Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

OzodDayjest: ХДП раиси тажриба сифатида бирор шаҳарга ҳоким сайлаб кўриш таклифи билан чиқди


Халқ демократик партияси раиси “хонлик давридан қолган” амалдорларга эътироз билдирди. Бухорода “янги Аҳмадбой” қўлга олинди. Акмал Саидов ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, ҳам Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари бўлиб ишлаши қонунчиликка зид бўлиши мумкинлиги айтилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

ХДП раиси бирор шаҳарда ҳоким сайловини тажриба қилиб кўришни таклиф этди

Ўзбекистон халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов ҳокимларни сайлаш борасида таклиф билан чиқди (“Ўзбекистон овози”, 23 июнь).

“Ўйлайманки, биз бирон бир ривожланган инфратузилмага эга шаҳарда тажриба қилиб кўришимиз зарур. Бу биринчи тажриба бўлади, хатолар бўлади, албатта, лекин биз секин-аста шу хатолардан сабоқ оламиз. Дарҳақиқат, яқинда Қозоғистонда акимлар сайлови тўғрисида қонун қабул қилинди”, деган У.Иноятов.

ХДП раиси ҳудудларда депутатлар кенгаши ҳокимлар томонидан бошқарилишига эътироз билдирган.

“Фикримизча, кучли фуқаролик жамияти айнан шу йўлдан бориши керак. Депутатлар кенгаши раиси ҳоким бўлмаслиги ва у халқ сайлаган вакиллар олдида ҳисоб бериши керак. Шунда депутатнинг мақоми ҳам ошади”, деган у.

У. Иноятовга кўра, депутатлар қонун ҳимоясида, лекин бу баъзи амалдорларнинг маданияти ва аҳлоқига ҳам боғлиқ масала. Бугунги кунда жамият психологияси ўзгариб бормоқда, одамлар ноқонуний ҳаракатларга зудлик билан муносабат билдирмоқда.

“Бироқ айрим амалдорлар учун ҳамма нарса аввалгидек қолмоқда. Уларнинг хонлик давридагига ўхшаш қарашлари юқори лавозим столга мушт уриб, “ҳаммаси мен айтгандай бўлади” дейишга ҳуқуқ бермаслигини англашга имкон бермайди. Ҳамма нарса қонун доирасида бўлиши керак. Агар уларга нисбатан жазо қўлланса, улар ҳам қачондир ўзгаришлар вақти келганини англайдилар”, деган партия етакчиси.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳокимларни сайлаш масаласига бир неча бор муносабат билдирган. Жумладан, у жорий йил март ойида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда “Ҳокимлар ҳам сайлансин деган гаплар ҳам жуда кўп айтилаяпти. Буни мен ўзим ҳам айтганман. Лекин бир савол бор: ҳокимларни сайлашга биз ҳозир тайёрмизми? Биз битта маҳалла раисини ҳам адолатли сайлай олмаймиз-ку. Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?” деб таъкидлаган эди Ш.Мирзиёев.

Прокуратура Бухорода “янги Аҳмадбой” фаолиятига чек қўйди

Бухоро вилояти Пешкў туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар молиявий пирамида қурбони бўлишди (“Ҳуқуқ”, 2021 йил 23-сон). Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Аҳмад Ғуломов маълум қилган.

Қайд этилишича, фуқаро Шариф Зарипов пухта режа тузган ҳолда ўзи улғайган Куёвхўжа қишлоғида яшовчи қариндошлари ва яқин қўни-қўшниларини катта иш бошлагани, агар тадбиркорлигига ким нақд пул тикса қисқа муддат ичида пулни икки ҳисса қилиб қайтаришига ишонтирган.

“Шарифнинг уйдирмасига ишонган содда халқ унга мисқоллаб йиққан 714,8 минг АҚШ долларини қўшқўллаб топширди. Шариф Зарипов эса йиғилган пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юраверган”, деб ёзади прокуратура вакили.

Жиноят иши бўйича дастлаб вилоят прокуратураси, кейинчалик жабрланувчиларнинг талаби асосида Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ўтказилган. Пировардида суд ҳукми билан Ш.Зарипов 9 йилу 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Тергов давомида жабрланувчиларга етказилган зарар қопланмагани боис ҳолат бўйича қайта жиноят иши очилган. Тергов натижасига кўра айбланувчига тегишли бўлган 114 млн сўмлик футбол майдончаси, 16 минг долларли автомашина ва бошқа фуқароларга қарз сифатида берилган 31,1 минг доллар ва 4,5 млн сўм пул жабрланувчиларга етказилган зарар ҳисобига қайтарилган.

Маълум қилинишича, ҳозирда етказилган зарарни тўлиқ қоплаш чораси кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида айбдор деб топилиб узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев билан боғлиқ “Аҳмадбой иши” Ўзбекистонда энг узоқ давом этган, кўлами кенг бўлган жиноят иши деб баҳоланган эди.

Спикер ўринбосари Акмал Саидов Ўзбекистон қонунларини бузаётгани айтилди

Ўзбекистондаги таниқли амалдор Акмал Саидовнинг бир пайтнинг ўзида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаши қонунчиликка зид бўлиши мумкин (“Рост24”, 24 июнь).

Қайд этилишича, 63 ёшни қоралаган А.Саидов 20 йилдан ортиқ вақт давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Марказ директори мақоми Президент қарори билан вазир даражасига тенглаштирилган. Демак бир шахс бир вақтнинг ўзида икки вазифада – вазир, Олий Мажлис депутати лавозимида турибди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонунга кўра, депутатлар ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Аммо депутат А.Саидов маош олмаса-да, ҳақ тўланадиган, вазир билан тенглаштирилган, турли имтиёзлари бор лавозимда ишлаб келмоқда. Қонунчиликда эса маош олмасдан, истаган лавозимда ишлаган ҳолда парламентдаги депутатликни давом эттириш мумкинлиги қайд этилмаган.

“Қонун ижодкорлари бўлган депутатлар бу масалани қандай изоҳлайди? Депутатнинг қонунни бузмаганига қандай асос кўрсатилади. Истаган депутат ойлик олмасдан вазир бўлиб ишлаши мумкинми? Ўзбекистонда малакали кадрлар шу қадар танқисми? Бир нечта ўта масъулиятли фаолият турида пенсия ёшидаги фуқарони сақлаб қолишга эҳтиёж каттами?” дея мутасаддиларни саволга тутган нашр.

XS
SM
MD
LG