Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

OzodDayjest: Қурғоқчилик ва яйловлар ўзлаштирилиши ўзбек чорвачилигига хавф солмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Мутахассис гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг кескин ошишидан огоҳлантирди. Буюк Британия ўтган 12 йил ичида 12 нафар ўзбекистонликка “олтин виза” бергани очиқланди. Элдор Шомуродов “бунёдкор”чиларни 1,5 ой давомида боққани маълум бўлди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистон чорвачилиги хавф остида: яйловсиз қолган аҳоли чорвасини сотишга мажбур бўлмоқда

Доимий қурғоқчилик ва яйловларнинг кескин ўзлаштириб борилиши оқибатида бугун Ўзбекистон чорвачилиги жиддий хавф остида қолмоқда (www.kun.uz, 14 июль). Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Насриддин Халилов билан суҳбатда таъкидланган.

Мамлакатдаги 94-95 фоиз чорвани етиштириб берувчи аҳоли вакилларининг кўпчилигида чорва боқишга жой, едириш учун озуқа йўқ. Шу сабабли одамлар чорвасини бозорда икки-уч баробар арзон нархда, асосан, қассобларга сотишга мажбур бўлмоқда.

“Бугунги кунда Ўзбекистоннинг яйлов-чўл минтақасида 23 млн қўй-эчки боқиляпти. Майдонимиз эса 21 млн гектарга етади. Бунда Қизилқум, Қарноқчўл, Қорақум каби жуда катта массивларни назарда тутяпман. Мана шу майдонларнинг маҳсулдорлиги пасайиши охирги йилларда жуда кучайиб кетди. Бунга сабаб эса яйловлар деградацияга учради. Қўполроқ қилиб айтганда, таназзулга учрай бошлади”, деган профессор Н. Халилов.

Аҳвол шу даражада давом этиб, шошилинч чоралар кўрилмас экан, мамлакатни жуда оғир оқибатлар: чорва сонининг камайиб кетиши, гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг кескин ошиши кутади.

Мутахассис озуқавий қиймати юқори ва ҳосилбоп ўсимлик уруғларини кўпайтириш, яйлов ҳосилдорлигини оширишни тавсия қилган.

Н. Халиловга кўра, яйлов ерлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илмий ишлар ғариб ҳолга келиб қолган ва давлат томонидан шу йўналишда тадқиқот олиб борадиган олимлар учун грантлар ажратилиши керак.

Буюк Британиянинг “олтин визаси”ни олган 12 нафар ўзбекистонлик ким?

Буюк Британия 2008-2020 йилларда 12 нафар ўзбекистонликка “олтин виза” берган, дейилган коррупцияга қарши курашиш ташкилоти Spotlight On Corruption ҳисоботида (www.gazeta.uz, 14 июль).

Ташкилот ҳисоботни “Ноқонуний пуллар учун қизил гилам” дея номлаган. Инглиз ҳукумати Ўзбекистондан айнан кимларга виза бергани ҳақида маълумот йўқ.

Мазкур виза инвесторларга сармоя эвазига мамлакатда резидент мақомини олиш имкониятини беради. Бир неча йилдан сўнг инвестор фуқароликни олишга даъвогар бўлиши мумкин. “Олтин виза” нархи тахминан 2 миллион фунт стерлингни ташкил қилади.

Ҳисоботга кўра, сўнгги 12 йил ичида “олтин виза”нинг катта қисми коррупция хавфи юқори бўлган мамлакатлар – Хитой (4106), Россия (2526), Ҳонконг (692), АҚШ (685), Покистон (283), Қозоғистон (278), Ҳиндистон (254) фуқаролари олган.

Ҳисоботда 2008 йилдан 2015 йилгача бўлган давр “кўр-кўрона ишонч” даври деб номланган бўлиб, унда “олтин виза”га даъвогарларнинг бойлиги текширувдан ўтказилмаган. Ушбу даврда берилган барча визалар Ички ишлар вазирлиги томонидан миллий хавфсизликка таҳдид мавжудлиги бўйича текширилмоқда.

Spotlight On Corruption ушбу механизм Буюк Британия учун миллий хавфсизлик, коррупция ва пул ювишнинг тарқалиши бўйича хавф туғдиради, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда “олтин виза” Буюк Британияга иқтисодий фойда келтириши айтилган. 2008 йилдан буён мазкур режим 6,5 млрд фунт стерлинг инвестиция жалб қилган.

Элдор Шомуродов Россияда қолиб кетган “Бунёдкор” ёшларини 1,5 ой давомида боқди

Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда “Женоа” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2020 йил пандемия даврида хайрли ишга қўл ургани маълум бўлди (www.qalampir.uz, 12 июль). Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоаси ва “Бунёдкор” фан-клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов cўзлаб берган.

“Бунёдкор” болалар жамоаси Россиянинг Краснодар шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этаётган вақтда коронавирус сабаб карантин чоралари кучайтирилган ва жамоа ўша ерда қолиб кетган. 30 кишидан иборат жамоанинг захираси меҳмонхонада ўн кун истиқомат қилишга етган, кейинчалик уларда ресурс қолмаган. Бундан хабар топган Шомуродов Ростовдан Краснодарга бориб, меҳмонхона ва бошқа харажатларни қоплаб берган. Шундан кейин у делегацияни Ростовга олиб кетган ва 1-1,5 ой давомида уларни таъминлаб турган.

“Шомуродов 30 кишидан иборат жамоани 1,5 ой давомида боқди. Бу ҳақда у на YouTube, на Instagram ва на бошқа жойда гапирди. Унинг ишлари улкан ҳурматга лойиқ. Шундан кейин у йигитларни Ростовдан Москвагача кузатиб қўйди ва самолётга чиққунгача бўлган харажатларни барчасини қоплаб берди”, деган Абдураҳмон Фозилов.

Вазият бироз юмшагач, Ўзбекистон ФВВ махсус рейс орқали “Бунёдкор” ёшларини ортга қайтарган.

“Элдор Шомуродовнинг Россияда карантинда қолиб кетган ёшларга бир ватандош сифатида қайғуриб, уларга ёрдам қўлини чўзгани ва “ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” қабилида иш тутиб, буни ҳеч қаерда овоза қилмагани таҳсинга лойиқ… Шундай ватандошларинг борлигидан хурсанд бўласан одам. Лекин менда бир савол туғилдики, болалар шундай шароитда қолиб кетганида ЎФА ёки “Бунёдкор” клуби нима қилган? Битта футболчи 1,5 ой укаларини боқса, у шаҳардан бу шаҳарга олиб бориб қўйса, наҳотки асосий ташкилотчилар қўл қовуштириб ўтирган бўлса?” дея мутасаддиларни саволга тутган Телеграмдаги Platforma.uz канали.

XS
SM
MD
LG