Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Қурғоқчилик: Сурхондарёда сув устидаги жанжал судга оширилди (ВИДЕО)


Навшаҳарда 18 июль куни сув устидан чиққан жанжал ИИБ ходимлари аралашуви билан бостирилди.
Навшаҳарда 18 июль куни сув устидан чиққан жанжал ИИБ ходимлари аралашуви билан бостирилди.

Сурхондарë вилоят, Ангор туман, Навшаҳар қишлоғидаги 2 июль кунги томорқа эгалари билан кластер ишчилари ўртасида келиб чиққан сув жанжалига оид иш 14 июлда судга оширилди.

18 июлда эса қишлоқда сув устида чиққан янги жанжал ИИБ аралашуви сабаб бостирилди.

Сувга оид жанжаллар мамлакатнинг деярли барча жойида кузатилмоқда. Деҳқонларнинг сув талашиб, бир -бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам қайд қилинди.

Сув хўжалиги вазирлиги мулозими мамлакатдаги сув тақчиллиги билан боғлиқ вазият махсус комиссия назоратида экани, ҳозирча ваҳимага асос йўқлигини таъкидлади.

Судга ошган сув жанжали

Ангорнинг Навшаҳар қишлоғида сув устида келиб чиққан жанжал жабрланувчиларидан бири 33 яшар Эркин Гаппаровга кўра, ИИБ ишни судга оширган.

- Сув устида деҳқонлар билан кластер ишчилари ўртасида жанжал келиб чиққан эди. Ўша кунги воқеа деҳқонларга сув бермаслик учун атайлабдан уюштирилган. Шахсан ўзимни ўша кунги жанжалда ҳақорат қилишди. ИИБга бориб кўрсатма бериб келгандик, куни кеча иш судга оширилди,- деди Эркин Гаппаров.

“Ангор Сурхон ғурури” ҳудудий кластер раҳбари Азамат Шапаатов ишчилари билан деҳқонлар ўртасида сув устида жанжал келиб чиққанини тасдиқлади, бироқ тафсилотлардан бехабарлигини айтди.

Ангор туман ИИБдан олинган маълумотга кўра, Навшаҳар қишлоғидаги сув жанжалида айбланган икки киши иши Музработ туман судига оширилган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқубузарликни (“Майда безорилик”) содир этганлик айби қўйилмоқда.

Навшаҳарда яна сув жанжали

18 июль куни эса Навшаҳар қишлоғида сув устида яна жанжал келиб чиқди. Озодликка воқеа жойидан йўлланган видеода ариқ бўйида йигирмага яқин одам тўплангани ва уларнинг бир-бирига бақириб-чақираётгани акс этган.

Ангордаги сув жанжали
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00

Воқеа гувоҳларига кўра, ИИБ ва маҳалла йиғини раҳбарлари аралашгач, жанжал бостирилган.

“Сув устида одамлар деярли ҳар куни урушяпти. Ота ўғил билан жанжаллашмоқда. Қўшнилар, қариндошлар ўртасида сув сабаб келишмовчиликлар келиб чиқяпти. Кечаги жанжал ҳам қўшнилар ўртасида келиб чиқди. Одамлар томорқасига қилган харажатига куйиб қолаётганига жаҳли чиқяпти”, - дейди воқеа гувоҳи.

Ушбу қишлоқдаги камида 60 та кам таъминланган оила Шавкат Мирзиëевнинг ваъдасига ишониб, томорқа олган. Қишлоқ аҳли ҳисоб-китобича, деҳқонлар 250 мингдан 400 минг сўмгача ҳаражат қилиб, такрорий экин эккан.

Сурхонда сув жанжали - камбағалларга берилган экин ерлари сувсизликда қовжираб қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:22 0:00

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сув талашган деҳқон ва фермерлар бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат Озодликка маълум.

Мирзиёевнинг “томорқа сиёсати” иш бермади

Кузатувчилар камбағалларга томорқа бериш амалиётини яқинлашиб келаётган президент сайлови билан боғламоқда. Кейинги икки ойда камбағалларни қўллаш мақсадида иккита ҳукумат қарори қабул қилинди.

Фермерларнинг ерини камбағалларга томорқага бериш амалиёти Мирзиёевнинг жорий йил 8 июндаги Фармонига мувофиқ амалга оширилди.

Президент 17 июнь куни Андижон вилоятига сафари чоғида ҳам “Темир дафтар”дагиларга томорқа бериш масаласига тўхталиб, томорқани камбағалларга 10 йил муддатга бериш тартиби йўлга қўйилишини таъкидлади:

“Ғалладан бўшаган ерларни кам таъминланган одамларга, керак бўлса ўзимиз экиб берамиз, ўзимиз қаратиб берамиз, биринчи босқичда, ўзимиз махсулотни ҳам сотиб оламиз. Ўзини умиди бўлса келгуси йил ўзи қилади. Ўн йилга берамиз”.

Режага кўра, жорий йилдан бошлаб, ғалладан бўшаган қарийб 100 минг гектар ер майдонларини ишсиз аҳолига деҳқончилик учун бериш орқали ярим миллион кишини иш билан таъминлаш кўзланган.

Июнь ойининг ўртасидан бошлаб мамлакат бўйлаб фермернинг буғдойдан бўшаган ерларини “Темир дафтар”га киритилганларга 20 сотихдан томорқага бўлиб бериш бошланди.

Бироқ кузатувчиларга кўра, Мирзиёевнинг ушбу тадбири иш бермаган.

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, томорқа олганларнинг атиги 30 фоизи ерига бирор экин эккан. Бошқалари ерни фермернинг ўзига пуллаб, қайтариб берган.

Томорқасига охирги пулига ҳаражат қилиб, экин экканлар ҳам сув муаммоси сабаб иложсиз қолмоқда.

"Сув йўқлигидан экинларим қуриб қолди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00

“Вазирлар истеъфосини талаб қиламиз”

Томорқасига макка эккан ва шу пайтгача экинларини фақат бир марта суғорганини айтган Эркин Гаппаров ҳукуматни сув муаммосини ҳал қилишга бепарво бўлаётганликда айблайди:

- Ўзи ишига маъсулиятсизлик қилаётган Қишлоқ хўжалиги вазири ва Сув хўжалиги вазири истефога чиқишини талаб қиламиз.

Сув хўжалиги вазирлигининг 19 июль куни Озодлик боғланган мулозими сув муаммоси билан боғлиқ вазият вазирлик назоратида эканини айтиб, ваҳимага асос йўқлигини таъкидлади.

Мулозимга кўра, сув масаласида махсус комиссия тузилиб, жойлардаги аҳвол мунтазам кузатиб борилмоқда.

Ҳукумат жорий йил 24 февраль куни Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселекторда бу йил сув 25 фоизга кам бўлишини эълон қилган ва бунга қарши чоралар кўришга ваъда қилган.

Ҳозирча кўрилаётган чоралар сув тақсимлаш бўйича лимит ўрнатиш ва график асосида сув беришдан иборат экани кузатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларга кўра, ҳукуматнинг бу чораси фақат кластерлар фойдасига бўляпти, оддий аҳоли фақат кластердан сув ортсагина томорқасини суғора оляпти холос.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG