Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:19

"Кўча" қўлига ўтаётган бозорлар, тақиқдаги фильм ва Мунисанинг 8 хонали гардероби


“Ўзбеккино”дан “қора рўйхат”даги фильм юзасидан изоҳ талаб этилди. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида бозорларни жиноий гуруҳлар назорат қилмоқда. Хонанда Муниса Ризаева юлдузлар ҳаётига бағишланган лойиҳада 8 хонадан иборат, 500 квадрат метр майдонни эгаллаган гардеробини намойиш этди...

Ортда қолган ҳафтада маҳаллий ОАВ ёритган баъзи мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Ҳимоя учун ўлпон” – бозорлар “кўча” қўлига ўтмоқдами?!

Ўзбекистондаги бозорлар атрофини эгаллаб олган ёймачилардан жиноят олами вакиллари "доля" олиб келаётгани ҳақида “Рост24” ёзди.
Ўзбекистондаги бозорлар атрофини эгаллаб олган ёймачилардан жиноят олами вакиллари "доля" олиб келаётгани ҳақида “Рост24” ёзди.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида замонавий савдо мажмуалари, бозорлар бошқаруви давлатдан “кўча” қўлига ўтмоқда (“Рост24”, 27 ноябрь). Қайд этилишича, шу кунларда аҳоли гавжум бозорлар атрофи ёймачилар билан тўлиқ қуршаб олингани боис замонавий бозорларга бемалол киришнинг имкони йўқ. Ёймачилар 2020 йили карантин сабаб бозорлар ёпилгач, унинг атрофида тўплана бошлаган. Масалан, Тошкентдаги “Ипподром” бозори атрофида 600 га яқин ёймачи бор. Бу рақам катталашишда давом этмоқда.

“Рост24” нашри суриштирувига кўра, жой қилиб берилгани учун ҳар ой ўлпон олиб кетилмоқда. “Ипподром” олдидаги катта йўл бўйида савдо қилувчилардан бири ҳар ой 150 доллар беришини маълум қилган. Бу пулни ташкилотчилик тепасида турганлар йиғиб кетади. Исми ошкор бўлишидан қўрққан сотувчи 150 доллар аслида энг кам “доля” ҳисобланиши, баъзилар бундан ҳам катта суммада ҳимоя тўловини беришини маълум қилган. Тахминий ҳисобга қараганда, биргина “Ипподром” бозори атрофидаги жойлардан 90 минг доллар ноқонуний ўлпон йиғилади.

Нашр “Бундай “даромад” ортида кичкина одамлар турмаса керак, ҳарҳолда”, деб ёзар экан, ҳолатни ҳуқуқ идоралари текшириши кераклигини уқтиради.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев яқинда Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида пойтахтда жиноятчилик ҳолатлари ошгани ҳақида гапириб, шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда прокурорининг фаолиятини танқид қилган эди.

“Тошкентдаги жиноятчилик бўйича вазиятни мен айтмай, сизлар эшитманг. Жиноятчилар орасида “солиқчилар” пайдо бўлди ҳозир. Улар бозорлардан солиқ ундиришяпти, давлатдан алоҳида солиқ оладиган гуруҳлар пайдо бўлган. Мен ер тагида илон қимирласа биламан. Биз бундайларни дарҳол жиловлашимиз керак, жиловлаймиз ҳам”, деган эди Ш.Мирзиёев.

Шуҳрат Аббосовнинг тақиқланган фильми юзасидан изоҳ сўралди

СССР халқ артисти, режиссëр Шуҳрат Аббосов
СССР халқ артисти, режиссëр Шуҳрат Аббосов

“Ўзбеккино” идорасидан ўтган асрнинг 90-йилларида атоқли режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган “Отамдан қолган далалар” фильми юзасидан баёнот бериш талаб этилди (“Ишонч” газетаси, 2 декабрь). Ўзбекистоннинг чор армияси томонидан босиб олиниши ва умуман мустабид сиёсат ҳақидаги кинокартина ёзувчи Тоғай Муроднинг шу номли романи асосида яратилган. Аммо бу фильм намойиши тўхтатилиб, “қора рўйхат”га киритилган.

“Тўғри, ўша пайтда биз ҳозир айтаётгандай сиёсий қўрқув бор эди, плюрализм бўғилган, адабиёт ва санъатда устакор цензура ҳукмрон эди. Бироқ ҳозир-чи, бугун биз эркинмиз, фикр ва сўз “овчилари”ни мавҳ этдик, деяётирмиз... Гап ўша нозик жиҳат – тарихий ҳақиқат – бизнинг “дўстларимиз” томонидан босиб олинганимиз ва бу босқиннинг миллат кечмиши, тафаккуридаги емирилишлар, хўрликлар ҳақидаги ушбу асарни бугун кенг саҳнага олиб чиқа оламизми, йўқми?” дея савол қўяди газета.

Қайд этилишича, бу – мамлакатда чекловлар, тақиқлар бор ёки йўқлигини белгилаб берадиган масаладир.

“Эсимда, Бухорода ўтказилган кино кунларида ҳаво 20 даража совуқ эди. Залда тумонат одам. Мен қалин кийиниб олган бўлсам-да, музлаб қолганимдан совуқда ўн дақиқа ҳам ўтиролмадим. Ҳаттоки кичкина болаларгача тўрт соатли кинони охиригача кўрди, ҳеч ким залдан чиқиб кетмади. Бунга сабаб нима эди? Ахир “Отамдан қолган далалар” фильми Америка киноларига ўхшаб детектив бўлмаса ёки Мексика сериалларига ўхшаб бир илмоқ билан томошабинни алдаб ўтирмаса… Йўқ! Томошабинни фильм охиригача ўтиришга мажбур этган сабаб – экранда аёвсиз, ҳаққоний ҳаёт кечмоқда эди”, деб ёзган Шуҳрат Аббосов ёзувчи Тоғай Мурод ҳақидаги хотирасида.

“Кийим жиннисиман” – Муниса Ризаева 8 хонани эгаллаган улкан гардеробини кўз-кўз қилди

Муниса Ризаева. Ижтимоий тармоқ саҳифасидан скриншот
Муниса Ризаева. Ижтимоий тармоқ саҳифасидан скриншот

Хонанда Муниса Ризаева юлдузлар ҳаётига бағишланган лойиҳада 8 хонадан иборат, 500 квадрат метр майдонни эгаллаган гардеробини намойиш этди, деб хабар беради “Daryo.uz” нашри.

“Кийимларнинг жиннисиман. Битта кийимни икки марта кияман, учинчи марта киймайман. Киймайдиган кийимларимни тарқатвораман. 2011 йилдан бошлаб топган даромадимнинг 80 фоизини кийим-кечакка сарфлайман”, деган М.Ризаева.

Маълум бўлишича, Hermes, Tom Ford, Cristian Dior, Gucci унинг хуш кўрган брендлари, гардеробидаги энг қиммат либос эса Chanel брендига мансуб оқ кўйлакдир.

“Кийимларимнинг нархи жуда кўпчилик ололмайдиган даражада қиммат бўлгани учун уларнинг нархини айтишни истамайман”, деган хонанда.

М.Ризаева умуман уй ишларини қилмаслигини яширмаган.

“Чанг артмайман, овқат қилмайман, чунки вақтим йўқ, лекин турмушга чиқсам, буларни ўзим қиламан”, деган у.

Аввалроқ ушбу хонанда тўйдаги чиқишлари орқали кунига 8000 долларгача ишлаб топаётгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

“Муниса Ризаева ўзбекистонлик ўқитувчи ва шифокорлар йиллаб ишлаб топа олмайдиган пулни бир кунда топади”, дея изоҳ берган эди ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари.

М.Ризаева ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали қимматбаҳо уй ва машиналарини кўз-кўз қилишга одатланган. Виртуал оламда анча фаол бўлган қўшиқчи биргина Instagram тармоғида 5 миллион обуначига эга.

XS
SM
MD
LG