Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Риштонда буз-буз бошланди. Нима, қачон, қандай қурилиши келаси ойда маълум бўлади (Фоторепортаж)


Шу кунда Фарғона вилоят Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига 7 июнгача тақдим этилиши лозим. Лекин туман марказидаги қайта қуриш ишлари ҳозирданоқ бошлаб юборилган.

Озодлик SizdanTelegram даракчилари ёрдамида Риштондан фоторепортаж тайёрлади. Ушбу материал эълон қилиниши арафасида Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати Риштон туманида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот тарқатди.

Ҳокимлик баёнотида Озодликнинг фоторепортажида тилга олинган ҳолатлар: бозор ёнидаги ҳовли-жойлар бозорни кенгайтириш учун, туман марказини кесиб ўтувчи катта йўл бўйидаги уйлар эса, йўлни кенгайтириш учун бузилаётгани ҳамда "Деҳқон бозори" реконструкцияси бошланаётгани тасдиқланди.

​Фарғона вилоят, Риштон туман марказидаги уйлардан бирида яшовчи оила кўчиб кетмоқда. 2019 йил, 23 май.

Кўчиб кетаётган оиланинг уйи Риштон “Деҳқон бозори”нинг шарқида жойлашган тақрибан 1 гектар майдондаги 20 дан ортиқ уйнинг биридир. Озодликка маълум бўлишича, бу уйлар бир неча кундан кейин бузилади. Уйи бузилаётганларга янги уй қуриш учун ер участкаси ажратилган. Бузилаётган уй учун товон пули масаласи ҳали ҳал бўлмагани айтилди.

Экскаватор туман марказидаги собиқ Гастроном биносини бузмоқда. 2019 йил, 23 май.

Бузувчилар бригадаси туман марказидаги эндиликда собиқ Хўжалик моллари дўкони томини очиб ташлади. Навбатдаги иш – деворларни бузиш. 2019 йил, 23 май.

Риштон марказидан ўтувчи бу йўл туман марказини вилоят маркази – Фарғона шаҳри билан боғлайди. Риштондан олинган маълумотга қараганда, бу йўлни кенгайтириш вазифаси қўйилган. 2019 йил, 23 май.

Риштон марказидан ўтувчи йўл четидаги бу уй яқиндагина – президент Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи арафасида сариққа бўялган эди. Йўлни кенгайтириш учун бу уй ҳам бузишга тушган. 2019 йил, 23 май.

Риштон марказидан ўтувчи йўл четида қанча уй бузилиши ёки қанча хонадон эгалари ҳовлисининг кўча томон қисмидан ажраб қолиши тўғрисидаги аниқ маълумот Озодликда йўқ. 2019 йил, 23 май.

Туман “Деҳқон бозори”даги “нотурар-жой объектлари” эгалари ҳам буз-бузни кутмоқда. Улар куни кеча ҳокимликдан Огоҳлантирув хатларини ҳам олди.

Риштон марказида қайта қуриш ишлари президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига 6-7 май кунлари қилган амалий сафаридан кейин жадаллашиб кетди. Озодликка келиб тушган юқоридаги ҳужжатда Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига келаси ойнинг 7 числосигача тақдим этилиши айтилган.

Риштондан фоторепортажни тайёрлашда Озодликка SizdanTelegramнинг Риштондаги даракчилари ёрдам берди.

Фоторепортаж эълон қилиниши арафасида Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида "РИШТОН ТАДБИРКОРЛАРИНИНГ ХАВОТИРИГА ЎРИН ЙЎҚ" деган сарлавҳа билан қуйидаги баёнотни эълон қилди.

"Бугунги кунда Риштон тумани марказида йирик масштабда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Чунки Риштон мамлакатимиз ва чет эллардан туристлар кўп келадиган жой ҳисобланади. Шунинг учун йўлларнинг кенгайиши, автомобиль турар жойларининг қулай бўлиши давр талабидир.

Риштон туманининг собиқ ҳокими Ғ.Мамадалиевнинг 2017 йил, 7 апрелдаги №751-сонли қарори билан деҳқон бозори ҳудудида реконструкция ишларини амалга оширишга киришилган. Шу пайтдан эътиборан тадбиркорлар ва бозор ҳудудидаги аҳолига огоҳлантириш хатлари бериб келинади.

Ҳозирги туман ҳокими Т.Раҳимовнинг бош режага асосан деҳқон бозори қайта қурилиши муносабати билан ҳудудда жойлашган ҳовли жойлар бузилиши ҳамда туман ҳокимлиги заҳира фондига қайтарилиши тўғрисида 2018 йил, 17 февраль кунги №460-сонли қарори билан қабул қилинган.

2019 йил, 22 май куни эса туман ҳокимининг 68-ф фармойиши қабул қилинган бўлиб, фармойиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил, 27 мартдаги “2017-209 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги №2853-сонли қарори ҳамда Риштон тумани деҳқон бозори МЧЖнинг 2019 йил, 21 майдаги 226-сонли алоқа хатига асосан қабул қилинган.

Фуқаролар иддао қилганидек, огоҳлантириш бир кун олдин эмас, бир йил олдин тарқатилган. 21 май куни эса қайта огоҳлантириш берилган.

Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, аввалдан реконструкция қилиниши керак бўлган деҳқон бозоридаги дўконларни бузиш учун компенсация маблағлари ҳал бўлмаганлиги учун бузиш ишлари тўхтатиб қўйилган эди.

Эндиликда компенсация тўлаш имконияти пайдо бўлганлиги учун бу ишлар қайтадан бошланган. Бозор ҳудуди 21 та бузиладиган ҳовлилар ҳисобига кенгайиши айтилди.

Мутахассислар ҳозирги кунда режа устида муҳокама ишларини олиб бормоқдалар. Ҳозирги кунда бозор ҳудудида ёнғин хавфсизлиги учун шароит йўқ, бетартиб қурилган дўконлар йўлларни тўсиб қўйган. Шунингдек, бозор ташқарисида автомашиналар тўхташ жойи йўқ бўлиб, автомобиллар катта йўл ёқасида тўхтамоқда.

Содиқжон Ҳайдаров сўзларига кўра, нафақат туман марказида ободонлаштириш ишлари олиб борилади, балки чора-тадбирлар режасида аҳоли ҳаётини фаровонлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Унга кўра туман аҳолисини қийнаб келаётган тоза ичимлик суви ва оқова тармоқларини қайта қуриш ва янгилаш ишларига 8,6 млрд сўм, электр таъминотини яхшилаш учун 7,1 млрд сўм, табиий газ тармоқларини янгилаш учун 5,2 млрд сўм, автомобиль йўлларини таъмирлаш учун 11 млрд сўм маҳаллий бюджетдан сарфланади. Бундан ташқари, кўпқаватли уйларнинг том қисми ва фасадини таъмирлаш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Туман ҳокими билан суҳбатлашганимизда “Компенсация тўлови тўланиб, тадбиркорларнинг зарари қоплаб берилмагунча дўконлар бузилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас” деди раҳбар.

Ҳозирда туман марказида йўлни кенгайтириш туфайли айрим аҳоли уйлари ҳам бузилмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан ушбу хонадон эгаларининг зарарлари қоплаб берилмоқда, имкон даражасида қурилиш материалларидан ҳам ёрдам қилиш режалаштирилган.

Ушбу ҳолат ўрганилганидан сўнг фуқароларимизнинг хавотирлари ўринсиз эканлигини билдирамиз. Айни дамда туман ҳокимлиги томонидан бозор тадбиркорлари орасида тушунмовчиликларга барҳам бериб, улар билан суҳбатлашиш жараёнлари олиб борилмоқда".

XS
SM
MD
LG