Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Левада-центр: Россияда миллатчилик кайфияти кескин кучайди


"Левада-центр" анча йиллардан буён Россия жамоатчилиги фикрини ўрганиб келади
"Левада-центр" анча йиллардан буён Россия жамоатчилиги фикрини ўрганиб келади

Москвадаги “Левада-центр” ижтимоий фикрни ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, россияликлар орасида бошқа миллат вакилларига нисбатан салбий кайфият кескин ортган.

Кузатувчилар “Россия -руслар учун!” каби миллатчилик шиорлари тарафдорлари сонининг кўпайиши жамиятда юзага келаётган иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлар билан боғлиқ демоқда.

"Россия - руслар учун"ми?!

Охирги бир йилда Россияда бошқа миллат вакиллари яшашига қарши чиқаётган россияликлар сони кескин кўпайди. Бу ҳақда ижтимоий сўров олиб борган “Левада-центр” эълон қилди.

“Номақбул” миллатлар рўйхатининг юқори поғоналарига россияликлар циган-лўлиларни (ўсиш 17-дан 32 фоизга), хитойликларни (15-дан 31 фоизга), вьетнамликларни (ўсиш 12-дан 26 гача) ва марказий осиёликларни (ўсиш 19-дан 25 фоизгача) қўйди.

"Россияда қуйидагилар сонини чеклаш керакми...?"
"Россияда қуйидагилар сонини чеклаш керакми...?"

Марказий Осиёдан келган мигрантлар масаласида берилган саволга сўровдан ўтган россияликларнинг 2 фоизи марказий осиёликлар билан турмуш қуриши мумкинлиги, 3 фоизигина уларни ҳамкасб сифатида кўриш истаги борлигини билдирган.

“Умуман олганда, этнофобия даражаси ўтган бир йилда 12 пунктга кўтарилган бир пайтда, “рус бўлмаган”лик билан боғлиқ бошқа позициялар 1,5 баробарга кўтарилди. Яъни салбий муносабат доираси кескин кенгайди”, дея хабар қилади “Левада-центр” социологи Карина Пипия “Ведомости” газетасига берган интервьюсида.

Жамиятшунос ксенофобиянинг россияликлар орасида кучайиб боришига ҳукумат олиб бораётган пенсия ислоҳоти ҳамда истеъмолчилик ва ижтимоий кайфиятларнинг ёмонлашиб бораётганини сабаб қилиб кўрсатди.

Жумладан, “Россия - руслар учун!” ғоясини қўллаб-қувватловчилар 10 фоиздан 19 фоизга кўпайгани қайд этилди.

Бундан ташқари, “ҳукумат мигрантлар оқимини кескин камайтириши керак” деган фикрни илгари сураётган россиялик респондентлар сони 58 дан 67 фоизга ошгани кузатилмоқда.

"Миллатчилик кайфияти футболдан кейин кучайди!"

Миллатчилик ва ирқчилик кайфиятларининг кескин кучайиши одатда Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва бошқа йирик мегаполисларида кузатилади.

Москвадаги “Фуд-Сити” бозорида меҳнат қилаётган 49 ёшли Акмалжон Насибов маҳаллийларнинг миллатчилик кайфияти айниқса футбол бўйича Жаҳон чемпионати тугагандан кейин кучайди, дейди:

- Икки ойча бўлди – футболдан кейин айниқса кучайиб кетди бу нарса! Автобус, электричка, метрода – олдин бунчалик кўзга ташланмас эди. Иқтисодий кризис туфайли “мигрантлар кетсин – россияликлар пулини олиб қўйяпти”, деган маънода фикрлар бор. Пенсия ёши ошяпти – мигрант айбдор, ойлик бермаяпти – бунгаям мигрант айбдор, Россияга қарши санкция учун ҳам мигрант айбдор!

"Россияга кимлар киритилишини чеклаш керак?"
"Россияга кимлар киритилишини чеклаш керак?"

Айни дамда, мутахассислар ва кузатувчилар миллатчилик кайфиятининг Россияда ошиши тасодифий эмаслигига эътибор қаратишаяпти. Улар “Америка, Украина ва Ғарбга қарши нафрат” Россияда яшаб меҳнат қилаётган “келгиндиларга” қаратилишини башорат қилишмоқда.

Чингиз Айтматов номидаги “Чегара билмас мулоқот” Халқаро жамғармаси президенти Фарҳод Устажалилов Озодлик билан суҳбатда рус жамиятидаги салбий силжишларни иқтисодий ва сиёсий сабабларга боғлади:

- Энг аввало бунинг иқтисодий сабаблари бор. Чунки одамзот неча йиллар давомида ўзининг иқтисодий аҳволини яхшилаш учун курашиб келади, қайси жамият бўлмасин! Ҳозир аҳолининг турмуш даражаси жудаям тушиб кетди – одамларнинг ичидаги нафрат эса ташқарига чиқиб кетаяпти. Америка ва бошқа давлатлар Россияга киритган санкциялар иқтисодга жуда қаттиқ зарар келтириб, халқнинг турмуш даражасини пасайтириб юборди. Ҳукумат эса, пулни ижтимоий соҳадан – пенсионерлар чўнтагидан чиқаришни бошлади. Бу нарса автоматик тарзда ксенофобияга олиб келади. Раҳбарият эса, “Бу биз эмас – бу мусулмонлар, кавказликлар ва бошқалар қилаяпти” деб, одамларнинг онгига пропаганда орқали сингдираяпти! Иккинчидан, одамларнинг Россияда билим даражаси пасайиб кетган: маънавий билимлар берилмаяпти, конфессиялар ўртасида, миллатлараро мулоқот йўқ бўлаяпти..

Британиянинг Солсбери шаҳрида икки томонлама собиқ агент Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши муносабати билан АҚШнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкциялари кучга кирди. 27 август куни жарима чоралари Федерал реестр – АҚШ ҳукуматининг расмий журналида эълон қилинди.

Санкциялар фавқулодда гуманитар ёрдамдан ташқари, Россияга ташқи ёрдам берилиши тўхтатилишини кўзда тутади. Россияга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, шунингдек молиявий ёрдамлардан воз кечилади, Россияга ҳар қандай кредит ва кредит кафолатлари берилмайди.

Экспертлар бунинг ортидан рубль қадри тушиши ва мамлакатнинг иқтисодий аҳволи янада оғирлашиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG