Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

БМТ маърузачиси Тошкентдан умидини узди


БМТ расмийсининг Ўзбекистонга сафар қилиш учун Тошкентга юборилган сўровига қарийб 5 йилдан бери жавоб йўқ.
БМТ расмийсининг Ўзбекистонга сафар қилиш учун Тошкентга юборилган сўровига қарийб 5 йилдан бери жавоб йўқ.

Қийноқлар бўйича БМТ махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида қийноқларни қўллаш амалиёти давом этаëтгани¸ тузулмавий ўзгаришлар борасида халқаро ташкилотлар тавсиялари эътиборсиз қолаëтганини билдирди.

Ўзбекистондаги қийноқлар кўламини ўтган ойда Ўзбекистон Mиллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубов Би-Би-Си телеканалининг энг нуфузли “Ньюснайт” дастурида фош этишга уринди.

Энди эса “Экспертлар ишчи гуруҳи” деб номланган бир гуруҳ ўзбекистонлик таҳлилчилар мамлакатда қийноқларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати деярли ҳеч нарса қилмаётганини фактлар билан асослашга ҳаракат қилди ва ўз ҳисоботини БМТ нинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новакка тақдим этди.

Ўзбекистондаги қийноқлар кўламини фош этган энг жиддий воқеа 2002 йил декабр ойида мамлакат қамоқхоналаридаги вазият билан бевосита танишган БМТ нинг ўша пайтдаги қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовеннинг кескин баëноти бўлган эди. Тео Ван Бовен Ўзбекистонда қийноқларни мунтазам равишда қўллаш тузум моҳиятига хос эканини таъкидлаган ва қийноқлар амалиётини тугатиш учун Ўзбекистон ҳукуматига 22 та тавсия берган эди.

Ўтган муддат давомида Ўзбекистон ҳукумати бу тавсияларни бажарганини айтиб келди. Аммо беш йил аввал Тео Ван Бовен ўрнини эгаллаган ва ўзи ҳам келаси йилда истеъфога чиқадиган БМТ нинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манфред Новак Ўзбекистонда қийноқларга қарши курашадиган структуравий ўзгаришлар ҳамон амалга оширилмаганини айтди.

- Айрим ишлар қилинганини эътироф этишимиз керак, аммо менга доимий равишда нодавлат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қийноқлар қурбонларидан келаётган хабарлар Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон борлигидан ва структуравий ўзгаришлар қилинмаганидан далолат беради¸ дейди Новак.

БМТ тавсиялари ижросини бевосита текширмоқчи бўлган Новак йиллар давомида Ўзбекистонга таклиф этилмади. Бугунга келиб Новак Тошкентга боришдан умидини узганини яширмади.

“Экспертлар ишчи гуруҳи” томонидан тақдим этилган 76 саҳифалик ҳисобот муаллифлари БМТ тавсиялари деярли бажарилмагани исботлашга уринади. Ҳисобот муҳаррири Суҳроб Исмоилов Ўзбекистон ҳукумати қийноқларни тугатиши мумкин бўлган БМТ нинг энг биринчи тавсиясини ижросиз қолдирганини алоҳида таъкидлаш лозим¸ деб ҳисоблайди.

- Биринчи навбатдаги тавсия сифатида қийноқларнинг қўлланилишига қарши чиқиш ëки юқори лавозимдаги шахслар¸ раҳбар томонидан ушбу амалиëтни қоралаш бежизга айтилмаяпти. Чунки Ўзбекистон каби давлат ҳокимияти вертикал ҳисобланган¸ либерал традициялар¸ демократик традициялар ҳукмрон бўлмаган жамиятда¸ сўз эркинлиги бўлмаган жамиятда энг юқоридаги раҳбар томонидан аман шунақа сигнал берилса эди¸ бизнинг ишончимиз комилки¸ ҳуқуқ-тартибот органларида қийноқлар ва шунга ўхшаган ғайри инсоний муносабатлар камайган бўлар эди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонда қийноқларни тугатиш учун ҳукумат сиёсий иродасининг оқсаб келгани қолган барча тавсияларнинг бажаралишини издан чиқариб келди. 2003 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилганида президент Каримовдан катта сармоялар эвазига фақатгина дунё жамоатчилиги кўз ўнгида Ўзбекистондаги қийноқларни қоралаш талаб этилганди.

Банк анжуманида Каримов қийноқларни мутлақо тилга олмади ва Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ўша даврдаги мутасаддилари бундан афсус билдиришди¸ холос.

Манфред Новакнинг фикрича, қийноқлар масаласида Ўзбекистонга халқаро босимни кучайтириш зарур. Аммо бугунги кунда террорчиликка қарши кураш баҳонасида қийноқ қўллаш ёки қийноқлар ёрдамида олинган кўрсатмаларни ишлатиш иддаолари Ғарб ҳукуматларига қарши қилинаётган бир пайтда бу масалада Ўзбекистон ҳукуматини тартибга чақириш жиддий синовга айланган, дейди Манфред Новак.

- АҚШ ва унинг иттифоқчилари террорчиликка қарши курашда қийноқлардан фойдалангани шундай муҳитни яратдики, кўпчилик давлатлар¸ шу қаторда Ўзбекистон ҳам ўзларида ҳам террорчилик муаммоси борлигини рўкач қила бошлади¸ дейди Манфред Новак.

Жорий йил бошида Германиянинг ZDF телевидениесига берган интервьюсида жаноб Новак қийноқларни ишлатишга рухсат берган АҚШ собиқ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ва бунга кўз юмган собиқ президент Жорж Бушга қарши тергов жараёни бошлашга чақирган эди.
XS
SM
MD
LG