Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

Прокуратура пилла режасини бажаролмаган фермерлар шикоятига оид хабарни изоҳлади


Бош прокуратура матбуот хизмати "Пилла режасини бажармаган фермерлардан нақд пул ундириб олинмоқда" деган сарлавҳа остида Озодликда эълон қилинган материал юзасидан Фарғона вилоят прокуратурасининг изоҳини тақдим этди.

Вилоят прокуратураси ўз изоҳида "Учкўприк туманида пилла режасини бажармаган фермер хўжаликларидан нақд пул ундириб олинаётганлиги ҳақидаги ҳабар ўз тасдиғини топмади", деб хабар қилди.

Озодлик ўз материалида маҳаллий ҳокимликлар пилла топшириш режасини бажармагани учун фермерлардан нақд пул ундириб олаётгани тўғрисида самарқандлик ва фарғоналик фермерлар шикоят қилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Хусусан, фарғоналик фермерлар пилладан қарзини банкдан кредит олиб қоплашга мажбур бўлаётганини айтган, "Агробанк" вакили фермерлардан олинган бу маълумотни тасдиқлаган эди.

Учкўприклик фермер Озодлик билан Telegram мессенжери орқали бўлиб ўтган ёзишмада "Агробанк"дан 10 миллион сўм кредит олишга мажбур бўлганини ёзган эди.

Фарғона вилоят прокуратураси бу масала юзасидан изоҳида фермерларнинг пилладан қарзини қоплаш учун "Агробанк"ка мурожаат қилганини тасдиқлар экан, уларга кредит берилганини инкор этди.

"Ўрганишда, шартномада белгиланган пилла ҳом ашёсини топшириш режасини тўлиқ бажара олмаган 45 та фермер хўжалик раҳбарлари бажарилмаган қисми учун зарарни тўлаш мақсадида жисмоний шахс сифатида “Агробанк” Учкўприк туман филиалига микроқарз олиш учун ариза берганлиги, лекин, банк томонидан маблағ чиқариб берилмаганлиги маълум бўлди", дейилган Фарғона вилоят прокуратураси изоҳида.

"Агробанк"нинг Учкўприк тумани бўлими ходими пилла режасини бажармаган фермерларга микрокредитлар берилаётганини тасдиқлар экан, Озодликка бундай деган эди:

"Микрокредитлар берилаяпти ғалла терими бошлангунга қадар. Қарз кейин ғалла ҳисобидан беркитилади. Ҳозирча фермерлар қарзни ҳар ойига 2,1 фоиз билан тўлаб туришибди".

Агар фарғоналик пиллачи фермерлар пилланинг топширилмаган қисми учун берилгани/берилмагани айтилаётган кредитлар масаласида юзага келган бу вазият юзасидан изоҳ беришни истаса, Озодлик эшитишга ва эшиттиришга доим тайёр.

Ҳозирча эса, қуйида Фарғона вилоят прокуратурасининг изоҳини тўлиқ, таҳрирсиз келтирамиз:

"Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 декабр кунги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4047-сонли Қарори ижроси юзасидан қатъий прокурорлик назорати ўрнатилган.

Бунда асосий эътибор вилоятда пиллачилик соҳасини янада ривожлантиришни таъминлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва пилла етиштиришни кўпайтириш, унинг сифатини ошириш ҳамда ушбу соҳадан пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг аниқ ва бир ҳилда бажарилишига қаратилмоқда.

Қонунчилик аҳволига доир маълумотларга кўра, вилоятда 2019 йил ҳосили учун 2749 та фермер хўжаликлари билан 1750 тонна пилла ҳом ашёси етказиб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилган.

Пилла ҳосилини етиштириш учун 31.800 қути ипак қурти боқилиши режалаштирилган. Шундан 11.450 қутиси ҳориж, 20.350 қутиси маҳаллий уруғни ташкил қилади.

2019 йил 4 июнь ҳолатига жами 31.800 қути қурт уруғидан 1756 тонна пилла ҳосили йиғиштириб олиниб, белгиланган режа 100,3 фоизга бажарилган.

Ижтимоий тармоқларда чоп этилган “Пилла режасини бажармаган фермерлардан нақд пул ундириб олинмоқда!” номли мақолада қайд этилган ҳолатлар ўрганилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Аниқланишича, Марғилон шаҳридаги “Водий маржони” КТИЧФ билан Учкўприк туманидаги 140 та фермер хўжаликлари ўртасида “Пилла харид қилиш бўйича контрактация шартномаси” имзоланиб, мазкур шартномага асосан фермер хўжаликлари ўзларига берилган 2500 қути ипак қурти уруғи учун жами 137 тонна пилла маҳсулоти топшириши кўзда тутилган.

Шартноманинг 4-қисмида тарафларнинг жавобгарлиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, 4.1.-бандида хўжалик маҳсулотни котрактация шартномасида белгиланган навларда, турларда ва муддатларда топширишдан асоссиз бўйин товлаган тақдирда буюртмачига топширилмаган маҳсулот қийматининг 30 фоизи миқдорида жарима, бундан ташқари, зарарнинг маҳсулот етказиб берилмаганлиги туфайли юзага келган, жарима билан қопланмаган қисми ҳам хўжалик томонидан тўланиши белгиланган.

Жорий йилнинг 4 июнь кунига қадар тумандаги фермер хўжаликлари томонидан тайёрловчи корхонага жами 137,2 тонна маҳсулот етказиб берилиб, 95 та фермер хўжаликлари шартномада белгиланган пилла ҳом ашёсини тўлиқ натура шаклида топширган ҳолда режани бажарган.

Ўрганишда, шартномада белгиланган пилла ҳом ашёсини топшириш режасини тўлиқ бажара олмаган 45 та фермер хўжалик раҳбарлари бажарилмаган қисми учун зарарни тўлаш мақсадида жисмоний шахс сифатида “Агробанк” Учкўприк туман филиалига микроқарз олиш учун ариза берганлиги, лекин, банк томонидан маблағ чиқариб берилмаганлиги маълум бўлди.

Шу билан бирга, “Бахшитол Собиржон ариқ бўйи” ва “Саховатпеша Ёқубжон” фермер хўжаликлари томонидан жами 7 қути ипак қуртлари заҳарланиб, нобуд бўлганлиги юзасидан далолатномалар расмийлаштирилиб, фермер хўжаликлари жами 385 килограмм пилла ҳом ашёсини топширишдан озод қилинган.

Пилла ҳом ашёсини топшириш бўйича контрактация шартномасини бажармаган фермер хўжалик раҳбарларидан тушунтириш хати олинганида шартнома шартлари билан тўлиқ таниш эканлигини ва етказилган зарарларни қопланиши юзасидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишган.

Контрактация шартномасининг 5-қисмида шартнома бўйича келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққанда, тарафлар қоидага кўра. мустақил равишда ёки туман (шаҳар) ҳокимликларида ташкил қилинган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия уларни судгача ҳал этиш чораларини кўриши, агар тарафлар ўзаро келиша олмаган тақдирда келишмовчилик ва низолар суд тартибида ҳал қилиниши қайд этилган.

Юқоридагиларга асосан, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган “Пилла режасини бажармаган фермерлардан нақд пул ундириб олинмоқда!” номли мақолада қайд этилган Учкўприк туманида пилла режасини бажармаган фермер хўжаликларидан нақд пул ундириб олинаётганлиги ҳақидаги ҳабар ўз тасдиғини топмади".

Алоқадор

XS
SM
MD
LG