Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:44

OzodTarmoq: "4-5 миллион камбағал эмас, шунча қашшоқ бор!"


Муаззам Иброҳимова
Муаззам Иброҳимова

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда айни кунларда жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаëтган воқеа-ҳодисаларга берилаётган айрим мулоҳазалар эътиборингизга тақдим этилади. Воқеаларга берилаëтган баҳолар мутлақо муаллиф позициясидир. Муаллиф позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида ўзбекистонлик таниқли блогер, ёзувчи Муаззам Иброҳимованинг Facebook саҳифасида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда.

Стилистика ва имло муаллифники.

Жаноб президент!

Сизга матн ёзиб берадиганларнинг фаросати борми?!
Ёки " қовуннинг энг каттасини Президентнинг ўзи тушира қолсин" деб мехрибончилик қилишяпими?

"Уйда ётиш тизими" деган янги иборани қайси ошқовоқ ёзиб берган? Бу меҳнаткаш халқимиз учун хақорат эмасми?!

Сизни билмадиму, шахсан ўзим таниган, чумолидай тинмай мехнат қилса ҳам бири икки бўлмаётган жафокаш, жабрдийда Ватандошларим учун бу катта хақоратдир!

Шу тузумда. нафас олишга харакат қилаётган манглайи шўр борки, тайинли иш ўрни бўлмаса ҳам яшаш учун курашяпти. Ярим сотих ери бор ҳам нимадир экиб сотади. Ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси бўлмаса ҳам уйида бичиб-тикади, хунармандчилик қилади. Жуда бўлмаса бировларнинг қўлида хизматкорлик, мардикорчилик қилиб бола -чақа боқяпти.

Сизнинг оташин нутқингизда зикр этилган ётволиб ейдиганлар пастда эмас, тепада! Сизнинг атрофингиз, сизнинг даврангиз, сизнинг тишингиз ўтмаётган тизимда!

Ётволиб еяётганлар маълум бир амалга қинғир йўллар билан эришганлар, шарти ҳам, парти ҳам, мияси хам кетиб, аммо люстрация қилинмаган собиқ коммунистлар ёхуд ўша амалдорларнинг соясида кайфини суриб юрган қариндош уруғию, сон -саноқсиз.таниш билишларидир!

Халқнинг ҳаққини аллақачон чет эл банкларига ўтказиб, бола-чақа, невара-чеварасигача бахтли келажак қуриб қўйганлар ётса хам, турса ҳам мазза қилиб еяпти!

Агар халқ ётволиб еганида мурғаккина болалари бедаво дардлардан азобланиб ўлиб кетавермасди. Саратон, қон касалликлари ва бошқа истаган шифохонанинг .болалар бўлимига қадам ранжида қилинг, қанча бойнинг боласини топасиз?! Қайси амалдорнинг боласи ноиложликдан шифтга тикиб, ўлимини кутиб ётади?

Ётволиб еядиганлар донаси фалон пул турадиган дориларни хам бемалол сотволиб, бегуноҳ гўдакларини ажал комидан тортиб олишади...

Энг яхши нарсасини гўдагига илинадиган болажон халқимнинг болалари очлиги учун ҳам турли бедаво хасталиклар урчиб кетяпти. Унутманг, бўш қоп ҳеч қачон тик турмайди!

"4-5 миллион камбағал бор" деган ибора ҳам ғирт ёлгон! 4-5 миллион камбағал эмас, "4-5 миллион қашшоқ бор!" деб ёзганларида тўғрироқ бўларди!

Қолгани камбагал! Ҳа, ҳа, итдай ишлаб, куни ўтаётган, аммо ИНСОНДАЙ яшай олмаётган қатламни камбағал дейилади. Бундай юртдошларимиз эса 15% дан 2-3 баробар кўпроқдир!

Бир нарсага ҳеч ақлим етмайди. Нега сиз устозингиз қилган хатолардан хулоса чиқармаяпсиз?!

Каримовнинг нутқлари ҳам ёлғон, риёга тўла эди. Шунақа суппер ёлғончи, мошенник ёзувчилар ёзишардики, хатто Президентнинг ўзи ҳам ҳайрон, қогозда ёзилган фактларга ишониб қоларди.

Сизнинг нутқларингиз эса Каримовникини токчага чиқариб қўйяпти! Наҳотки, реал ҳаётни кўриш, онгли фикрлаш учун қогоздаги сафсаталаргагина таянсангиз?!

Жаноб Президент! Унутманг! Биринчи Президентни ҳам теварагингизга терилиб турган одамнусха шайтонлар, ёлгончи, фирибгар, нафсига қул каламушлар йўлдан уришган.

Улар бор экан, сиз ҳеч қачон обрў топа олмайсиз!

Қашшоқликни халққа имкон берсангиз ўзи тугатади. Аммо отнинг калласидек солиқлар, тутуриқсиз қарорлар, ишламаётган Қонунлар билан фақирликка бархам бериб бўладими?!

Ҳатто қўшни Қозоғистон ҳам ишлайман деган одамга, кичик бизнесга катта имкониятлар, жудаям фоизи оз кредитлар беряпти. Ўзларини тиклаб олгунча солиқлардан озод этяпти!

Биздачи?! Қаерга қарама юлғучлик, адолатсизлик, ноҳақлик!
Халқни эшитишга вақти, хохиши йўқ амалдорлар билан халқнинг турмуш тарзини ўнглаб бўладими?!

Сизга биргина мисол келтираман.

Туркияда минглаб ватандошларимиз мусофирчиликда юрибди. Уларнинг аксарияти 500$ ойлик учун оддий хизматкор. Бар, кафе, меҳмонхона, бозорларда ўзбекистонлик тўла. Хонадонларда хизматкорлик қилаётганлар, болалар, қарияларига қараётганлар ҳам ўзимизникилар. Энг ёмони депутат Ширин Унал каби тўнғиз ҳирс ҳайвонларнинг, зулмкор, зўравонларнинг қурбонига айланаётганлар болаларимиз хам ўзимизники!

Ўша ошхона, бар, меҳмонхона, хонадонларда хизматкорлик қилаётганларни ҳунарга ўргатиш, юртимизга фойда келтирадиган соҳаларга жалб қилиш мумкин дея, реал таклифлар билан бир неча амалдорларга шахсан ўзим мурожаат қилдим.

Энг ажабланарлиси, ниятимни англаган Турк амалдорлари қўлдан келганча ёрдам беришга, битта завод ёки корхонада имкон даражасида уста тайёрлаб беришга тайёр, фақат давлатлараро расмий шартнома бўлса!

Ишлаб чиқаришда илғор корхоналарнинг Туркияда минглаб эканини ҳисобга олсак, демак анча ёшларимиз ҳунарли бўлиб қолишарди. Турк ишбилармонлари, амалдорлари, журналистлари қўллаб-қувватлашга тайёр ғояга ўзимизникилар миқ этмади!

Нима, бизникилар ақллироқми? Балки бундан ҳам зўр лойиҳалари бордир? Агар шундай бўлса нега жим туришибди? Нега амалий ишларга тезроқ ўтишмаяпти?

Бир мансабдор мени очиқ истеҳзо билан, сансираб, "ана, керакли кадрларга тил ўргатиб, кейин ўқитиб, ўргатиб келяпмиз. Сен ақлинг етмаган соҳага аралашмай қўяқол" деди.

Эй ошқовоқ! Мен ҳам сени ҳеч бўлмаса шу ерда мазза қилиб сансираб, юрагимдагиларни айтай.

Мен сенга малака оширишга муҳтож олий маълумотли кадрлар ҳақида эмас, умуман ҳунари йўқ, мусофирларимиз хақида гапирдимку! Наҳотки шуни англаш бу қадар қийин бўлса?! Энагўлда ясалган энг арзон 800-1500$ долларлик ётоқхона мебеллар тўплами Тошкентда 2500-4000$ дан сотиляпти. Агар элликта болани Энагўлдаги элликта мебель цехига шогирдликка жойлаштирсак, эртага ўша йигитлар ҳам мардикор бўлиб эмас, рақобатбардош мебеллар устаси бўлиб пул топарди! Нафақат мебель, мевани, сутни қайта ишлаш, кимё, текстиль саноати, аграр соҳа...

Хуллас хаммасидан йигирма, ўттиз йил орқадамизку. Туркияда мана-ман деган ишбилармон, бой инсон билан суҳбатлашиб қолсангиз уни бой қилган соҳа сирларини Оврўпа ёки Америкада ўрганиб келганини айтади. Ривожланган мамлакатларда ўрганган ҳунари, олган билими билангина кучли рақобатчиларга бас келаётганини таъкидлайди. Йигирма, ўттиз йил олдинга ўтиб кетган давлатларга ҳавас қилиб , мунтазам тажриба алмашиб туришади.

Оврўпаку бизнинг фуқароларимизга ҳунар ўргатиб қўймас. Аммо тили, дили яқин қардошларимиз "ҳар қандай амалий ёрдамга тайёрмиз" деб турганида бизникилардан сас-садо чиқмаса қачон одамдай яшаймиз?!

Қачон ?!
Қачон?!
Қачон?!

Шахсан ўзим, туркчада бинойидек гаплашаётган ватандошларимиз билан суҳбатлашганимда ҳунар ўрганиш истаги борлиги, фақат корхоналар ишга қабул қилиб усталарга шогирд бўлиши учун баъзи ҳужжатлар, шу жумладан Соғлиқ суғуртасини талаб қилишини баён этишади.

Агар икки давлат ўртасида маълум келишувлар асосида шартнома тузиб, энг зўр соҳаларига меҳнатга чанқоқ, ишдан қочмайдиган мусофир ёшларимизни жалб қилсак, маълум муддатдан сўнг улар Ватанга қайтиб, қолоқ соҳаларнинг қулоғидан тортиб турғизади ва ўзимизнинг усталар ўзимизда яна минглаб шогирдлар тайёрлашардику!

Жаноб Президент!
Қаранг, бир йилда четдан қанча мусофир мардикорнинг тобути қайтяпти? Улар сизга , халқимизга, Ватанимизга керак эмасмиди?
Бировларнинг қўлида эзилаётган, қулдай сотилаётган, алданиб қолаётган, ёхуд қайсидир баднафсларнинг қучоғида хорланаётган ожиза мардикорларимизнинг ҳоли эса тобутдагилардан оғирроқ!

Мен ақлим, имконим етганча ўша жабрдийдаларга ёрдам бермоқчи эдим. Афсус..

Ишонсангиз кунда ўн бора телефонимга қараб, хабар кутдим. Ахийри энг ишонган ва хурмат қиладиган амалдорларга ҳам ишонмай қўйдим.

Сиз юқори мансабларга муносиб кўраётган, рокировка қилиб чарчамайдиган амалдорларнинг аксарияти ёнингизда "Хўжам кўрсин" га блокнотга ёзишгагина ярайдиган сўтаклар эканини халқ кўриб турибди.

Сиз амалда ўтириб ейиш тизимига бархам беринг, етади!

Халқнинг хаққидан оила, бола-чақа боқиб, яна ўша халқнинг ўзини айбдор кўрсатганларни эса илоҳим халқнинг уволи тутсин!

Муаззам Иброҳимова

XS
SM
MD
LG