Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

OzodDayjest: Дўппи тор келиб қолса, Хитой қарз эвазига Ўзбекистонга қандай талаб қўяди?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ортиқхўжаев дарахтлар кесилишида ҳокимиятнинг ҳам айби борлигини тан олди. “Марказий Осиёда ягона” дея шов-шув кўтарилган завод юзасидан изоҳ талаб қилинди. Тошкентда бунёд этилаётган ерусти метроси учун Ўзбекистон Хитойдан ярим миллиард доллар миқдорида қарз олгани маълум бўлди. Ортда қолган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Ортиқхўжаев дарахтлар кесилишида ҳокимиятнинг ҳам айби борлигини тан олди

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь кунги ялпи мажлисида сенатор Баҳодир Тожиевнинг пойтахтда дарахтлар кесилиши юзасидан берган саволига жавоб берди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Сенатор эътирозига кўра, мораторийга қарамай дарахтларни кесиш давом этмоқда. Қолаверса, қурилиш ишлари давомида суғориш тизимларига шикаст етказилиши натижасида дарахтларнинг қуриши, касалланиши кўпайган.

Бунга жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахтлар шу вақтгача эгасиз бўлиб келгани туфайли кесилиш ҳоллари кўп бўлганини айтиб, бунда шаҳар ҳокимлигининг ҳам айби борлигини тан олди.

“Охирги йилларда умуман дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экологияга қарашли бўлган, на ҳокимиятга қарашли бўлган, рақамлаштирилмаган. Ким қаерда хоҳласа, дарахт экилган...
Ҳақиқатан, кесилиб кетган жойлари бор, шаҳар ҳокимлигининг бунга ёрдам беролмай қолган жойлари ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор. Мен буни тан оламан. Қурилиш майдонларида нобуд бўлган дарахтлар бор, уни ҳам тан оламан. Лекин охирги пайтда ерости сувлари сатҳининг қочиши шаҳардаги қурилишларга асло боғлиқ эмас. Бутун дунёда экология ўзгариб боряпти, фақат Тошкентда эмас, бутун дунёда ерости сувлари сатҳининг пасайиши юзага келяпти. Ўйлайманки, экологларимиз бунинг устида ишлашади”,
деган Тошкент ҳокими.

Қайд этилишича, бир неча ой аввал пойтахт ҳокимлиги қошида Рақамлаштириш маркази ишга туширилди. Мазкур марказ экология қўмитаси билан ҳамкорликда дарахтларни рақамлаштирмоқда.

Андижон ҳокими Президентга мақтаган заводда бугун маҳсулот ишлаб чиқарилмаяпти

Андижон туманидаги “Zamin Bio health” корхонасининг очилиш маросимида ушбу завод “Марказий Осиёда ягона” дея шов-шув кўтарилган эди, аммо ҳозирги кунда бу ерда маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани йўқ (“Рост24”, 13 декабрь).

2018 йил 27 апрелда инсулин маҳсулоти ишлаб чиқариши айтилган “Zamin Bio health” заводи расман очилган. Бу ишга вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бош-қош бўлган. 2018 йилнинг 19 майида президент Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур корхонада бўлиб, дори-дармонни маҳаллийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишган.

“Рост24” нашрига кўра, соғлиқни сақлаш вазирлиги билан “Zamin Bio health” МЧЖ ўртасида 2021 йил 6 март куни инсулин етказиб бериш бўйича 11 миллиард сўмли шартнома имзоланган, аммо корхонада шу 3 йиллик муддатда ишлаб чиқариш бўлмаган.

“Вазирлик тузган шартнома шартлари нима учун бажарилмаган? Бунга ким айбдор? Катта ва керакли корхона қачон тизимли иш фаолиятини йўлга қўяди? Шунча сармоя, шунча ҳаракат, маҳаллийлаштириш дастури, давлат раҳбарининг ишончи ва албатта халқнинг кўз ўнгида берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетган кўринади”, деб ёзади нашр.
“Рост24” нашри бу борада соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ талаб қилган.

“Zamin Bio health” заводи фақатгина Президентга кўз-кўз қилиниши учун қурилганмиди? Янги Ўзбекистонда ҳам коммунистик даврдаги каби кўзбўямачилик ва қўшиб ёзишлар давом этаётгани ҳайратланарли”, деб ёзади муаллиф.

Дўппи тор келиб қолса, Хитой қарз эвазига Ўзбекистонга қандай талаб қўяди?

Тошкентда бунёд этилаётган ерусти метроси учун Ўзбекистон Хитойдан ярим миллиард доллар миқдорида қарз олгани маълум бўлди (“Маҳалла” газетаси, 11 декабрь). Мазкур кредит 20 йил муддатга 5 йил имтиёзли давр билан тақдим этилган. Қайд этилишича, мамлакатнинг ташқи қарзи 36 миллиард АҚШ доллардан ошди.

“Қарзимиз шиддат билан ўсиб боряпти. Бор-йўғи икки йил илгари унинг миқдори 20 миллиарддан салгина ошганди. 36 миллиард АҚШ доллар ҳазилакам пул эмас. Бу ўринда ҳақли савол туғилади: нима, биз тўлиқ қарз эвазига яшаяпмизми? Турли халқаро донор ташкилотлар, йирик давлатлардан олинаётган бу пулларни қайтариб бериш ҳам керак-ку”, деб ёзади газета.

Таъкидланишича, ташқи қарз мамлакатларнинг суверенитетини дахл қилиши, қарз эвазига давлат ҳудудининг маълум қисмини топширишига тўғри келиши ҳам мумкин.
Газета бу борада Хитой томони қарзни қайтара олмаётгани важидан Қирғизистондан юқори кучланишли электр тармоқлари линиясини тортиб олиш билан таҳдид қилаётганини ёдга олган.

“Демак, агар дўппи тор келиб қолса, Хитой банки бизнинг метрони олиб қўйиш билан ҳам қўрқитиши мумкин экан-да? Унда шунча саъй-ҳаракат билан бунёд этганимиз аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бундан ташқари, кредитлар эвазига биз нафақат метро қуряпмиз, иссиқлик ва гидроэлектр станцияларини кенгайтириш, шамол ва қуёш станцияларини қуриш, тармоқларни янгилаш, республика аҳамиятига эга йўлларни қуриш, қишлоқ ҳўжалигини модернизация қилиш ва ҳатто банклар ликвидлигини таъминлашда ҳам чет эл компаниялари маблағлари, кредитлари аралашганини биламиз”, дея қарз борасида эҳтиёт бўлишга чақиради “Маҳалла” газетаси.

XS
SM
MD
LG