Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Риштонлик кулолларнинг 200 дан ортиқ цехи газ йўқлиги ëки қимматлигидан ишламай турибди


Риштонлик кулоллар сопол ва чинни идишлари билан танилган.
Риштонлик кулоллар сопол ва чинни идишлари билан танилган.

Фарғона вилоят, Риштон туманидаги 225 та кулолчилик цехидан тақрибан 10 тасигина ишламоқда. Кулолларнинг айтишича, ишнинг тўхтаб қолганига газнинг йўқлиги ва қимматлиги сабабдир.

Риштон туманидаги “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари вазиятни мавсумий кўриниш сифатида баҳолади.

Риштон туман ҳокимлиги мулозимининг билдиришича, цехларни газ билан таъминлашни яхшилаш мақсадида тегишли идораларга хатлар ёзилган.

Ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси Риштон тумани аҳолисининг бандлигини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилган эди.

Риштондаги кулолчилик цехлари газ йўқлиги ёки қимматлигидан деярли ёппасига ишламай турибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:48 0:00
Бевосита линк

Ишсиз қолган 5000

Сопол ва чинни идишлари билан танилган Риштонда 225 та кулолчилик цехи мавжуд. Ҳар бир цехнинг идиш пишириладиган ўртача 2 тадан, жами 450 та хумдони бор. Ҳар бир цехда 5 дан 10 нафаргача ишчи ишлайди. Аниқроғи, ишлар эди. Чунки шу кунда 10 танинг атрофидагина цех ишлаб турибди.

Бу маълумотларни Озодлик 18 январь куни Риштондаги “Ҳунарманд” уюшмасидан сўраб билди.

Куни кеча риштонлик блогер Дима Қаюм Фейсбукдаги саҳифасида кулолларнинг илтимоси билан уларнинг муаммолари тўғрисида видеопост эълон қилди.

Видеопостига илова қилган матнида Дима Қаюм, жумладан, бундай деган:

“Риштон саноат зонаси тахминан 10 йиллар аввал қурилган. 33 гектарли ерда маҳаллий тадбиркор кулоллар ўз маҳсулотлотларини ишлаб чиқаради.

Биласизлар, Риштон кулолчилиги бутун дунёга машҳур!
Маҳсулотлар бутун дунёга экспорт бўлади. Миллий кулолчилигимизни давом эттираётган кулолларнинг муаммоси, доимгидай, - газ!

Мана неча йилдирки, қиш фасли бошланмай, аҳолига бериш важи билан цехлар газдан узилади. 200 дан ошиқ тадбиркор ва шу тадбиркор қўлида ишлаётган 5000 дан ошиқ риштонликлар то апрель-май ойигача газ берилмагани сабабли ишсиз қолади”.

Ҳокимлик вакили: Газ таъминотини яхшилаш учун хатлар ёзилди

Риштон туман ҳокимлигининг ўзини Баҳодир Қамбаров деб таништирган мулозими вилоятга яқинда газ берилганини, бироқ ёнилғи, асосан, аҳолига берилаётганини айтди.

Мулозимнинг айтишича, у кулолларнинг цехлари жойлашган саноат зонасига бошқа мутахассислар билан ўтган ҳафтада бориб келган. “Ўшанда газ бор эди, лекин босими паст эди”, - деди Қамбаров.

Ҳокимлик вакилининг айтишича, кулолларни газ билан таъминлаш масаласида “вилоят ҳокимлигига хат билан чиқилган, вилоят газ таъминоти идораси билан эса, янги шартнома тузилади”.

2018 нинг декабри бошидан бутун Ўзбекистон бўйлаб ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган идора ва ташкилотларни табиий газдан узиш жараёни бошлангани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

"Ҳунарманд" раҳбари: Цехларнинг тўхтаб туриши мавсумий кўриниш

Риштондаги “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Жамолиддин аканинг (фамилиясини айтмади) айтишича, мавжуд 225 та цехдан тақрибан 8 – 10 тасигина шу кунда ишлаб турибди. Уюшма раҳбарининг айтишича, цех эгалари ва уларнинг ишчилари ишсиз қолганига газ йўқлиги сабаб эмас, бу мавсум билан боғлиқ танаффусдир:

“Қишда ишлаб чиқариш жараёни ҳароратнинг совуқлиги ва намлиги туфайли чўзилиб кетади, шунинг учун кулоллар қишда ишламайди”.

“Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Жамолиддин ака "кулоллар газ йўқлигидан шикоят қилаяпти", деган репликамизга жавобан:

“Менга айтинг ўша одамнинг исмини, мен эртагаёқ газини ёндириб бераман”, - деди.

Кулол: газ қиммат, фойда қолмаяпти

Ўзини “риштонлик кулоллардан бири Бунёд Ҳайдаров”, деб таништирган йигит Озодлик билан 18 январь кунги суҳбатда газ таъминоти яхши эмаслиги ва қимматлиги учун цехини ташлаб Россияда ишлаётганини айтди:

“Цехим бор. Ҳозир ҳам турибди. Хумдонларни бузиб, вагон қилганман. Вагонга ҳам кўпроқ идиш сиғади, ҳам газ тежалади. Бу йил ҳам, ўтган йили ҳам ишлаганимиз йўқ. Чунки қопламаяпти. Ишчиларга ҳақ тўлаяпмиз, газга тўлаяпмиз, шу билан ўзимизга ҳеч нарса қолмаяпти”.

Кулол Бунёд Ҳайдаровнинг шикоят қилишича, газ идоралари “тарифдан ташқари ўзларининг “потеря”ларини ҳам (газ транспортировкаси жараёнида йўқотиладиган миқдор) қўшиб олади”.

Блогер Дима Қаюм ўз постида кулолларнинг газ қимматлигидан шикоят қилганини ёзди:

“Кулоллар 1000 кубметр газга, тахминан 120-150 доллар ҳақ беришаётганини айтди, лекин қиш фаслида идишларини қуритиш муаммо бўлиб (газ ёқиб қуритиш керак) янада қимматлашади”.

Маҳаллий истеъмолчининг қўшнидан фарқи йўқми?

Озодлик билан 18 январь кунги суҳбатлар давомида риштонлик кулоллар маҳаллий истеъмолчи учун белгиланган газ нархини Тожикистонга сотилаётган газ нархига қиёсладилар.

Озодлик 2018 йилнинг ёзида “Тожиктрансгаз” ширкати маълумотига таяниб, Ўзбекистон Тожикистонга сотадиган газнинг 1 минг кубометри учун 120 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилагани тўғрисида хабар қилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 1 ноябрдаги қарорига мувофиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам минг куб метр газ учун $120, ҳатто ундан бироз кўпроқ ҳам тўлаши лозим.

Куни кеча Ўзбекистон Тожикистон аҳолисига ҳам газ етказиб беришни бошлади. Айни пайтда, ўзбекистонликлар газ учун тожикистонликларга қараганда бир неча баробар озроқ пул тўлашини Озодлик хабаридаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўйган нархларга қиёслаб билиш мумкин.

Ҳукумат Риштондаги кулолчилик цехларида яна 96 та иш ўрни яратмоқчи эди...

2018 йилнинг 6 июлида Вазирлар Маҳкамаси Риштон тумани аҳолисининг бандлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, фуқароларни, айниқса аёллар ва ёшларни ишга жойлаштириш мақсадида қарор қабул қилган эди.

Ҳукумат қарорида тегишли идоралар олдига туманда кулолчиликни ривожлантириш вазифаси ҳам қўйилган:

“Риштон керамикаси” бренди жадаллаштирилишини, туман туристик йўналишларга киритилишини, меҳмон туризми ташкил этилишини ва ҳар йилги “Риштон сеҳри” фестивали ўтказилишини, ҳунармандчилик ва керамика маҳсулотлари экспорти кенгайтирилишини, ҳунармандлар комплекси қурилишини назарда тутувчи Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳунармандчилик маркази ташкил этиш тўғрисидаги таклифни тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин”.

Ҳукумат қарори билан 2018 йили туманда 993 та, шу жумладан, чинни ва сопол маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташкил қилиш ҳисобига 96 та иш ўрни яратиш назарда тутилган.

Айни пайтда, газ таъминотининг ёмонлиги ва кулолларнинг шикоятича, газнинг қимматлиги оқибатида, мавжуд 200 дан ортиқ цех тўхтаб турибди, уларда ишлаган бир неча минг ишчи ишсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG