Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Қурғоқчилик қурбонлари: Деҳқонлар сув талашиб бир-бирининг жонига қасд қилмоқда


Сувсизликдан қовжираётган картошка
Сувсизликдан қовжираётган картошка

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда сув талашган деҳқон ва фермерлар бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайди.

Сўнгги бир ой ичида сув устидаги жанжал ўлим билан тугаган иккита ҳолат кузатилди.

Такрорий экин экиб қўйиб, уни суғоришга сув тополмаган одамларнинг маҳаллий ҳокимиятга норозилик билдириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда сув йўқлигидан қовжираб қолган экинзорларни кўрсатиб, шикоят қилаётганлар кўпайди.

Маҳаллий ҳокимликлар эса, Озодлик билан суҳбатда суғориш учун ишлатиладиган сув етарли эканлиги, аҳоли томорқасига навбат билан сув олаётганини айтмоқда.

“Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида 15 июнь куни 24 ёшли йигит сув талашиб, жиянини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди”.

“Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи 56 яшар эркак 6 июль куни сув талашиб 63 яшар деҳқонни бош қисмига урганлиги оқибатида, у ерга боши билан йиқилиб тан жароҳати олди ва орадан 4 кун ўтиб касалхонада жон берди”.

“Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида кластер раҳбари сув учун талашган томорқачиларни 1 июль кунт безориларга урдиргани айтилган ҳодиса ИИБ томонидан текширилмоқда”.

“Фарғона вилоят, Ўзбекистон туманида 9 майда сув талашиб, танишини тошбўрон қилган шахсларга нисбатан жиноий иш очилди”.

Бу сўнгги икки ойда аҳолининг сув талашиши ортидан келиб чиққан фожиали ҳолатлар ва жанжаллардан Озодлик хабар топгани.

Ўзбекистондаги аксарият аҳоли қишлоқ жойларида яшагани сабабли уларнинг ягона даромад манбаи томорқаси бўлиб қолмоқда.

Мамлакатдаги ишсизларнинг ҳеч бўлмаса томорқадан бирор фойда олиш илинжида қилган саъй-ҳаракати сув танқислиги боис зое кетгани, кучли руҳий зўриқишларни келтириб чиқараётгани айтилади.

Ўзбекистонлик психолог олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, сув талашишдан келиб чиқаётган жанжалларнинг асосий сабаби ва бу жанжалга олиб келган қўшимча омиллар бор:

“Аввало, ҳар бир экин деҳқон учун ўзининг фарзандидек бўлиб қолади, кейин эса, ҳар бир инсон ўз манфаатини ўйлайди, Чунки ана шу меҳнати натижасидан унинг болалари овқат ейди. Шу натижа бадар кетаётганини билганидан сўнг у ҳимояга ўтади. Ҳимоя эса, жанжал келтириб чиқаради. Тўғри, деҳқоннинг яшаш учун бирдан бир даромад манбаи унинг томорқаси бўлса, бошқа даромад манбаи бўлмаса, бу ҳолат ҳам унинг руҳиятига қўшимча омил сифатида салбий таъсир қилади ва жон бериб бўлса ҳам уни ҳимоя қилади”.

"Пахтадан ортгани томорқага"

Озодликка келаётган видеохабарларда ҳам одамлар сувсизликдан қақраб ётган экинзорларини кўрсатиб, шикоят қилади.

"Сув йўқлигидан экинларим қуриб қолди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00

Сурхондарё вилоят, Қизириқ туман, Зарбдор маҳалласида яшайдиган деҳқон Баҳодир Ашуровдан келган видеода шундай дейилади:

“Мана ерлар, вақтида палаклар экдик. Мана қовун, сувсизликдан қуриб, қовжираб қолди. Мана макка, сўлиб ўляпти. Ерга қараб ачинасиз. Қизириқ районини помидор, сабзи ва бошқа маҳсулотлар билан Зарбдор маҳалласи таъминлар эди. Энди эса, аҳволни кўриб турибсиз, халққа ҳам йўқ, деҳқонга ҳам. Сув фақат кластерга кетяпти, халқнинг томорқасига сув йўқ. Мана шу еримга 2 миллион 400 минг сўм даромад ва мулк солиғ тўлайман. Лекин бу йил бир сўм ҳам даромад йўқ”.

Қизириқ тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ботир Жабборов Озодлик билан суҳбатда сув етарли эканлиги, аҳолига ҳам навбат билан сув берилаётганини айтди:

“Сувларимиз етарли, захирамиз бор. Сувдан унумли фойдаланиш учун навбат қилганмиз. Эртага Зарбдор маҳалласига берилади. Аҳолига ҳам, пахтага ҳам сув етарли!”

Озодлик ҳоким ўринбосари билан суҳбатдан сўнг, Баҳодир Ашуров билан боғланди. Унинг айтишича, экинлар қуриб қовжираб бўлганидан сўнг сув берилган.

"Сув бор, фақат таниш-билишчилик билан"

Сурхондарё вилоят, Бандихон тумани Сарой маҳалласидан мурожаат қилган деҳқоннинг айтишича, сув тақимотидаги таниш-билишчилик оқибатида бир ойдан буён томорқалар қуриб ётибди:

“Мана, бир ой бўлдики, маҳалламиз аҳли сувсизликдан азоб чекаяпти. Маҳалла аҳолиси "Оққоопчиғай" каналидан ҳам томорқа суғоради, ҳам истеъмол қилади. Сув йўқ эмас, бор. Аммо сувни тақсимлаш адолатли бўлмаяпти. "Сарой" маҳалламиз аҳолиси мана шу расмдаги сувдан истеъмол қилади. Туманимиз раҳбарлари айни пайтда шу сувни хам халққа беришни хоҳламаяптилар”, деб ёзган саройликлар қуйидаги суратни ҳам илова қилди.

Сарой маҳалласи сув оладиган канал
Сарой маҳалласи сув оладиган канал

"Картошкам увол бўлди"

Самарқанд вилоят, Пахтачи туман, Можар маҳалласида яшайдиган Мунира Исроилованинг ёзишича, у ёшлар учун ажратилган ердан 15 сотих олиб, картошка эккан эди. Аммо сув келмагани боис, картошка қуриб қолди:

“Икки миллион сўм харажат қилиб, картошка эккан эдик. Картошка энди гуллай бошлаганда сув қуриди. Энди қилган харажатимни ким тўлаб беради? Сув бермас экан, нега ер беради, нега камбағални яна қарзга ботиради?”

Сувсизликдан қовжираётган картошка
Сувсизликдан қовжираётган картошка

Вазирлик сув оз, ҳокимлар етарли, дейди

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимлар қурғоқчилик сабаб суғориладиган сув таъминоти яхши эмаслигини тан олмайди. Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳокимлар сув ва унинг захираси етарли эканлигини айтиб келмоқда.

Аммо сувнинг танқис эканлиги ва Сув хўжалиги вазирлигининг шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими Озодликка айни кунларда аксар мутасаддилар вилоятларда хизмат сафарида юргани ва сув билан боғлиқ вазиятга ечим излаëтганини айтган эди.

"Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар тасдиқланган лимит асосида сув олади. Мавжуд сув ҳудуднинг суғориш майдонлари ҳажми, суғориладиган экин турлари, иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, адолатли тарзда тақсимланади. Вилоятларда вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, туманларда туман ҳокимлиги раҳбарияти томонидан тасдиқланган ва келишилган график асосида сув берилади.

Барча сув истеъмолчилари шу графиклар билан таништирилган. Ўзларига қачон сув келишини ва қачон сув олишларини яхши билади. Бир пайтнинг ўзида ҳамма сув истеъмолчисига сув беришнинг иложи йўқ. Бу йил сув танқис бўлиши йил бошида огоҳлантирилган.

24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида сувдан тежаб фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган ва 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилаётгани айтилган. шуни ҳисобга олиб, 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш топшириғи берилган"¸ - деган эди Сув хўжалиги вазирлиги расмийси 2 июль куни Озодлик билан суҳбатда.

Аммо Озодликка келаётган хабарларга кўра, фақат пахтадан ортган сув аҳолининг томорқаси учун берилмоқда.

Озодлик қурғоқчилик Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва аҳоли турмушига қандай таъсир кўрсатаётгани борасида туркум лавҳаларни тайёрламоқда.

Қурғоқчилик сизнинг хўжалигингиз ва сиз яшаётган минтақага қандай таъсир қилмоқда? Бу ҳақдаги хабар, фото ва видеоларингизни Озодликка юборинг.

Биз билан боғланиш учун:

420 602 612 713 Telegram ёки @sizdan аккаунти

+420 724 971 539 - Telegram ёки @ozodnews аккаунти

uzbekweb@rferl.org

ozodlikmail@gmail.com

XS
SM
MD
LG