Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:23

Ўзбекистон - Қирғизистон навбатдаги чегара сўзлашувларини бошлади


26 март куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро ишчи гуруҳи Тошкентда навбатдаги музокарага йиғилди. Икки кун давом этадиган музокара кун тартибини Ўзбекистон томони белгилайди.

Қирғизистон ҳукуматининг чегарани аниқлаш ва чегар ҳудудларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандеровнинг айтишича, расмий Бишкек бу галги музокараларда энг долзарб бўлиб турган чегара муаммоларини ҳал этишни таклиф қилган.

-Кун тартибини Ўзбекистон томони белгилайди. Бу кун тартибига Қирғизистон томони ўз таклифларини киритади. Биз Ўзбекистоннинг Сўх тумани атрофидаги чегарани тиконли симлар билан тўсиш, Кампиробод сув омбори ҳудудидаги чегарани аниқлаш ва Қирғизистоннинг Барак эксклавига йўл очиш масаласини кун тартибига киритишга ҳаракат қиламиз, - деди Қурбанбай Искандеров.

Расмийнинг айтишича, ҳозирча Тошкент мазкур масалаларни кун тартибига киритиши ёки киритмаслиги номаълум. Чегарани аниқлаш бўйича Ўзбекистон комиссияси таклиф қилган музокара кун тартиби жорий йилда қилинадиган ишлар режаси ва ҳуқуқий асосламаларни муҳокама қилишдан иборат.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиянинг олдинги йиғилиши ўтган йил ёзида Фарғонада бўлиб ўтган эди. Ўшанда музокаралар натижаларида 1378 километрли ўзбек-қирғиз чегарасининг 1 минг 58 километри, яъни 70 фоизи аниқлангани эътироф этилган. Ҳозирги пайтда чегаранинг 354 километри аниқланмай қолмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқроқ баҳсли ҳудуд жойлашган.

Айни пайтда Қирғизистон Чегара хизмати Ўзбекистон билан икки давлат чегарасидаги назорат ва ўтказиш бекатларини очиш юзасидан музокаралар олиб бораётгани маълум қилинди. Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитовнинг айтишича, расмий Бишкек Ўзбекистон чегарасидаги айрим ўтказиш пунктларини тўлиқ режимда ишлаши учун очишга тайёр. Ўзбекистон эса қирғиз томони таклиф қилган чегара бекатларини эмас, бошқа бекатларни очиш зарурати борлигини айтмоқда экан.

-Мана шундай қарама-қарши фикрлар бўлгани учун бир қарорга кела олмаяпмиз. Бироқ айрим чегара ўтказиш бекатларини очиш масаласида келишиб олдик. Яқинда ўзбек томони билан яна бир учрашув ўтказамиз ва баъзи масалаларни келишиб оламиз. Шундан сўнг, худо хоҳласа, чегара-ўтказиш пунктлари тўлақонли равишда ишлай бошлайди, -деб билдирди Тўқўн Мамитов.

Бугунги кунда Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасидаги 20 га яқин чегара-ўтказиш пунктларидан фақат биттаси-Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик” чегара бекати очиқ ҳолатда. Ўш ва Жалолобод вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларидаги бошқа чегара бекатлари 2010 йил воқеаларидан сўнг ёпилган эди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегарасидаги ўтказиш пунктлари эса шу йилнинг 5-7 январида юз берган Сўх мажоросидан сўнг ёпиб қўйилган эди.

Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг 60 мингдан кўпроқ аҳолиси бўлган Сўх туманини қамал ҳолатида қолдирган. Орадан бир оз вақт ўтгач сўхликларга Қирғизистон торқали камида юз километр йўл босиб, Ўзбекистонга бориб келиш имконияти яратилган.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов айни пайтда Сўх анклавидан 15 километр узоқликда бўлган Риштон чегара пунктини очиш юзасидан музокаралар олиб борилаётганини ҳам айтиб ўтди.

-Бу масалада чегара хизмати томонидан ҳам, ҳукуматлар томонидан ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Лекин шу кунгача келиша олганимиз йўқ. Билмаган одам, шу биргина чегарани очиб қўйиш ҳам муаммоми, битта буйруқ бўлса бўлди-да, деб ўйлаши мумкин. Лекин битта чегара пунктини очиш учун ҳар икки давлат камида тўртта-бештадан муаммони ҳал қилиши керак бўлади. Шунинг учукн чегараларни очиш масаласи комплексли тарзда ҳал этиладиган муаммодир, -деди Тўқўн Мамитов.
XS
SM
MD
LG