Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:53

OzodTarmoq: Тўғоннинг уриб кетиши – иситмаси яширилган касаллик


OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда айни кунларда жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаëтган воқеа-ҳодисалар ҳақида билдирилаётган айрим мулоҳазалар эътиборингизга тақдим этилади. Воқеаларга берилаëтган баҳолар мутлақо муаллиф позицияси. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг Фейсбукдаги ўз саҳифасида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда.

"Сардобадаги тўғоннинг уриб кетиши, пастдаги қишлоқларнинг сув олиши бу – иситма ёки таъбир жоиз бўлса, айсбергнинг учи, холос. Келинг, шу иситманинг ёки айсбергнинг остига тушишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Йўқ, масалага прокурор каби ёндашмаймиз, балки бир тадқиқотчи сингари умумий ёндашамиз. Бундай ёндашувда ҳеч ким жазоланмаса-да, келажакда бу каби фалокатларнинг олди олиниши мумкин. Албатта, натижаларга қулоқ солинса. Жамоатчилик фикрларини элакдан ўтказиб, сарагини ишлатган жамиятлар яхши томонга ўзгаради.

Шундай қилиб, нега бу ҳодиса рўй берди?

Тўғон қуриш ҳақиқий мутахассисларнинг қўлига топширилмаган. Ҳақиқий мутахассис ким? У ўз ишининг устаси ва ҳалол одам. Шундай одам қурмаган тўғонни. Ёки шундай одамга имкон берилмаган. Бунинг сабаблари турлича бўлиши мумкин: коррупциядан тортиб, тизимдаги уқувсизликкача!..

Энди бу биттагина мисол.

Шу биттагина мисолдан кўплаб бошқа мисолларга, муаммоларга бориш мумкин. Улар ҳам мўрт тўғон каби жамиятда мадда боғлаб ётибди. Уларни ҳам шу кўйга солаётганлар турли йўллар билан соҳалар бошига келиб қолган тасодифий каслар – чала мутахассису чала одамлардир!

Хулоса шуки, ҳар бир соҳа жиловини ўз одамига, ўз мутахассисига топшириш керак, ниҳоят!.. Афсуски, Республиканинг кўп жойларида жиловлар тасодифий раҳбарлар қўлида. Бундай раҳбарлар одатда соҳага эмас, ўзидан бир поғона тепадаги каттароқ амалдорга хизмат қилади. Бундай ҳолда тўртта-бешта раҳбару раҳбарчаларнинг шахсий томорқаси гуллаб кетиши мумкину, лекин улар бош бўлиб турган соҳалар қуриб битиши аниқ.

Нега тасодифий одамлар раҳбар бўлиб қолмоқда?

Чунки улардан-да каттароқ раҳбарлар шуни хоҳлашмоқда. Улар танқидни кўтара олишмайди. Ишнинг ҳақиқий мутахассиси эса, у билан соҳа бўйича тортишиб қолиши, ундай эмас, бундай дея, ўз профессионал қарашларини илгари суриши мумкин. Катта раҳбарлар одатда шундан қочади, қўрқади ва ён-атрофига лаббайчи-маддоҳларни, қуллиқчи-хизматкорларни йиғиб олади. Чунки уларда билим йўқ, тажриба йўқ, бас, катта раҳбарлар нима деса, кичиклари робот каби шуни бажаради. Топшириқнинг реал вазиятга қай даражада тўғри келиб-келмаслиги ҳақида эса, ўйлаб ҳам ўтирмайди. Натижада, улар қурган тўғонни сув уради, улар тайёрлаган футболчиларни рақиблар суради ва ҳоказо...

Қисқаси, ривожланмоқчи бўлсак, соҳалар бошқарувини ҳақиқий мутахассисларига бериш керак! Ҳамда енг шимариб астойдил ишлашларига қўйиб берайлик. Йўқса, ҳали кўп “тўғон”лардан хавфсираб яшашга тўғри келади..."

2020 йил 2-май

XS
SM
MD
LG