Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

OzodDayjest: Деразадан улоқтирилгани айтилаётган талаба қиз тажовуз тафсилотларини очиқлади


Тегажоқликдан азият чеккан Муштарий Комилова “Тошкент ёшлар форуми-2021” да бошидан кечирганларини сўзлаб берди.
Тегажоқликдан азият чеккан Муштарий Комилова “Тошкент ёшлар форуми-2021” да бошидан кечирганларини сўзлаб берди.

Иқтисодчи ҳокимларнинг ҳотамтойларча баёнотларига муносабат билдирди. Жамоат транспортида нархни эмас, хизмат сифатини ошириш кераклиги эслатилди. Якунига етаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Йўл ҳақи оширилаётгани юзасидан келтирилган асос “мантиқсиз”деб баҳоланди

2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳар жамоат транспорти – автобус ва метро нархи 1700 сўм этиб белгиланиши кутилмоқда (“Маҳалла” газетаси, 18 декабрь).

Ваколатли идора муносабатига кўра, йўл ҳақини ошириш орқали “Тошшаҳартранcxизмат” ва “Тошкент метрополитени”нинг зарари камайиб, шаҳар бюджети харажати 128-130 млрд сўмга тежалади. Нарх оширилаётгани ҳақидаги хабар эътирозларга сабаб бўлди, бу борада келтирилган асос эса “мантиқсиз баҳона” деб аталди.

“Жамоат транспорти – автобуснинг нархи оширилаётганини бироз тушунса бўлар, бензин, керосин нархи анча ошди. Лекин электр энергия билан ҳаракатланадиган метро-чи? Нега иккисини баравар, бир хил нархда ошириш керак?! Ёки электр энергия нархи ҳам ошириладими?” деб ёзади газета.

Қайд этилишича, шу кунга қадар жамоат транспорти соҳасида ҳеч бир ислоҳот ўзини оқлагани йўқ. Масалан, автобусларга ўрнатилган GPS, автобекатлардаги йўналиш ҳаракатларини кузатиб борувчи таблолар каби “ура-ура”чилик билан бошланган қулайлик ва янгиликлар сувга тушган тошдек ғарқ бўлиб кетди. Афсуски, ҳамон жамоат транспортида ҳаракатланиш тартибга солинмаган, одамларнинг вақтини ўғирлаш, энг ёмони, автоҳалокатлар давом этмоқда.

Шунга кўра, мақолада нархни оширишдан олдин жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашни талаб қилинади.

“Умрида бирор марта жамоат транспортидан фойдаланмаган мансабдорлар халқ дардини қайдан ҳам билсин. Улар ҳам оддий халқ каби бир кун жамоат транспортида юришса, автобекатларда кута-кута тоқати тоқ бўлса, тиқилинчлар билан ишхонасига етиб борсагина тизимдаги мавжуд муаммони ҳис этишади”, дея ўзига хос ечим ҳам таклиф этади “Маҳалла” газетаси.

Деразадан улоқтирилгани айтилаётган талаба қиз тажовуз тафсилотларини очиқлади

Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари лавозимида ишлаган Боғабек Йўлдошев нафақат Муштарий Комиловага, балки унинг бошқа курсдошларига ҳам шилқимлик қилган. Бу ҳақда М.Комилова “Тошкент ёшлар форуми-2021” доирасида ўтказилган “Аёллар форуми”да сўзлаб берган (www.qalampir.uz, 21 декабрь).

“Бу йилги Янги йилни шу аравачада ўтириб кутиб олишимни ҳеч ҳам ўйламагандим. Дўстларим, севимли ишим, ўқишим ва келажак учун катта режаларим бор эди. Аммо жорий йилнинг 18 октябрь куни саноқли сонияларда ҳаммасини йўқотдим. Менинг орзуларим ва ҳаётимни ўғирлаган инсоннинг исми — Боғабек Йўлдошев. Университетимда декан ўринбосари лавозимида ишлаган, менинг номусимга тегишга ҳаракат қилиб, сўнг деразадан улоқтирди”, деди талаба қиз.

М.Комилова сўзи давомида бўлиб ўтган воқеадан сўнг университет, шунингдек, бошқа орган вакиллари келиб, ишни босди-босди қилиш мақсадида унга босим ўтказишга ҳаракат қилганини айтди.

Талаба қизнинг айтишича, бугунги кунга қадар декан ўринбосарининг оила аъзолари унга пул ва қимматбаҳо машина таклиф қилган. Аммо бу таклифлар рад этилган.

М.Комилованинг иддаосича, у жорий йил 18 октябрь куни Зулфия номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилик кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.

Айни пайтда ҳибсда бўлган Б.Йўлдошев эса терговда талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган. Бу борада якуний хулоса суд томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.

“Давлатнинг пули деган тушунча йўқ” – иқтисодчи ҳотамтой ҳокимлар ҳақида

Фарғона вилояти ҳокими 5 кг дан ортиқ вазн ташлаганларга йўқотган ҳар бир килограмми учун 500 минг сўм ваъда қилди. Андижон вилояти ҳокими эса пиёда юришга тарғиб қилишда намуна бўлган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Дубайга саёҳатга жўнатишини айтди.

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов ҳокимларнинг бу баёнотларига муносабат билдирди (www.kun.uz, 22 декабрь).

“Аслида давлатнинг пули деган тушунча йўқлигини қайта-қайта айтиш керак. Солиқ тўловчиларнинг пули деган тушунча бор. Шунинг учун бу давлатнинг пулига келган, давлат тўлаб қўйган, давлатнинг ҳисобига қилинган деган гапларга тузатиш киритиб, пуллар солиқ тўловчиларники эканини эслаб кетиш зарар қилмайди”, дейди иқтисодчи.

Таъкидланишича, бюджет маблағи, аниқроғи, солиқ тўловчиларнинг пулларини сарфлаш борасида қарорлар ижро ҳокимияти ёки ҳокимлар эмас, балки парламент томонидан ҳал этилиши керак. Негаки, ижроия ҳокимияти ва ҳокимлар устидан назорат, ҳисобдорлик, шаффофлик бўлмаса, бюджет маблағи самарали ишлатилмайди.

“АҚШлик бир конгрессмен айтган экан: “Бир биридан фарқли уч тоифадаги одамлар – ёш болалар, ўғрилар ва сиёсатчилар – учаласи ҳам бошқа одамларнинг пулларини сарфлайдилар. Шунинг учун учаласининг устидан назорат керак”, деб иқтибос келтиради иқтисодчи.

Муаллиф узоқ орзудаги эмас, балки оддий ва нормал Ўзбекистонда парламентнинг кучи ижро ҳокимиятиникидан кўра амалда каттароқ бўлишига умид билдирган.

XS
SM
MD
LG