Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Мирзиёев пиллачиликдаги қолоқликни ҳам қарор билан ўнгламоқчи


“Пиллакорларнинг етарли даражада ва ўз вақтида моддий рағбатлантирилмаслиги уларнинг пилла боқишга бўлган қизиқишини сўндирмоқда”.

Президент Мирзиёев 29 мартда имзолаган қарорга илова қилинган шарҳдан олинган бу гап замиридаги абгор аҳвол йиллардан буён Озодлик хабарларида акс этиб келаётган эди.

Ўзбекистон раҳбарининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида пиллакорларга бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилганки, бу – “икки қаватли” ҳужжатнинг иккинчи қаватидир.

Бугун қарорнинг шу “қаватига” тўхталамиз.

"Қуртлаган" соҳа

Ўзбекистонда пиллачилик соҳаси йиллардан буён нақадар абгор аҳволда қолиб келаётганини тасаввур қилиш учун Озодликда бу мавзуда эълон қилинган мақолалардан учтасининг қуйидаги сарлавҳаларинигина ўқиш кифоя қилади:

2017, январь: “Наманганлик боғбонлар ипак қурти боқиш учун шартнома тузишга мажбурланмоқда”.

2016, июнь: “Фермер: “Пилладан деҳқонга кирим эмас, чиқим бўляпти”.

2015 йил, июнь: “Жиззах тумани ҳокими директор, мудир ва оқсоқолга пилла солиғи солди”.

Мана бу эса, Жиззахдаги бугунги гап...

Жиззахнинг Зарбдорида яшайдиган 33 яшар фермер йигит билан у 45 га ерда деҳқончилик қилиши;

ҳар йили 2 қути қурт боқиши;

2 қутидан 100 кг пилла топшириши лозимлиги;

фермерларнинг кўпчилиги қуртни ўзи боқмай қишлоқдошларига боқтириши;

режани бажаролмай қолган фермерлар пиллани режани бажарганлардан сотиб олиб, давлатга топшириши;

туманда мавжуд тут дарахтлари эҳтиёжни қоплай олмаслиги тўғрисида жуда узоқ гаплашдик.

Озодликнинг “Агар ҳокимият ипак қурти боқишга мажбурламаса, ўз ихтиёрингиз билан боқармидингиз”, деган саволига жиззахлик фермер дарҳол “Йўқ, албатта, чунки қурт биринчидан ёш боладан нозик, иккинчидан пули меҳнатига яраша эмас”, деб жавоб берди.

ва Намангандаги кечагию бугунги гап

Наманганнинг Мингбулоғида яшайдиган 50 яшар Мухторалининг сўзларига қараганда, пиллачиликдан барака 90-йилларнинг бошидаёқ кетган.

- 94-йилгача боққанман қурт. Ўша йили 1 қути қуртдан 67 кило пилла топширганман. Лекин эвазига ҳеч нарса олмаганман. Колхоз ваъда қилган нарсасини бермаган. Шунинг учун боқмай қўйганман, деди Мухторали.

90- йиллар бошида бутун постсовет мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам товар тақчиллиги мавжуд эдики, Мухторали айтаётган “колхознинг ваъдаси” - пилла эвазига кундалик эҳтиёж моллари эди.

“Ўша-ўша аҳвол ўнглангани йўқ, - дейди Мухторали, - шу кунда давлат фермерларни ва давлатдан ойлик оладиганларни мажбурлаб қурт боқтираяпти”

Уйини қуртга бўшатиб берган ўзбек

Маълумки, ипак қурти ўлмай, яхши ўсиши учун у боқиладиган хонада ўзгармас иссиқлик сақланиши керак. Шунинг учун ўзбекистонликлар Совет даврида қуртни ўзлари яшайдиган хоналарда боққан.

Мухторали ҳам 94- йилгача қуртни ўз уйида боққан:

- 4 хонали уйимнинг 3 хонасида қурт боққанман, 1 хонасида ўзимиз яшаганмиз.

Аҳвол бугун ҳам шундай ва Президент Мирзиёев имзолаган қарорга илова қилинган шарҳда бу ҳолат тан олинган:

“…ҳудудларда ипак қуртининг аҳоли хонадонларида боқилиши бир қатор ноқулайликлар туғдириб, мавсумдан кейин пилла боқилган хоналарни таъмирлаш аҳоли учун сезиларли даражада молиявий харажатларни талаб қилади”.

Лекин қарор матнидан бу ҳолат бундан кейин ҳам сақланиб қолишини тушуниш мумкин.

“уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилсин”, дейилган қарорда.

Мана шу нуқтада Президентнинг юқорида айтганимиз “икки қаватли” қарорининг иккинчи қаватига тўхталамиз.

“Биринчи қават” “Ўзбекипаксаноат” уюшмасинини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида бўлса, “иккинчи қават”да пиллакорлар учун бир қатор имтиёзлар белгилаб қўйилган.

Бу ҳақда қарорга илова қилинган шарҳда мана бундай дейилган:

“2023 йил 1 январгача [пиллачилик соҳаси] корхоналари ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилиниши, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган”.

Сўнгги гап мазмунини алоҳида сатрга чиқаргимиз келди: ўз уйида пилла боққан фуқаронинг пилла боқиш билан банд бўлган 1-1,5 ойлик вақти 1 йилга ўтади.

Президент қароридан пировард мақсад

Қарор муаллифининг ҳисоб-китобича, у назарда тутаётган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилса, пилла етиштириш йиллик ҳажми ҳозирги 25 минг тоннадан 2021 йилга бориб 35 минг тоннага етказилади.

Ва ниҳоят, Президент қарорига илова қилинган шарҳдан яна бир муҳим парча:

“Жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш тармоқда меҳнат қилаётган ишчилар тажрибаси ва моддий манфаатдорлигига боғлиқ”.

XS
SM
MD
LG