Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Ўзбекистон қамоқхоналарини қарийб 20 йил бошқарган Абдукарим Шодиев ушланди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармасининг собиқ бошлиғи, милиция полковниги, 56 яшар Абдукарим Шодиев устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида судгача ҳибс қилинди.

Бу ҳақдаги қарорни 9 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди қабул қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (МҲҲТГ) раҳбари Суръат Икромов 12 март куни Озодликка билдирди. Ўзбекистон ИИВ даги Озодлик суҳбатлашган мулозимнинг айтишича¸ Шодиев жорий йил 9 март куни қўлга олинган.

Маълум бўлишича, ҳибсга олинган пайтда Ўзбекистон ИИВ академиясида ўқитувчи бўлиб ишлаган (1999 йилдан 2018 йилгача Жазони ижро этиш бошқармасида раҳбар лавозимларда ишлаган) Абдукарим Абдураҳмонович Шодиевга нисбатан Жиноят кодексининг 301-моддаси («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш») ва 230-моддаси («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилган.

Мулозимга кўра¸ “Шодиев бир умрга озодликдан маҳрум қилинган МХХ раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов жиноий иши доирасида қўлга олинган”.

Шодиевнинг ҳибсга олинишига алоқадор бошқа бир мулозимнинг, исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ МХХнинг 2018 йил февралида тугатилган Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Тоймуроз Алимов устидан қўзғатилган маҳбусларни мунтазам қийнаганига оид жиноий ишда ҳам Абдукарим Шодиев фигурантдир.

Терговга алоқадор мулозимнинг айтишича¸ гумондор Абдукарим Абдураҳмонович Шодиев Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига олиб келинган. Бироқ мулозим Шодиевнинг айнан қайси куни қўлга олинганини очиқламади.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодлик билан 12 март кунги суҳбатда Абдукарим Шодиев раҳбарлик қилган 1999 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон қамоқларида маҳкумларга нисбатан қилинган қийноқ ва ноинсоний муносабат тўғрисида судда кўрсатма беришга тайёр эканлигини билдириб, бундай деди:

- Мен қамоқдан навбатдаги маҳкумнинг ўлиги чиққан 2002 йилда унинг юзига "Бу қилмишинг учун жазо оласан", деб очиқ айтганман. Мана, мен айтган ўша кун келди. Шодиевга қарши судда кўрсатма беришга тайëрман. Айнан Шодиев юзлаб маҳкумларнинг қийноқққа солиниши ташабускори бўлган¸ деди Икромов.

Озодлик билан суҳбатда Суръат Икромов айнан Шодиевнинг буйруғига биноан маҳбуслар мунтазам қийналганига оид маълумотларга эга эканини билдирди.

Абдукарим Шодиев 1999 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари сифатида ишлаган. 2005 йилдан бошлаб Жазони ижро қилиш бошқармасининг бошлиғи, ИИВ ўринбосари бўлиб ишлаган.

2003 йили БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистон жазони ўташ масканларида қийноқлар мунтазам ва тизимли қўлланилади, деган хулосага келган эди.

Ўзбекистонда раҳбар ўзгаргани ортидан 2018 йилда Шодиев эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб ИИВ академиясига оддий ўқитувчи қилиб юборилди.

Унинг ўрнига полковник Баҳромбек Қаҳрамонович Адилов Жазони ижро қилиш бошқармасининг бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

Шодиевнинг ишдан озод қилингани ортидан Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунни имзолаган.

Бу қонунга кўра Ўзбекистонда қўлга олинган шахсни сўроққа тутиш жараёнида қийноқларнинг олдини олиш учун аудио ва видеога ёзиб олиниши керак.

Бироқ инсон ҳақлари фаоллари дастлабки тергов вақти ҳамда жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар бугун ҳам тўхтамаганини айтадилар.

XS
SM
MD
LG