Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Меҳнат муҳожири: Полиция бизни -6 совуқда ушлаб турганига 7,5 соат бўлди


"Мигрант ови" маҳаллий омончиларнинг асосий вазифаларидан бири
"Мигрант ови" маҳаллий омончиларнинг асосий вазифаларидан бири

Москвада янги йил арафасида меҳнат муҳожирларини оммавий текшириш операциялари авж олмоқда. Олиб борилаётган оммавий рейдларни полиция “муҳожирларнинг жиноятларга алоқадорлигини текшириш” билан изоҳламоқда.

Озодликнинг Москвадаги бюросига мурожаат қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири Москванинг Рублевское шоссеси яқинида кетаётган қурилишлардан бирида полиция, ОМОН ва Росгвардия олиб борган рейд пайтида қўлга тушиб қолганини билдирди.

Ўзини Лочинбек деб таништирган бу йигитнинг 27 ноябрь куни айтишича, у қўнғироқ қилган вақтда 40 кишидан зиёд муҳожир полиция бўлими ҳовлисида совуқда ушлаб турилганига 7 соатдан ошган эди:

- Ушлаб олиб келди бу ерга. 42 кишимиз. Мен стройка олдидан ўтиб кетятувдим ушлашди, қолганларни иш жойидан олишди. Ҳаммани документи бор, аммо у ерда соат 12-дан 2-гача кўчада ушлаб турди, ундан кейин отделга олиб келди – мана 7 соатдан бери отделда турибмиз, совуқда кўчада, деди Лочинбек.

Ўзбек муҳожири полиция ишчиларни “Документ текшираяпмиз!” важи билан ичкарига киритмасдан, кўчада ушлаб турганини айтади.

Унинг айтишича, Россия паспортига эга бўлганларни полициячилар қурилиш жойида қўйиб юборган, ҳорижликларнинг ҳаммасини полиция бўлимига олиб келишган:

- Ўзбекистон, Қирғизистон, Молдова, Арманистон – ҳамма миллатдан бор. Лекин кўпи –ўзимизнинг ўзбеклар! Мен умуман ишдаги одам эмасман – ўтиб кетятувдим. МКАДдаги Рублёвскийда қурилишдан олиб келибди буларни. Иш гаплашгани бормоқчи эдим. Уларнинг битовкалари ёнидан ўтиб кетаётсам, ОМОНлардан бири келиб, олиб кетди. Ҳамма болаларнинг ҳамма ҳужжатлари жойида экан, трудовой договорлари бор экан. “Патентга нимага пул тўлаяпмиз, ҳайронмиз!”, деяпти ҳаммаси. “Кутинглар – яна икки соатча чўзилиши мумкин текширув!”, деяпти полиция, деди Лочинбек.

Суҳбатдош полиция уларнинг ушлаб турилгани асл сабабларини тушунтирмаётганини маълум қилди.

Ўзбек муҳожири:"Биз нима учун патентга тўлаяпмиз?!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00
Бевосита линк

Шу кунларда ҳаво ҳарорати Москвада -6 даража совуқ.

Москва шаҳри Крилатское туман полиция бўлими мулозими Озодлик ҳақиқатан муҳожирлар қурилиш объектида ушлангани ва оммавий тартибда полиция бўлимига келтирилганини тасдиқлади. У буни оддий “режа асосидаги рейд” эканини тушунтиришга уринди:

- Биз уларни 7 соат ушлаб турганимиз йўқ, ёлғон.

- Нима учун одамларни совуқда ушлаб турибсизлар?

- Уларни қисм-қисм қилиб отделга олиб киришаяпти. Биномиз ичкариси эса, кичкина. Улар исиниб, чиқаяпти – бошқалар киряпти исинишга.

- Нима учун унда бунча одамни бирдан ушлаб, отделга олиб келиш зарурати бор?

- Тушунинг, биз уларни олиб келмадик – бизга олиб келишаяпти. ОМОН, Росгвардия, деганларидек... Одамларни вақти-вақти билан иситиб турибмизку!

- Муаммо нимада? Нега уларни ушлаб турибсиз?

- Бирор жиноятга алоқадорлигини текшираяпмиз. Текшириб бўлсак, қўйворамиз ҳаммасини, деди бақиришга ўтган Крилатское полиция бўлими навбатчи офицери.

Айни пайтда, бундай оммавий текширувлар янги йил арафасида текширув бўйича “план” бажараётган Москванинг бошқа полиция бўлимларида ҳам кузатилади.

Москвадаги ҳар бир полиция бўлими ойига бир неча маротаба нолегал ҳолатда юрган муҳожирларни аниқлашга қаратилган “Нелегал” амалиётларини ўтказиб келади. Полицияга келтирилган муҳожирларнинг ҳужжатлари маълумотлар баъзасидан текширувдан ўтказилади, ушланганларнинг ўзларидан эса бармоқ излари олинади.

“Нелегал” деб номланган профилактика амалиёти натижалари вақти-вақти билан маҳаллий матбуотда эълон қилиб турилади.

Материал эфирга берилаётганида Москванинг Крилатское Ички ишлар бўлимида кун бўйи ушлаб турилган меҳнат муҳожирлари қўйиб юборилгани маълум бўлди.

Озодлик Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бошқармаси томонидан Конфедерациялар кубоги ва ЖЧ-2018 арафасида Россия пойтахти полиция бўлимларига мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган “услубий тавсиянома”ни тарқатгани тўғрисида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG