Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:25

Мирзиёевнинг Рашидов юбилейига ташрифи учун жиззахликлар уйларига “қамалди”


Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали ҳам 6 ноябрь куни очилди.
Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали ҳам 6 ноябрь куни очилди.

6 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи тадбирларида иштирок этиш учун Жиззахга келиши муносабати билан Каримов давридаги каби кучайтирилган хавфсизлик чоралари қўлланилди. Шаҳарликларга уйларидан чиқмаслик, эшик-дарвозаларни ёпиқ сақлаш ва деразадан кўчага қарамаслик буюрилди. Шу куни шаҳардаги бозор ва дўконлар ёпиб қўйилди. Шаҳар идораларидаги ходимларга ҳам офисдан чиқмаслик буюрилди.

Рашидов юбилейи

Жиззахликлар етти ой тайёргарлик кўрган Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейининг асосий тадбирлари 6 ноябрь куни ўтказилди. Эрталаб Жиззахга етиб борган президент Мирзиёев Рашидов ҳайкалининг очилиш маросимида қатнашди. Жиззах вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, тадбирда Тошкентдан келган Сенат аъзолари, парламент депутатлари, ҳукумат вакиллари ва вилоятлардан келган мулозимлар ҳамда хорижлик меҳмонлар иштирок этган.

ЎзА хабарига кўра, Шароф Рашидов ҳайкалини Шавкат Мирзиёев ва Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова очган.

​Шу куни Мирзиёев Рашидов юбилейи муносабати билан қайта қуриб битказилган музейга ҳам бориб кўрди. Куннинг иккинчи ярмида Жиззах вилояти мусиқали драма театрида Рашидов юбилейига бағишланган хотира кечаси ва концерт дастури бўлиб ўтди.

Уйига “қамалган” жиззахликлар

Шу куни эрталабдан Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласидаги Шароф Рашидов туғилган ва ҳозирда унинг номи билан аталадиган кўчада яшовчилар уйларидан чиқмаслик борасида огоҳлантирилди. Бу ҳақда ушбу кўчада яшовчи йигит Озодликка маълум қилди.

“Эрталабдан икки киши уйимизга келди. Иккаласи ҳам ҳарбий кийимда, лекин ёнида қуроли йўқ эди. Улар “Бугун кўчага умуман чиқманглар, эшик ва дарвозаларни очиқ қолдирманглар, ҳаммаси ёпиқ турсин. Деразаларни ёпиб қўйинглар ва деразадан кўча томонга умуман қараманглар” дейишди. Ҳозир дарвозаларимиз қулфланган ҳолда. Кўчада милиция ходимларидан бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳамма уйида ўтирибди”, деди жиззахлик йигит.

Ишчилар ҳам офисига “қамалди”

Жиззахдаги банклардан бирида ишловчи йигитнинг айтишича, 6 ноябрь куни банк ходимларига ҳам кўчага чиқмаслик буюрилган:

“Кеча мажлис қилиб, обедларингизни уйдан олиб келинглар. Ҳеч ким офисдан ташқарига чиқмасин, дейишди. Биргина бизнинг банкка эмас, шаҳардаги барча идораларга бугун ҳатто обед қилиш учун ҳам офисдан чиқмаслик айтилган. Ҳамма ишчилар офисдан чиқмасдан ўтирибди”, деди 6 ноябрь соат 13:30ларда Озодлик билан суҳбатлашган банк ходими.

Бозор, дўкон, чойхоналар ёпилди

Шу куни Жиззахда бозор, чойхона ва дўконларнинг ҳаммаси ёпиб қўйилди. Бу ҳақда Озодликка жиззахлик бошқа бир манба маълум қилди:

“Мен зарур ишим боис шаҳарга келгандим. Катта деҳқон бозори ёпиб қўйилган. Бозорда ҳеч ким йўқ. Марказдаги бирорта ҳам дўкон ишламаяпти. Ҳатто овқатланиш учун бирор жой ишламаяпти. Чойхоналар ҳам ёпиқ”, деди жиззахлик манба.

Йўлларга шлагбаум қўйилди

Жиззахлик маҳалласида яшовчи бир қариянинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, маҳалладан чиқиш йўлларининг барчаси ёпиб қўйилган:

“Мен бугун тишим оғриётгани учун яширинча шаҳар поликлиникасига бориб келдим. Асосий кўчаларимизнинг барчаси тўсиб қўйилган, мен айланма йўллар билан бориб келдим. Айрим кўчаларга шлагбаум қўйишган. Баъзиларида катта юк машинаси турибди. Бошқаларида темир панжаралар турганини кўрдим. Кўчанинг тўсилган жойида пост қилишган, у ерда милиция ходимлари ва СНБ формасидаги одамлар турибди. Шаҳарда автобуслар ҳам ишламаяпти. Пиёда бориб, келдим. Энг ёмони, поликлиникага борсам, свет йўқ экан, шунинг учун ишламас экан. “Светни ўчириб, тежаб, Рашидов юбилейи тадбирларига ишлатишаяпти” дейишди. Уйда ҳам эрталаб свет йўқ эди, лекин ҳозир бор”, деди “Жиззахлик” маҳалласида яшовчи қария.

Юбилейга тайёргарлик

Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи олдидан жиззахликлар уйларининг шиферларини тунукага алмаштириб, уни қизилга бўяшга мажбурланди. Бельгиядан келтириб, кўчаларга ўтқазилган гул ва дарахтлар қурий бошлагач, кўчатларнинг ҳар бирига биттадан одам бириктирилди.

Президент Мирзиёев жорий йил 27 мартда Ўзбекистонда давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг юз йиллиги нишонлаш борасидаги қарорни имзолаган эди. Ушбу қарордан сўнг Ўзбекистон Сенати Жиззах вилояти Жиззах туманини Шароф Рашидов туманига айлантириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган эди.

Шароф Рашидов
Шароф Рашидов

1917 йилда туғилган Шароф Рашидов 1959-1983 йилларда, яъни 24 йил давомида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимида ишлаб, республикани бошқарган. У 1983 йилда вафот этган.

XS
SM
MD
LG