Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:39

“Банк ходимлари дам олиш кунлари ҳам маҳаллама-маҳалла кезишга мажбурланди”


Uzbekistan- Banner OzodMaktub
Uzbekistan- Banner OzodMaktub

“Банк тизими ходимларини мажбурий ишлатиш, иш тартибидаги адолатсизликлар ҳамон давом этмоқда. 7 март, иш куни тугаши арафасида олдиндаги байрам кунлари ҳақида ширин хаёлларга берилиб тургандик. Кайфиятимизни хуфтон қилиб, дам олиш кунларида қилишимиз керак бўлган топшириқларни беришди".

Озодликка келган хатлардан бири шундай бошланган. Мактубнинг давомини ўқинг:

"Мана, ўша топшириқларнинг айримлари:

Бугунги ўтказилган селектордан келиб чиқиб, туман ҳокими ўринбосарлари билан келишиб, намунавий иккитадан маҳалла танлаб олинади. Уларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Марказий банк раиси ўринбосари келади.

Ҳудудларга чиқиб намунавий маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар таништирилади. МФЙларга бириктирилган масъул ходимларга қилинаётган ишларнинг мазмун-моҳияти, кредит ажратиш тартибини тўлиқ тушунтириш керак. Бундан ташқари, намунавий маҳаллаларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг (иссиқхона, парранда, балиқчилик, асаларичилик, тикувчилик йўналишларида) тахминий харажатлари, таъминотчилар рўйхати, харажатлар ва даромадлар тўғрисидаги маълумотномалар буклет шаклида тарқатилиши керак.

9 март куни эрталабдан Республика ишчи гуруҳи аъзолари белгиланган график бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилади. Фуқаролар билан суҳбатлашиб, лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишлар батафсил сўралади. Тумандаги мавжуд таъминотчилар рўйхати, зарурий хомашё (масалан, парранда еми ва қафасини қаердан олиш) тўғрисидаги маълумотлар масъул ходимлар ва бошқарувчиларда бўлиши зарур.

Намунавий маҳаллаларда кўпроқ ихтисослашувга эътибор берилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, тумандаги мавжуд маҳаллалар ҳамда бандлик маркази томонидан берилган кам таъминланган оилалар сони, ўрганишлар давомида нима ишлар қилинаётганлиги бўйича ходимларга яна бир бор тушунтиришлар бериш вазифаси юклатилади. Намунавий маҳалла ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича иш жараёни (иссиқхона қуриш, қуён қафаси, парранда ва ҳ.к) кўрсатилади. Амалга ошириладиган лойиҳаларнинг тахминий харажатлари (кредит тўловлари бўйича ҳисоб-китоб) ва амалга ошириладиган лойиҳаларнинг даромадлари тўғрисидаги тарқатма материаллар (йуналишлар бўйича) барча бириктирилган ходимларда ва маҳаллада кўринадиган жойларда бўлиши лозим.

Шунингдек, барча бириктирилган ходимларни ишга жалб этиб, хатлов ишларини давом эттириш, хатлов давомида аниқланган кредит талабгорлари ҳужжатларини тайёрлаб (асаларичилик йўналишига алоҳида эътибор бериш лозим) душанба 11 март куни кредит чиқаришга тайёр ҳолатга келтириш вазифаси топширилди.

Ушбу топшириқларни бошқа давлатлардаги банк ходимлари умуман тушунмаса керак. Ахир, булар банк соҳаси вакилларининг бевосита мажбуриятига кирмайдиган ишлар-да!

9-10 март кунлари қонунчиликда белгилангандек барча учун дам олиш куни ҳисобланади. Аммо шу кунларда оила аъзолари дийдорига тўйиш, байрамни яхши ўтказиш, баҳор келиб томорқалардаги йиғилиб ётган ишларга оз-моз қарашишни ният қилган банк ходими қаттиқ адашади.

Дам олиш кунисиз ишлаш унумдорлик ва меҳнат муҳитига салбий таъсир этади. Топшириқлар ҳам ижро этилмайди. Банк ходим мажбуриятидан ташқаридаги ишларни қўл учида қилади-да. Ўртада фақат бесамар кетган кун увол бўлади. Биз тинимсиз ишлаш ҳақида баландпарвоз гаплар айтяпмиз, холос. Аслида эса бу ҳол тараққиётга эмас, турғунликка олиб келади”.

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.​

XS
SM
MD
LG