Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Аксар россиялик Сурияга рус ҳарбийлари жўнатилишига қарши


Нуфузли жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига кўра, россияликларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи Башар-ал Ассад ҳукуматига ёрдам бериш учун Сурияга ҳарбий юборилишига қарши. "Левада" марказининг билдиришича, россияликларнинг аксари унинг ўрнига Москва дипломатик ва сиёсий каналлардан фойдаланиши керак, деб ҳисоблайди.

“Левада” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига кўра, Кремль Сурияда ҳарбийларини кўпайтираётган бўлса-да, россияликларнинг атиги 14 фоизи Россия ўз аскарларини юбориш орқали Сурия ҳукуматига “тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам” бериши керак, деб ҳисоблайди.

СССР парчаланганидан бери Россия ҳали бирор марта ҳам ҳарбийларини хорижий мамлакатда бундай миқёсда ёйинламаган эди.

Ўтказилган сўров натижалари Москвада жойлашган “Левада” марказининг расмий сайтида 28 сентябрь куни эълон қилинди.

Айнан ўша куни Президент Путин Нью-Йоркда қилган чиқиши давомида Россия жангларда иштирок этиш учун Сурияга қуруқлик қўшинларини жўнатишни режалаштирмаётганини айтди.

Аксар россиялик СССР Афғонистонда бошдан кечирган йўқотишларни унутгани йўқ ва хорижга аскар юбориш билан боғлиқ хавфларни яхши билади.

1979-1989 йилларда бўлиб ўтган Афғон уруши давомида Совет Иттифоқининг 15 000 дан ошиқ аскари ҳалок бўлган.

Киев ва НАТО Россия шарқий Украинага жанг қилиш учун аскар юборганини кўрсатувчи етарлича далил борлигини айтиб келади, аммо Путин буни рад этиб келади.

“Левада” маркази ўтгазган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 69 фоизи Сурия етакчиларига ёрдам бериш учун ҳарбийлар юборилишига кескин қарши ёки қарши бўлган бўлар эди. Сўровда иштирок этганларнинг 64 фоизи бўлса Ассад ҳукуматига Россия “сиёсий ҳамда дипломатик ёрдам” бериши керак, деган фикрда.

43 фоиз россиялик Дамашқни қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий консультация билан таъминлашни қўллайди.

Тўрт йилдан бери давом этиб келаётган ва тахминан 250 000 киши ҳаётига зомин бўлган низо бошланганидан бери Москва айнан шундай ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Сўровда иштирок этганларнинг 41 фоизи ушбу сиёсатга қарши эканлигини билдирган.

Турли йўллар

Сурияда давом этиб келаётган фуқаролар уруши ҳамда “Исломий давлат” жангари гуруҳининг ўсиб бораётгани 28 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси йиғинида муҳокама қилинган муҳим масалалардан бўлди.

Путин ва АҚШ президенти Барак Обама Бош ассемблеяда қилган чиқишларидан кейин 90 дақиқа суҳбатлашишди.

Суҳбат давомида икки лидер Суриядаги бўҳронни ечишнинг турли йўлларини ўртага ташлади.

Обама Ассаднинг ўрнига бошқа етакчи келиши кераклигини айтди. Путин эса ўз ҳукумати “Исломий давлат” жангарилари билан курашиш ўта муҳим деб ишонишини ҳамда Дамашқ билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш “улкан хато” бўлишини таъкидлади.

Путин яна Кремль “Исломий давлат”га қарши ҳаво ҳужумларида иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.

“Левада” маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 39 фоизи Кремлнинг Сурия бўйича сиёсатини қўллайди, 11 фоизи қўлламайди.

Жавоб берганларнинг 33 фоизи бўлса бу масала улар учун умуман қизиқ эмаслигини айтган.

Марказга кўра, Сурияда охирги пайтда рўй берган ўзгаришлардан хабардор россияликларнинг 36 фоизи Ассад ҳукуматини қўллайди, 10 фоизи мухолифатни қўллайди, 39 фоизи эса иккаласини ҳам қўлламайди.

XS
SM
MD
LG