Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Қирғиз-Тожик чегарасидаги можаро (ВИДЕО)


Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги уйлардан бири.
Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги уйлардан бири.

16 сентябрь куни эрталаб Қирғизистон фуқароси 15 ёшли Элзода Маннонова ўзи туғилиб ўсган Дўстуқ қишлоғидан қочиб кетаётганда тожик ҳарбийлари томонидан ўққа тутилиб, ҳалок бўлди.

Унинг отаси Малик Маннонов қизини Марғун қишлоғида шошилинч дафн қилганини айтади. “Ҳамма снарядлардан қочаётган эди”, деб эслайди Маннонов.

Жанговар ҳаракатлар пайтида Боткен вилоятидаги қишлоқлардан 140 мингга яқин қирғизистонлик мажбуран кўчирилди. Уларнинг баъзилари қўшни Ўзбекистон очган йўлакдан фойдаланган.

Отишмалар бошланган куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан учрашди. Ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳеч қанча ўтмай бузилди.

OzodNazar: Душанбе-Бишкек: қон ҳидли баёнотлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:56 0:00

Кескинлик 18 сентябрга қадар бироз юмшагандек кўринди, бироқ бу галги йўқотишлар олдингиларидан икки баравар кўп бўлди. Қирғизистон томонидан 59 нафар одам ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ одам яраланди. Тожикистон томонидан камида 41 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб кишилар яралангани хабар қилинди.

Икки постсовет давлати ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли ярми ҳалигача белгиланмаган.

Марказий Осиёдаги чегара муаммолари кўп жиҳатдан Совет даврига бориб тақалади. Ўша даврда Москва минтақани этник можаролар келтириб чиқарадиган қилиб бўлишга уринган.


Сўнгги ўн йилликда Тожикистоннинг Ворух анклавига яқин ҳудудда этник қирғиз ва тожик жамоалари ўртасида зўравонлик ҳолатлари одатий ҳолга айланди.

19 сентябрь куни Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларни Тожикистон рухсатисиз Қирғизистон билан сув ресурсларини бошқариш дастурларида қатнашмасликни сўради.

У Ворухни ўраб турган ҳудуд Совет даврида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида қирғизлар томонидан босиб олинганини даъво қилди.

"Ҳеч бир ҳолатда қирғизларни жамиятимизга душман қилиб қўймаслигимиз керак. Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган нарса. Лекин рақибимиз бунинг аксини қиляпти", дея таъкидлади Имомий.

Қонли тўқнашувлар 14 сентябрда бошланди. Томонлар бир-бирини можарони бошлашда, шунингдек, уйлар ва фуқаролик инфратузилмасини оғир ҳарбий техникалар билан нишонга олишда ҳамда ўз ҳудудига бостириб киришда айблади.

Қирғизистоннинг Европа Иттифоқидаги дипломатик миссияси 19 сентябрь куни эрта тонгда Twitter’да халқаро ҳамкорлардан "чегарадаги тўқнашув” атамасини ишлатмасликни сўради ва тожик расмийларини можаро давомида Қирғизистоннинг еттита аҳоли пунктини эгаллаб олганликда айблади.

Қирғиз мактаби тепасида Тожикистон байроғи кўтарилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тожик қўшинлари Достуқ қишлоғидаги мактабни эгаллаб олганини маълум қилди.
Видеода қуролланган ҳарбийларнинг тожик тилида гаплашаётгани акс этган.

Боткен вилояти расмийлари 17 сентябрь куни барча аҳоли пунктлари Қирғизистон назоратига қайтганини маълум қилди. Боткен аҳолисининг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, бир кун аввал шаҳар ва аэропорт ўққа тутилган.

Тожикистонда ОАВ устидан кучли цензура ўрнатилгани боис маълумотларни текшириш қийин.

Душанбе Қирғизистон кучлари Тожикистоннинг Исфара шаҳри яқинидаги қишлоқларга кириб, давлат чегарасини бузганини даъво қилди. Аммо бу даъвони тасдиқловчи ҳеч қандай визуал далиллар кўрсатилмади.

Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбирлари 18 сентябрь куни қирғиз ҳарбийлари нишонига айланган бир қатор чегара қишлоқларига жиддий зарар етгани гувоҳи бўлди.

Овчи-Калачада журналистлар ерда қон доғлари ва снарядлар ҳамда ёнғин натижасида жиддий шикастланган биноларни кўрди.

Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, 16 сентябрь соат 17:00 атрофида масжиднинг ўққа тутилиши натижасида қишлоқда бир неча киши ҳалок бўлган.

Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди. Ўша куни президент Садир Жапаров халққа қилган мурожаатида кўзёшларини яшира олмади.

Қирғизистон-Тожикистон можароси: икки давлатда мотам куни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:10 0:00

У можарода қатнашган ҳарбий хизматчиларга миннатдорлик, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ҳамда Боткен аҳолиси учун оммавий ёрдам йиғилганини айтди.

“Ҳар бир инсон ўз миссиясини аниқ билади. Бу оғир кунларда ўз ватанини душман босқинидан ҳимоя қилишдир”, деди Жапаров.

Бир кун аввал Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Жапаровнинг Тожикистонни “душман” деб атаганига эътироз билдирган ва буни “дўстлик ва яхши қўшничилик ғояси”га мос келмайдиган деб атади.

Аммо Қирғизистон ва Тожикистон на дўст, на яхши қўшни. Улар қандай қилиб бундай аҳволга тушиб қолган, деган саволга ички сиёсатдаги ўзгаришлар қисман жавоб бўлиши мумкин.

Тожикистонда узоқ йиллардан бери ҳукмронлик қилаётган Раҳмон ўз ўрнига ўғли Рустам Эмомалини қўймоқчи деган тахминлар тожик расмийларининг тугалланмаган ишларга шошилишига сабаб бўлди.

Жорий йил бошида Душанбе ўзининг Тоғли Бадахшон мухториятида агрессив ва ҳалокатли ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Марказий ҳокимиятга қаршилиги билан танилган бир қатор маҳаллий раҳбарлар ўлдирилди ёки ҳибсга олинди.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Қирғизистон билан баҳсли чегара масаласи ҳам тугалланмаган ишлар рўйхатидаги бир банд бўлиши мумкин.

14 сентябрь куни бошланган жанглар арафасида Ташиев ва Садир Жапаров Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар ТБ-2 дронлари бошқарув марказининг очилиш маросимида қатнашди.

“Мен доим Қирғизистон тинч давлат эканини айтиб келганман. Қуролли кучларимизни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз фақат мудофаага қаратилганини алоҳида таъкидлайман", деди Жапаров.

Бишкекнинг 2021 йил декабрида Байрактар дронларини сотиб олгани Душанбега ёқмади. Январь ойида Ташиев ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Саймўмин Ятимов чегара ҳудудида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланмасликка келишиб олган.

18 сентябрь куни президент Владимир Путин ҳам Раҳмон, ҳам Жапаров билан телефон орқали суҳбатлашиб, “томонларни вазиятни янада кескинлашувига йўл қўймасликка ва можарони имкон қадар тез фақат тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирди”, дея хабар тарқатди Кремль.

Форум

XS
SM
MD
LG