Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Қирғиз-Тожик чегараси: Уруш, қайғу ва хавотир


Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Аксай қишлоғи. 20 сентябрь, 2022
Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Аксай қишлоғи. 20 сентябрь, 2022

16 сентябрь куни эрта тонгда Қирғизистон фуқароси 15 ёшли Элзада Маннанова ўзи туғилиб ўсган Дўстуқ қишлоғидан қочиб кетаётган чоғида тожик ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиши натижасида ҳалок бўлди.

Унинг отаси Малик Маннановнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига қизини Маргун қишлоғида шошилинч тарзда дафн қилганини сўзлаб берди.

«Ҳамма снарядлардан қочаётган эди», — деб эслади Маннанов.

Можаро бошланиши ортидан Қирғизистон жануби-ғарбида жойлашган Боткен вилоятидаги қишлоқлардан 140 мингга яқин одам қочишга мажбур бўлди. Улар орасида Маннанов ҳам бўлган. Қочаётганларнинг айримлари қўшни Ўзбекистон очган коридордан фойдаланишди.

Қирғиз-тожик чегарасида қонли тўқнашувлар тез-тез содир бўлмоқда. Бу галги можарода ҳар икки мамлакатда ўнлаб тинч аҳоли вакили нобуд бўлди, шахсий мулкка катта зарар етди.

Ўша куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

Икки раҳбар жангларни тўхтатиш тўғрисидан эришган келишув деярли ўша заҳоти бузила бошланди.

Кечга яқин баҳсли чегара ҳудудларини қамраб олган зўравонлик ўтган йилнинг апрель ойида содир бўлган можародан ҳам ёмонроқ эканлиги аён бўлди. Ўтган йилги мисли кўрилмаган тўқнашувлар 55 нафар одам умрига зомин бўлганди.

Тожик-қирғиз чегарасида яна қонли можаро - икки тожик чегарачиси ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:20 0:00

18 сентябрга келиб навбатдаги можаро тинчий бошлаганидан кейин, қурбонлар ҳақида расмий маълумот улашила бошланди ва бу сафарги можарода ўтган йилгига солиштирганда икки баравар кўпроқ одам нобуд бўлгани маълум бўлди. Қирғизистон тарафи ҳалок бўлганлар сони 59 нафар, яраланганлар сони 150 дан ошганини маълум қилди. Тожикистон камида 41 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб одам яраланганини билдирди.

Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам Россиянинг ҳамкори бўлиб, демаркация қилинмаган чегара ҳудудларида қонли тўқнашувлар одатий ҳолатга айланиши хавфи жуда юқори бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон: «Чегара тўқнашуви» ноўрин атама

Қирғизистон ва Тожикистон энг қашшоқ собиқ совет мамлакатлари бўлиб, улар орасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли ярми ҳалигача белгиланмаган.

Марказий Осиёдаги чегара муаммолари совет даврига бориб тарқалади. ХХ асрнинг бошларида Москва минтақани этник гуруҳлар ўртасида тақсимлашга уринган, аммо муайян миллат вакиллари яшайдиган аҳоли пунктлари кўп ҳолатларда бошқа элатлар учун ажратилган мамлакатларга киритилган.

Сўнгги ўн йил давомида Тожикистоннинг Ворух анклавига яқин ҳудудда этник қирғизлар ва тожиклар ўртасида зўравонлик ҳолатлари кўп қайд этилди. Кейинги пайтда қурол тутган чегара қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлар одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Тортишувлар замирида сув ва ер ётади. 19 сентябрь куни дипломатик миссиялар ва матбуот учун ўтказилган брифингда Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий халқаро ташкилот ва хорижий донорларни Тожикистон рухсатисиз Қирғизистонда сув ресурсларини бошқариш бўйича лойиҳаларни йўлга қўймасликка чорлади.

Имомий иккита катта мониторда ёритилган хариталарга ишора қилиб, Ворух эксклав, яъни чет мамлакат ўраб турадиган ҳудуд эмаслигини таъкидлади.

Расмий Ворухни ўраб турган ҳудудни совет даврида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида қирғизлар эгаллаб олинганини даъво қилди.

«Жамиятимизда ҳеч қандай ҳолатда қирғизларни душман қилиб қўймаслигимиз керак. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган нарса. Лекин бизнинг рақибимиз бунинг аксини қиляпти», — дея шикоят қилди Имомий.

Ўтган йилги уруш ортидан потенциал можаро зонаси сезиларли даражада кенгайди ва келажакдаги отишмалар янада шиддатлироқ бўлиши эҳтимоли ошди.

Икки армия ўртасидаги энг шиддатли жанглар 14 сентябрда бошланди. Тез орада икки тараф бир-бирини можарони бошлашда айблай бошлади. Шунингдек, тарафлар бири-бирини уйлар ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиш учун оғир ҳарбий техникадан фойдаланишда ҳамда суверен ҳудудга бостириб киришда айблади.

Суверен ҳудудга бостириб кириш айблови мисли кўрилмаган бўлиб, қирғиз-тожик чегарасидаги можаро эндиликда ҳар икки тараф баҳсли, деб тан оладиган ҳудудлар билан чекланиб қолмаётганидан далолат беради.

19 сентябрь куни эрта тонгда Қирғизистоннинг Европа Иттифоқидаги дипломатик миссияси Twitterда «#чегаратўқнашуви» атамаси ўринсиз экани ҳақида ёзиб, халқаро ҳамкорлардан уни ишлатмасликни сўради ҳамда тожик расмийларини можаро давомида Қирғизистонга қарашли еттита аҳоли пунктини эгаллаб олганликда айблади.

Қирғиз мактаби томига Тожикистон байроғи ўрнатилаётгани акс этган видеолавҳа бу иддаога тасдиқ ўлароқ тақдим этилди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, видеода тожик қўшинлари Маннановлар оиласи яшайдиган Дўстуқ қишлоғидаги мактабни қўлга олгани акс этган.

Қирғизча ном билан аталувчи қишлоқдаги вазиятни тожик тилида изоҳлаётган қуролли шахс видеоси ҳам бу таъкидларга тасдиқ ўлароқ келтирилди.

17 сентябрь куни Боткен вилояти расмийлари бу аҳоли пунктларининг барчаси Қирғизистон назоратига қайтганини маълум қилишди. Вилоят пойтахти Боткен турғуни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида бир кун аввал шаҳар ва аэропорт ўққа тутилганини айтди. Бундай ҳолат бундан олдин кузатилмаган.

Тожикистон ҳукумати матбуот устидан қаттиқ назорат ўрнатган бўлиб, мамлакатда ОАВ фаолиятига қўйилган чекловлар туфайли журналистлар учун ҳукумат даъволарини текшириш мушкулдир.

Шундай бўлса-да, Душанбе Қирғизистон кучлари Тожикистоннинг Исфара шаҳри яқинидаги қишлоқларга кириб бориб, давлат чегарасини бузганини даъво қилди. Аммо бу иддаони тасдиқловчи ҳеч қандай визуал далил улашилгани йўқ.

Тожикистон кучлари 16 сентябрь куни Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирларига чегарага боришга рухсат бермади. Бироқ журналистлар 18 сентябрь куни Қирғизистон нишонга олган қатор чегара қишлоқлари жиддий зарар кўрганига гувоҳ бўлишди.

Тожикистон Қирғизистонни Овчи-Қалъача қишлоғида дрон ҳужумини уюштирганликда айблади. Қишлоқда журналистлар ерда катта қон доғларига ҳамда снарядлар натижасида катта зарар кўрган биноларни тасвирга олишди.

Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, 16 сентябрь куни соат 17:00 атрофида маҳаллий масжид ўққа тутилиши натижасида бир неча киши ҳалок бўлган.

Қишлоқ турғуни Бизайнаб Бердиева ёш шифокор Каромат Сатторованинг ўлимига гувоҳ бўлганини сўзлаб берди.

«Ўқ овозини эшитганимизда анави ерда турганди. Мен: „Қўрқма!“ дедим. Кейин унинг орқасига снаряд парчаси келиб урилди», — деди у.

Аралашишга ошиқмаган Россия

Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди. Ўша куни 53 га чиққан Жапаров тўлқинланиб халққа мурожаат қилди.

Ўз мурожаатида президент можарода қатнашган ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига эса ҳамдардлик изҳор қилди. Шунингдек, президент Боткендаги одамлар учун халқ ёрдам кўрсатаётганини айтиб ўтди.

«Ҳар бир эркак ўз миссиясини аниқ билади. Бу оғир кунларда туриб, ўз ватанини душман босқинидан ҳимоя қилишдан иборат», — деди Жапаров.

Бир кун аввал Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Жапаров аввалроқ мамлакатни «душман» деб атаганига эътироз билдирган эди. Душанбе президентнинг бу изоҳини «дўстлик ва яхши қўшничилик руҳига» мос келмаслигини таъкидлади.

Аммо Қирғизистон ва Тожикистон на дўст, на яхши қўшнидир. Икки мамлакат қай тарзда бундай аҳволга тушиб қолгани мураккаб савол.

Икки мамлакатнинг ички сиёсатидаги ўзгаришлар бу саволга қисман жавоб бўла олади.

Тожикистонда узоқ вақтдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Раҳмон ўрнига ўғли Рустам Эмомалини қўймоқчи эканлиги ҳақида тахминлар бор. Айни дамда, Раҳмон айрим «тугалланмаган ишларни» ўз якунига етказишга бел боғлагани тахмин қилинмоқда.

Жорий йил бошида Душанбе Тоғли Бадахшон мухториятида агрессив ва қонли ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Марказий ҳокимиятга қаршилиги билан танилган қатор маҳаллий раҳбарлар ўлдирилди ёки ҳибсга олинди.

Айрим таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Қирғизистон билан баҳсли чегарани ҳал қилиш ҳам Рамоннинг қилиниши керак бўлган ишлар рўйхатидан жой олган бўлиши мумкин.

Тожик шарҳловчилари икки йил аввал Қирғизистонда Жапаров ва унинг қудратли иттифоқчиси Қамчибек Ташиевнинг бир кечада ҳокимият тепасига келганини можаро катализатори сифатида кўрсатишни афзал кўришади.

2021 йилнинг март ойида, яъни апрель ойида содир бўлган чегара можаросидан бир неча ҳафта олдин Ташиев 30 мингга яқин Тожикистон фуқароси истиқомат қиладиган Ворух масаласини ер алмашиш йўли билан ҳал қилиш ғоясини оммавий тарзда изҳор қилди.

14 сентябрь куни бошланган жанглар арафасида Ташиев ва Жапаров Туркияда ишлаб чиқариладиган Bayraktar TB-2 дронини бошқариш станциясини очиш маросимида қатнашишди.

OzodNazar: Душанбе-Бишкек: қон ҳидли баёнотлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:56 0:00

«Мен доим Қирғизистон тинч мамлакат эканлигини айтиб келганман», — дея урғулади Жапаров маросимда.

«Қуролли кучларимизни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз фақат мудофаага қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман».

Бишкек 2021 йилнинг декабрида Bayraktar дронларини харид қилгани Душанбега хуш келмагандек туюлди. Январь ойида Ташиев ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов чегара ҳудудида учувчисиз дронлардан фойдаланмаслик бўйича келишувга эришди.

Ўтган йили Тожикистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ташиев ҳақида ёзган мақолада Душанбенинг Ташиевга бўлган муносабати яхши акс этган. Мақолада Зарифий Ташиевнинг мухолифат сиёсатчиси сифатидаги алғов-далғов ўтмишини масхара қилди ҳамда уни Тожикистон суверенитетига тажовуз қилишда айблади.

Тўқнашувлар ортидан 19 сентябрь куни «Ховар» Тожикистон давлат ахборот хизмати Зарифийнинг мақоласини қайта чоп этди.

Аммо Қирғизистон раҳбарияти фақат Тожикистоннинг медиа майдонида ҳужумга учрагани йўқ. Жорий йилнинг биринчи ярмида Россиянинг сариқ прессасида Ташиев ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар «ғарбпараст» сиёсатчилар ўлароқ қораланган танқидий мақолалар пайдо бўлди.

Бу йил ҳам худди ўтган йилнинг апрель ойидаги каби Интернетнинг қирғиз сегментида Москва Тожикистонга қўшнисига ҳужум қилишга изн бергани ҳақидаги тахминлар қизғин муҳокама қилинди.

Жапаров халққа мурожаати давомида бу қарашни рад этди.

«Стратегик ҳамкорларимиз, дўстона мамлакатлар, биз билан бирдам бўлган халқларга туҳмат қилаётган провокаторларнинг чиқишларига қулоқ солманг», — деди президент.

Бироқ, Россия ўз назоратидаги ҳарбий базалар мавжуд бўлган ҳамда Кремль бошчилигидаги минтақавий блокларга аъзо бўлган икки мамлакат ўртасида кучайиб бораётган можарога аралашиш истагини кўрсатмади.

18 сентябрь куни президент Владимир Путин ҳам Раҳмон, ҳам Жапаров билан телефон орқали суҳбатлашди. Кремль матбуот хизматига кўра, Россия президенти «томонларни вазият янада кескинлашишига йўл қўймасликка ҳамда вазиятни имкон қадар тезроқ фақат тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш чораларини кўришга» чорлаган.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG