Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Чемпионат олдидан мигрантларни қўрқитувчи норасмий варақалар тарқатилмоқда (ФОТО)


2018 йилнинг 25 майидан 15 июлигача Россиянинг 11 шаҳрида ўтказилиши кутилаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати олдидан турли минтақаларда миграция қайди ва полиция назорати кучайтирилиши тўғрисида огоҳлантирувчи варақалар тарқатилмоқда. Чемпионат пайтида полиция назорати кучайишини тасдиқлаган ҳуқуқ фаоллари, айни пайтда¸ тарқатилаётган миш-мишларга ишонмасликка чақирмоқда.

Россия 2018 йилнинг ёзида футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Мусобақа бошланишига уч ой қолган айни кезларда йирик шаҳарларда ишлаётган муҳожирлар орасида “чемпионат вақтида патент берилиши тўхтатилиши” ва “Россияга кириш ва чиқиш тақиқланиши” ҳақида турли хабарлар тарқамоқда.

“Чемпионат пайтида кўчага чиқманг!”

Озодликка муҳожирлар томонидан тақдим этилган норасмий мактубда¸ жорий йилнинг “25 апрелидан 25 июнигача ИИБ, ФСБ томонидан Миграция назорати кучайтирилиши” айтилади.

Варақани жўнатган муҳожир бундай “ахборот хати”нинг Миграция департаменти томонидан патент расмийлаштирилаётган ишчи мигрантларга берилаётганини билдирди. Аммо мактубдан бу огоҳлантиришнинг қайси тизим томонидан қачон¸ ким учун чиқарилганини англашнинг имкони йўқ.

“Бу муддат ичида кучайтирилган ҳужжат текшируви режими жорий қилингани боис, хориж гражданларининг кундуз куни ташқарига чиқиши чекланиши, тунда эса ўз уйи яқинида бўлиши таъминлансин. Бу кунлари миграция қайдига туришнинг мутлақо имкони йўқ!”- дейилади хабарномада.

Норасмий варақа
Норасмий варақа

Варақа давомида патент асосида ишлаётган хорижликларга узоқроқ муддатга, иложи борича августгача, патент тўловларини тўлаб қўйиш¸ 26 мартгача қайд муддатини узайтиришга зудлик билан ҳужжат топшириб қўйиш тавсия этилади.

Шунингдек, норасмий хатда хориж гражданларига юқорида кўрсатилган муддат давомида чегарани кесиб ўтмаслик ҳам тавсия этилади.

Озодликка жўнатилган бошқа варақанинг Москванинг меҳнат мигрантлари кўпчиликни ташкил этувчи клининг компанияларидан бирида маъмурият томонидан эълон тахтасига осиб қўйилгани айтилди.

Клининг компанияси тарқатаётган бу эълон ҳам қонунга зиддир
Клининг компанияси тарқатаётган бу эълон ҳам қонунга зиддир

Унда ҳам муҳожирлар футбол чемпионати олдидан майдан август охирларигача “регистрация қайди узайтирилмаслиги” ва “бу муддат ичида чегарадан ўтмаслик, зеро чиқарилган шахснинг киритилмаслиги”дан огоҳлантирилган.

Билдиришнома охирида ҳужжатларни олдиндан тайёрламаган шахсларнинг ишдан бўшатилиши ҳам айтилган.

Озодлик гаплашган Зафар исмли ўзбек муҳожирлари бу каби варақаларнинг Москвадаги Сахарово миграция марказида тарқатилаëтганини билдирди:

- Москвада патент қиладиган Сахаровага бир ўртоғим борганида қўлига беришган. Ҳаммасига битта-битта бериб чиқаяпти экан! Хуллас, бунинг айтиши бўйича, кўчага чиқиш мумкин эмас. Ҳозир ушласа ва ҳужжатингиз жойида бўлса – қўйворади. Футбол вақтида ҳамма нарса жойида бўлса ҳам ушладими – депорт босар экан. Шунақа яширинча ўйин қилаяпти. Руслар чемпионатга бошқа юртлардан келадиган одамлар олдида “бизда мигрант йўқ”, деб кўрсатмоқчи, шекилли, деди Зафар.

“Бу талаблар ноқонуний, аммо тайёргарлигингизни кўриб қўйинг!”

Меҳнат муҳожирлари орасида тарқаëтган варақаларни изоҳлаган ҳуқуқшунослар улар мазмунининг Россия қонунчилигига зид эканини айтади.

Айтилишича¸ футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўтказиладиган кунлари муҳожирларнинг Россияда қолиш тартиби 2017 йилнинг 7 майида қабул қилинган 202-сонли президент буйруғида белгиланган. Унга кўра, “хориж гражданлари ва гражданлиги йўқ шахсларнинг яшаш ва вақтинчалик туриш жойи бўйича қайд ўша жойга етиб келганидан сўнг бир сутка давомида амалга оширилади”.

Юрист Валентина Чупик ўзининг Фейсбук саҳифасида юқорида зикр этилган тартиб чемпионат ўйинлари ўтказиладиган 11 шаҳрида жорий этилиши ва коррупцияга кенг йўл очишидан огоҳлантирди.

Ҳуқуқ фаоллари бу каби миш-мишлар айрим полиция бўлинмалари томонидан мигрантларни қўрқитиш учун тарқатилаётган бўлишини тахмин қилмоқда.

“Migrant.mobi” портали асосчиси, юрист Ботиржон Шерматов чемпионат олди тарқатилаётган варақаларнинг норасмий эканини билдирди.

- Чегарадан қўймайди, патент бермайди деган гапларда асос йўқ. У қоғозчани мен ҳам ёзиб чиқишим мумкин! Ўтган йилгидек бўлган тақдирда ҳам, биринчидан, 25 апрелдан эмас - 25 майдан, иккинчидан, “чегарадан қўйилмайди”, “патент берилмайди” деган гап йўқ! Регистрация қилишда муаммо бўлиши мумкин, текширувлар кўпайиши мумкин – бу рост гап. Қолгани норасмий ва қуруқ гаплар. Шунга биз айтяпмиз: президент қарорида “фақат бир суткада қайдга туриш” дейилганини ҳисобга олиб, шахсан мени маслаҳатим – 25 майгача 3 ойга патент тўлаб, регистрация қилиб олинглар, деб маслаҳат берди Ботиржон Шерматов.

Ҳуқуқ фаоли бу масалада Сахароводаги миграция марказига мурожаат қилгани ва муассасанинг Интернетдаги саҳифасида расмий жавоб олганини айтди.

Сахарово маркази миш-мишларни инкор этди
Сахарово маркази миш-мишларни инкор этди

Расмий жавобда “ҳозирги кунда Футбол бўйича Жаҳон чемпионати кунларида патентларни беришга чеклов киритиш кўзда тутилмаган" дейилади.

2018 йилнинг 25 майидан 15 июлигача Россиянинг 11 шаҳри - Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Сочи, Ростов-Дон, Калининград, Волгоград, Саранск, Самара, Нижний Новгород ва Екатеринбургда ўтказилиши кутилаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати давомида полиция, ФСБ, Росгвардия ва бошқа кучишлатар тизимлар кучайтирилган режимга ўтказилади.

XS
SM
MD
LG