Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

Косон қамоқхонасида бир кунда 30 маҳбуснинг қийноққа солингани иддао қилинмоқда


Каримов даврида Ўзбекистондаги тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда қийноқларнинг систематик экани ҳақида БМТ мутахассислари ҳам ҳисобот ҳозирлаган.
Каримов даврида Ўзбекистондаги тергов изоляторлари ва қамоқхоналарда қийноқларнинг систематик экани ҳақида БМТ мутахассислари ҳам ҳисобот ҳозирлаган.

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ)га қарашли 64/51 муассасасида жазо муддатини ўтаётган 30 нафардан ортиқ маҳкум 4 январь куни қамоқхона назоратчилари томонидан калтакланган ва қийноққа солинган.

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги мазкур муассасада сақланаëтган маҳкумлар билан кўришиб, гаплашган уларнинг ота-оналари шундай иддао қилмоқда.

Асосан, ўғрилик, босқинчилик ва безориликда айбланиб қамалганлар яқинларининг айтишларича, маҳкумлар баданида қийноқлар изи борлигига шахсан гувоҳ бўлишган.

Озодлик гаплашган ЖИЭББ расмийси¸ бошқармада бундай иддаони тасдиқловчи маълумот йўқлигини билдирди.

"Совуқда яланғоч қилиб калтаклашган"

Икки укаси ЖИЭББнинг Косон туманида жойлашган 64/51 муассасасида ўғрилик учун жазо муддатини ўтаётган Фаррух Собиров ва Самандар Орипов опасининг айтишича, 8 январь куни у укалари билан икки кунлик учрашувга борганида аянчли манзарага дуч келган:

- Укаларим жуда ёмон аҳволда, устида иссиқ кийими йўқ, резинка тапочкада чиқишди. Бошлари ёрилган, баданлари кўкариб кетган эди. Уларнинг айтишича, 4 январь куни кечқурун соат еттидан тонгги тўртгача 30 та болани изолятор хонасига олиб кириб, кийимларини ечтириб, яланғоч қилган ва битта-битта роса издеватся қилишган, деди маҳкумлар опаси.

Маҳкумларнинг калтаклангани ва қийноққа солингани ҳақидаги хабар бошқа ота-оналарга етиб борганидан сўнг, 12 январь куни Тошкентдан айни муассасада сақланаëтган яна ўн нафар маҳкум яқинлари ҳам қамоқхонага борган.

"Боламнинг бурнини синдиришибди"

Улардан бири, босқинчиликда айбланиб озодликдан маҳрум этилган 25 яшар Самандар Ариповнинг онаси Малоҳат Арипова ҳам 4 январь куни ўғлининг бурни синдирилганини айтади:

- Бу хабар келганидан сўнг боламни бориб кўрдим. Борсам, ҳақиқатан, боламнинг бурни синган, шунчалик уришганки, оёқларининг тагигача кўкариб кетган. Унинг айтишича, қамоқхонада “положенец” деган маҳкум бўлган экан, у шу болаларни ҳимоя қилиб юрар экан. Ўша одамни колония поселенияга чиқариб юборишганидан сўнг, турма назоратчилари ҳимоячинг кетди, деб, спортзалда бир жанжал чиқариб, 30 та болани қўлига кишан солиб, роса уришган, дейди Малоҳат Арипова.

Бу суҳбатдош ота-оналар шикоят қилиб борган Қашқадарё вилояти прокуратурасида уларни кун бўйи овора қилишгани ва бир аризани бир неча марта қайтдан ёздириб олишганини қўшимча қилди.

"Положенец" кетганидан сўнг калтаклашган"

Невараси, босқинчиликда айбланиб 3,5 йилга қамалган Сарвар Мамаюсуповнинг тақдиридан хавотирланиб, қамоқхонага борган 63 яшар Мавлуда Мамаюсупова ҳам невараси баданида калтак ва қийноқ изларини кўрганини айтади:

- 8 январь куни хабар келди, 9-куни кетиб, 10-куни болани кўрдик. Юрагини пасти, орқа бел қисмлари ҳам кўкариб кетган, ёнида чиққан боланинг бурни синган, кўзлари шишиб кетган. Неварамнинг айтишича, уларнинг қамоқхонаси “черный зона” бўлган. Ўша “положенец” янги йилдан олдин чиқиб кетганидан сўнг, назоратчилар тўла назоратни ўз қўлларига олган экан ва ўша одамга яқин бўлган болаларни ҳаммасини аёвсиз калтаклашган, деди Мавлуда Мамаюсупова.

"Шикоятингиз ўз тасдиғини топмади"

Мавлуда Мамаюсупова бу ҳақда Ўзбекистон президенти, Бош прокуратура ва ЖИЭББнинг ўзига шикоят қилган. Шикоятига ҳеч жавоб келмагач, ўзи Қашқадарё вилояти прокуратурасига қўнғироқ қилган:

- Мен билан гаплашган одам "шикоятингиз ўрганиб чиқилди, сизнинг шикоятингиз ўз тасдиғини топмади, бу ҳақда сизга мактуб ёзганмиз, яқинда етиб боради", деди. Энди биз яна болаларимиз тақдиридан хавотир олаяпмиз, уларни нега ота-онанг шикоят қилди, деб яна қйиноққа солишлари мумкин. Президентимиз қийноқ қўлламаслик ҳақида гапираётган бир пайтда, қамоқхона назоратчилари бундай иш қилаётганини қандай тушуниш мумкин?- дейди Мавлуда Мамаюсупова.

Жазо бошқармасининг бу шикоятлардан хабари йўқ

Озодлик Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси расмийлари билан боғланиб, маҳкумлар яқинларининг шикоятлари қай даражада ўрганилганини суриштирди.

Ўзини ЖИЭББ навбатчиси Бобоёров деб таништирган мулозим, бошқармага бундай шикоят бўлмаганини билдирди:

“Бизда маҳкум ва маҳбусларнинг ота-оналари хоҳлаган кунда раҳбариятга боришга ҳаққи бор, бундан ташқари қабул кунларимиз ҳам бор. Келолмаган ота-оналар хат орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар қандай шикоят беэътибор қолдирилмайди, охиригача текширилади. Лекин бундай шикоят бўлмаган”, деди ЖИЭББ мулозими.

"Положенец" ким?

Қамоқхоналарда 10 йил жазо муддатини ўтган инсон ҳуқуқи фаоли Аъзам Турғуновнинг айтишича, "чёрный зона" деб аталувчи қамоқхона ҳозир мамлакатда қолмаган:

"Положенец" дегани ўша қамоқхонадаги ҳурматли маҳкумлардан бири бўлади. Одатда положенецлар "вор в законе", яъни ўғрибошилар бўлади. Зонада уларнинг ўзига яқин одамлари бўлади ва уларга ҳатто назоратчилар ҳам ортиқча босим ўтказолмайди. Мен Қаршидаги 49-муассасада анча йил ўтирдим.Бизники "красный зона" эди. Яъни, тўлалигича қамоқхона назоратчилари назоратида бўлган. Ўша 2000 йилларга келиб, Ўзбекистонда ҳамма "черный зона"лар тугатилиб, "красный зона"ларга айлантирилган, эди. Лекин, биз маҳкумлар олган хабарга кўра, сиз айтган Косондаги 51-қамоқхонанинг ярмида "положенец" сақланиб қолган эди", дейди Аъзам Турғунов.

Президент қийноқларга қарши

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қийноқ ва ноқонуний йўллар билан олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишни тақиқловчи фармонни ўтган йилнинг 30 ноябрь куни имзолаган эди.

"Жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда” олинган кўрсатмалардан “далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмасин," - дейилади фармонда.

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев қийноқларга қарши фармонни қабул қилиш осон бўлмаганини эътироф этган эди.

Жорий йилнинг 6 январь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2018–2020 йилларда “ҳибсга олинган ва жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди.

XS
SM
MD
LG