Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:50

Риштон чегараси очилди¸ аммо Риштон-Сўх йўли очилмади


25 сентябрдан бошлаб эрталабки 7 дан кечки 7 га қадар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўзаро ўтиб-қайтиши учун “Риштон” –“Кайтпас” чегара ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини қайта бошлади. Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига кириш чегарасидаги “Апкан” пункти ëпиқлигича¸ Сўх-Риштон йўлининг яқин орада очилиш-очилмаслиги ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

25 сентябрдан бошлаб эрталабки 7 дан кечки 7 га қадар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўзаро ўтиб-қайтиши учун “Риштон” –“Кайтпас” чегара назорат-ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини қайта бошлади. Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига кириш чегарасидаги “Апкан” пункти ëпиқлигича¸ Сўх-Риштон йўлининг яқин орада очилиш-очилмаслиги ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Риштон-Чўнғара йўли очилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 5 сентябрь куни Бишкекка қилган сафари давомида икки давлат расмийлари ўртасида имзоланилган ҳукуматлараро протоколга мувофиқ¸ 25 сентябрдан бошлаб ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Риштон” пункти очилди.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги яна бир пунктнинг очилганини тасдиқлаган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев бу очилиш тафсилотларига ойдинлик киритди:

- Очилди деб эшитишимиз билан¸ бориб кўрдик. Ростдан ҳам Риштон марказида сўхликлар юрибди¸ йўл шимолий Сўхгача очилипти¸ Чўнғарагача холос¸ дейди Элибоев.

Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Чўнғара қишлоғи Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудидаги Ақтупрақ қишлоғи ичидаги Ўзбекистон эксклави бўлиб ҳисобланади. (Чўнғараликлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Бурганди массивидаги нефть конларида меҳнат қилади.)

- Риштон чегара пунктининг очилиши¸ чўнғараликларнинг Риштонга келиб-кетишини осонлаштирди¸ аммо бу Риштон-Сўх йўли очилди¸ дегани эмас¸ деди Озодлик суҳбатлашган фарғоналик фаол.

“Риштон” –“Кайтпас” чегара пунктлари орқали Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтилади. Сўхга етиб олиш учун бу эксклавга кетаётганлар бир неча километр Қирғизистон ҳудудидан ўтиши лозим. Шундан сўнг Сўхнинг (яъни Ўзбекистоннинг) чегараси келади. Бу "Апқан" назорат-ўтказиш пунктидир ва шу пункт ёпиқлигича турибди. Шундан келиб чиқиб, сўхликлар Озодликка “Риштон” –“Кайтпас”нинг очилишидан муаммомиз ҳал бўлмади", демоқда.

Риштон-Сўх йўли очилмади

Озодликнинг Фарғона вилоят ҳокимлигига яқин манбаси¸ 18 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари расмийларининг чегара масаласига бағишланган музокараларида Риштон-Сўх йўлининг очилиши ҳақида деярли бир тўхтамга келганини билдирган эди.

“Тошкентдан телефон қилиб¸ қирғиз томондаги Риштондан кирадиган Кайтпас ва Сўхга кирадиган Апкан постларини очиш масаласи ҳал бўлди. Фақат техник ишлар битиши¸ яъни компютер ва бошқа жиҳозлар ўрнатилиши учун вақт керак дейишганди. Мана 10 кун ўтди ҳам¸ бугун-эрта қилиб ўтирибмиз. Аниқ бир гап йўқ”¸ деди айни мулозим 27 сентябрь куни.

Бу расмий¸ бундай мавҳумликдан ҳафсаласи пир бўлган сўхликлар яна президент порталига шикоят ëзишни кўпайтирганини қўшимча қилади.

Айни пайтда¸ чегара масаласидаги ҳукуматлараро комиссия фаолиятига яқин ўзбек мулозими 27 сентябрь куни музокараларнинг Боткенда давом этганини билдирди¸ аммо уларда томонлар бирор келишувга эришган-эришмагани ҳақида баëнот беришга эрталигини таъкидлади.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоев¸ Риштон-Сўх йўлидаги Апкан постининг очилмаëтгани ҳақида 26 сентябрь куни ўзи эшитган сабабни “куракда турмайдиган” деб баҳолади:

- Риштондан Сўхгача йўл нима учун батамом очилмади¸ деб сўрасам¸ Чўнғарадан Сўхгача бўлган 10 километрча масофа бор. Ўша жойда қирғизлар шолисини йўлга тўшаб қўйипти¸ дейишди. Бир-икки кунда олишадими¸ десам¸ ҳа¸ дегандек қилишди. Биласиз¸ икки давлат муносабатларига 10-15 та одамнинг шолиси тўсиқ бўла олмайди. Тушунганим¸ ҳали икки давлат ўртасида ҳал этилмаган масалалар бор¸ деди Элибоев.

Риштон-Сўх йўлида жойлашган ҳудуддаги вазиятдан яхши хабардор тадбиркорларнинг Озодликка айтишича¸ мазкур ҳудудда бу йўл ëпиқлигидан катта даромад кўраëтган қудратли гуруҳлар пайдо бўлган ва бугунга келиб улар ҳукумат қарорларига таъсир ўтказиш даражасида кучайган бўлиши мумкин.

Озодлик ҳозирча бундай даъволарни тасдиқлаши мумкин далил¸ тафсилотларни ўрганмоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 2013 йил 5-6 январь кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро ортидан Cўх-Риштон йўлидаги чегара пунктлари ëпиб қўйилган эди.

Фарғона вилоятининг икки туманини боғловчи тахминан 70 кмлик бу йўл деярли тўлиғича Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Сўх воқеаларидан кейин йўлни очиш уринишлари бошлаганда¸ қирғизистонликлар унга норозилик билдириб¸ йўлни тўсиб қўйган эди.

Сўхни Ўзбекистоннинг қолган ҳудуди билан бошловчи энг қисқа йўл ëпилганидан бери ўтган қарийб беш йил давомида сўхликлар Фарғонага ўтиб-қайтиш учун Водил орқали 130 км.дан кўпроқ йўл босишга мажбур бўлмоқда.

Сўхликлар бу йўлдан бориб-келишнинг ниҳоятда қийинлиги¸ Қирғизистон ҳудудида ўзларининг турли расмий ва норасмий таъмагирлик ва қонунсиз ҳаракатлардан азият чекиб келаëтгани ҳақида Озодликка йиллардан бери мурожаат қилади.

XS
SM
MD
LG