақириб, шошилинч йиғилиш ўтказган. Ушбу йиғилишда иштирок этган раҳбарлардан бирининг айтишича, ҳоким сентябрь ойида бошланадиган пахта терими кампанияси учун 50 кишилик отрядлар тузишни, барча ташкилотлар раҳбарларига теримга одам чиқаришни буюрган. Пахта теримида иштирок этмаган ташкилот, корхона, ресторану ошхоналар газ ва электр энергиясидан узилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Самарқанд шаҳридаги корхоналардан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбари 1 август куни кечқурун шошилинч равишда мажлисга чақирилганини Озодликка айтди:

“Кечқурун соат тўққизларда ҳокимиятдан телефон қилиб, зудлик билан ҳокимиятга етиб келишимни тайинлашди. Соат 10 да мажлис бошланди, вилоят ҳокими мажлис пахта йиғим-терими масаласига бағишланганини айтди. Вилоят ҳокими пахтани теришда аввало туман аҳолисини жалб қилиш, иккинчидан, ташкилотлар камида 50 кишилик отрядлар тузиши шартлигини айтди. Учинчиси эса резерв, булар ўқитувчилар ва олийгоҳлар талабалари бўлади, деб айтди”, деди ташкилот раҳбари.

Унинг айтишича, ҳоким пахта терими ҳашари бир ой давом этишини, кейин далада қолган пахтани фермер ўз кучи билан йиғиб олиши ҳақида гапирган.

Вилоят ҳокими, шунингдек, тўйхона, ресторан ва бошқа катта овқатланиш муассасалари, тадбиркорлар ва таксопаркларга белгиланган миқдордаги одамни далага олиб чиқишга ҳам топшириқ берган.

Бу топшириқни ушбу мажлисда иштирок этган, Самарқанд шаҳридаги овқатланиш муассасаларидан бирининг раҳбари ҳам Озодликка тасдиқлади:

“Ҳоким агар ҳар биринг теримга 40-50 тадан кам одам олиб чиқмасанг, газ ва светингни узаман, СЭСга айтаман ёпиб ташлайди. Ишингдан муаммо топиш биз учун проблема эмас, деб айтди”, дейди мажлис иштирокчиларидан бири.

Бу раҳбарнинг айтишича, ҳоким тўйхоналар эгаларини ҳам четлаб ўтмаган:

“Ҳоким яна тўйхоналарга "шу давлатда ишлаяпсанми, ҳар бир тўйдан 10 миллионгача фойда қилаяпсанми? Газингни, светингни олиб турибсанми, демак давлатга ҳам фойданг тегсинда, одам топиб пахтага чиқар", деди”, дейди суҳбатдош.

Исмини айтмай, ўзини "Самарқанд вилояти ҳокимининг ёрдамчиси", деб таништирган мулозим Озодлик билан суҳбатда, ҳокимнинг қандай мажлислар ўтказишидан хабари йўқлигини айтди.

Вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, вилоят ҳокими пахта масаласида мажлис ўтказганини Озодликка тасдиқлади:

“Ҳокимимиз пахтани қисқа муддатда териб олиш тадбирлари ҳақида топшириқлар берди. Энди, кўпчиликка келган тўй, ҳаммамиз ҳашар қилиб, ўз ихтиёримиз билан деҳқонга ёрдам берсак, нимаси ёмон?! Бу ерда мажбурийлик йўқ, ҳаммаси ихтиёрий”, - деди мулозим.

Каримов ўлганидан сўнг, жорий йилнинг февралида Тошкент вилоятининг Бекобод тумани раҳбарлигига олиб келинган Туробжон Жўраев, 13 июнь куни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Аввал Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Туробжон Жўраев президент Каримовнинг қаттиқ танқидидан сўнг 2013 йилда ишдан бўшатилган эди.

Туробжон Жўраев жанубий вилоятларда ҳоким бўлиб ишлаганида, унинг маҳаллий раҳбарлар ва ҳокимларни уриб, сўккани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров 2011 йилнинг сентябрида вилоят ҳокими Туроб Жўраев тазйиғидан сўнг ўзини осиб қўйган эди.

2011 йилнинг 25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Туроб Жўраев саккизта коллеж директорини калтаклагани хабар қилинган эди.

Туроб Жўраев Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаганда ҳам айни шу услубдаги "қаттиққўллик" фаолиятини давом эттиргани айтилади.

XS
SM
MD
LG