Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:31

Швеция ПЕН-клуби Рашидовга бағишланган фестиваль ўтказилишига қарши чиқди


Лондондаги Silk Road Media нашриёти раҳбари Марат Аҳмeджонов.
Лондондаги Silk Road Media нашриёти раҳбари Марат Аҳмeджонов.

Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида 17-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган VI Евроосиё адабиёти фестивалида маҳаллий касаба уюшмаларидан бирига тегишли кичикроқ залда ўзбек адиби Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” китоби тақдим қилинди.

Фестиваль ташкилотчиси¸ ношир¸ маркази Лондонда жойлашган Евроосиё ижодий гильдияси раиси Марат Аҳмеджоновнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Шароф Рашидовга бағишланган тадбирнинг Нобель музейи ëки Ëзувчилар уюшмасида ўтказилишига Швециядаги бор неча ташкилот¸ шу жумладан Швеция ПЕН-клуби жиддий қаршилик қилган:

- Ëзувчи Шароф Рашидов туғилган куннинг 100 йиллигига бағишланган VI Евроосиё адабиёти фестивалининг Стокгольмда ўтказилишини Швеция ПЕН-клуби танқид остига олди. ПЕН-клуб Рашидовни “совет мулозимb деб ҳисоблагани боис, ëзувчи дея улуғланиши мақсадга мувофиқ эмас, дейишди. Оқибатда тадбирни Стокгольмда ўтказиш масаласи мураккаблашди. Нобель музейи ҳам ¸ Ëзувчилар уюшмаси ҳам ўз биносида бундай тадбирга изн бермаслигини айтишди. Чеккароқдаги камтар бир бинонинг кичикроқ хонасини ижарага олиб, адабиёт фестивалини ўтказдик¸ дейди Марат Ахмеджонов

Унинг айтишича, Швеция ПЕН-клуби вакиллари Рашидовни мустабид деб атаган:

- Эътирозлар кўп бўлди. Бизни ҳукумат (расмий Тошкент - таҳр) кўз қарашини тарғиб қилишда айблашди. Рашидовни Марказий Осиëдаги диктатура тамсилчиси ҳам дейишди. Асосий муаммо Шароф Рашидовнинг Совет партия функционери ўлароқ тарихда қора доғ қолдирганига оид, менимча, асоссиз эътирозлар бўлди. Охирги дақиқада пен-клуб номидан келган эътирозни ўқиб берай: “Фестиваль Совет диктатори Шароф Рашидовга бағишланганини эътиборга олган ҳолда Швеция ПЕН-клуби бу тадбирда иштирок эта олмайди”, дейилади эътироз мактубида.

Айни пайтда лондонлик ношир, Silk Road Media нашриёти раҳбари Марат Ахмеджонов Шароф Рашидовни буюк давлат арбоби ва у ëзган “Кашмир қўшиғи" китобини эътиборга лойиқ адабиëт асари деб билишини таъкидлайди:

- Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” китобини инглиз тилига таниқли таржимон ва мухолифатчи Алексей Улько таржима қилди. Китобни таниқли қозоқ рассоми Айгул Хакимжанова безади. Китоб мухаррири Робин Томсон. Китоб муаллифнинг юз йиллиги боис нашр қилинди. Бу асар Кашмир халқининг Хиндистондан мустақил бўлиш каби эзгу курашига бағишланган. Китоб учун ҳеч бир давлатдан ҳусусан Ўзбекистондан маблағ олинмади¸ дейди ношир.

Швеция пен-клуби Шароф Рашидовга бағишланган адабиëт фестивали ўтказилишига қарши чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:38 0:00

Тошкентлик мунаққид ва блоггер Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда Швеция ПЕН-клубининг Рашидовни танқид қилганлигини тўғри деб ҳисоблайди:

- Стокгольмда тақдим қилинаëтган китоб Кашмир халқининг мустақиллик ҳаракатини улуғлайди. Муаллифга тасанно. Лекин ўзга халқнинг мустақиллик курашига китоб бағишлаган Рашидов ўз халқининг мустақиллик учун курашган қахрамонларини душман деб билган. Бугун мустақил Ўзбекистонда улуғланаëтган Шароф Рашидовнинг “Ғолиблар” романида мустақиллик учун курашганлар салбий образ сифатида¸ мамлакатни улкан пахта плантациясига айлантирган совет мулозимлари эса, ижобий сиймо сифатида гавдалантирилган. Бундан ташқари Рашидов ўз асарлари ва чиқишларида Қодирий¸ Беҳбудий¸ Чўлпон ва Фитрат каби жадид адабиëти вакилларини қоралаб гапирган, деди блоггер.

У Ўзкомпартия биринчи котиби Шароф Рашидовнинг 1962 йилнинг 25 январида Ўзбекистон зиёлиларининг 3- қурултойида айтган гапларидан иқтибос келтирди:

“Баъзи кишилар шахсга қарши кураш билан бирга жадидчилик ва унинг ғоясини ҳам ҳимоя қилмоқни истайдилар. Биз бунга хайрихоҳлик кўрсата олмаймиз ва йўл ҳам қўймаймиз. Шахсга сиғиниш вақтида баъзи бир жадидчилар ва буларга яқин бўлган ўқитувчилар, ёзувчилар ва журналистлар тазйиқ остида қолдирилган эди. Кейинги вақтларда булар оқланди. Лекин тескаричи ва аксилинқилобчи бўлган жадидчилик оқланмади. Пан-Исломчилик ва Пан-Туркчилик жадидчиликнинг асосий ғояси эди. Совет ҳокимиятига қарши курашган босмачилик ҳаракати мана шу жадидчилар, пан-исломчилар ва пан-туркчилар тарафидан муҳофаза этилган эди. Кимки жадидчиликни ҳимоя этиш ҳаракатида бўлса, у душманни ҳимоя этади”, дея таъкидланган матн "Правда Востока" газетасининг 1962 йил 26 феврал сонида эълон қилинган¸ деб эслади Ризаев.

Лондондаги Silk Road Media нашриёти эса, қатағон қурбонлари бўлган жадид адиблар асарларини чоп қилиб обрў қозонган. Шу маънода нашриëт “жадид душмани ва Кремль ошиғи” Рашидовни улуғлаб, ўз қадриятларига қарши чиқмадими?

Бу саволга жавоб бераркан, ношир Марат Аҳмеджонов “Мавзу доирасини “Кашмир қўшиғи” китоби билан чегараламоқчи бўлганини айтди:

- Мен Шароф Рашидовни партия функционери сифатида тарғиб қилмаяпман. Мен Рашидовнинг эҳтимолий хатою қилмишларини оқламоқчи ҳам эмасман. Унинг Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби бўлгани мамлакат учун салбий оқибат касб қилганини ҳам инкор қилмайман. Мен Жиззахда туғилиб ўсган ва бундан фахрланган бир ўғил сифатида ҳамюртларим уни севгани ва ҳурмат қилганини эслайман. Биз тақдим қилган китоб - “Кашмир қўшиғи” унинг бошқа китобларидан фарқ қилади. Китобнинг инглиз тилидаги таржимаси ўнлаб ижобий тақризлар олди. Дарвоқе, шундай тақризлардан бири Ҳамид Исмоиловга оид. Балким сиз айтган “Ғолиблар” ëки бошқа китобида мафкурага боғлиқ заифлик бўлса бордир, баҳслашмайман. Лекин “Кашмир қўшиғи ”бадиий асар сифатида севилишга лойиқ¸ деди Марат Аҳмеджонов.

Лондондаги Silk Road Media нашриёти раҳбари Марат Аҳмeджонов асли ўзбекистонлик. 41 яшар Аҳмеджонов ўз нашриётига 2002 йилда асос солган. Ношир, асосан, марказий осиёлик адиблар асарларини нашр қилиш билан машғул.

XS
SM
MD
LG