Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

OzodDayjest: Кўча тозаловчи аёллар маош ошиши борасида депутатлардан нажот кутмоқда


Ободонлаштириш ходимлари ўзларининг кўп йиллик муаммоси юзасидан ечим кутяпти. Келгуси йилда пиёз кескин қимматлаши тахмин қилинмоқда. Мактабгача таълим соҳасида “ўлик жонлар” сони ортган. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ободонлаштириш тизими ходимлари шароитсизликдан шикоят қилишмоқда

Кунига 9 соатлаб ишлаётган ободонлаштириш ходимларининг на тушлик қилиш, на кийим алмаштириш учун тайинли жойи бор (“Рост24”, 15 июнь). Улар аксар ҳолларда ўз ёнидан харажат қилиб, иш жойига етиб келади. Тўғри, ободонлаштириш ходимлари шаҳар транспортидан текин фойдаланиши мумкин. Аммо улар эртароқ иш бошлашга мажбур бўлган ҳолларда тонг саҳарда текин транспорт топа олмайдилар.

“Тонг саҳар соат беш яримда уйдан чиқамиз, олти-олти яримда иш бошлаймиз, соат саккизда кириб чой ичамиз, тушлигимиз ҳам ўша, кейин яна ишни соат учгача давом эттирамиз. Кафе, ошхоналарнинг ҳожатхонасига бизга киришга рухсат беришмайди, уришиб ҳайдаб юборишади. Илгари баъзилар бизга паст назар билан қарашар эди, ҳатто бизни қамоқдан чиққан аёллар деб ўйлаганлар ҳам бўлган. Ҳар куни 9 соат ишлаймиз. Бор-йўғи 1 млн 300 минг сўм ойлик оламан”, деган ободонлаштириш ходимаси.

Ободонлаштириш ходимлари кўп қаватли уйларнинг чивин босган, канализация ҳиди анқиб турган ертўлаларини тушлик қилиш ва кийим алмаштириш учун бошпана қилган.

Тошкент шаҳрида 12 мингдан ортиқ ободонлаштириш ходимлари меҳнат қилади. Маош камлиги – уларнинг кўп йиллик муаммоси. Масъулларнинг айтишича, уларнинг маошини кўтариш, иш жойини ташкиллаштириб бериш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига боғлиқ. Депутатларга эса ободонлаштириш бош бошқармаси томонидан маошни ошириш бўйича таклиф киритилиши лозим.

Деҳқонлар сувтекин бўлиб кетган пиёз ҳосилини шудгорлашга мажбур бўлди

Сурхондарё вилоятида ўнлаб гектар ерларга экилган пиёзлар етилган бўлишига қарамай, деҳқонлар томонидан нобуд қилинмоқда. Бунга сабзавот нархи кескин тушиб кетгани ва маҳсулотга бўлган талаб пастлиги сабаб бўлди (www.kun.uz, 14 июнь).

“Қумқўрғон чорбоғи” фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Шароповнинг айтишича, бу йилги пиёз ҳосили яхши бўлса-да, нархлар ачинарли даражада паст – килоси 300 сўм. Шу сабаб ҳосилни йиғиштириб олиш икки карра молиявий зарар келтиради. Ундан кўра, пиёзнинг устидан тракторда ҳайдаб юбориб, ўрнига бошқа экин экилгани яхшироқ.

Хўш, пиёз нега арзонлаб кетди? Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Ҳусниддин Каримовга кўра, бу йил Марказий Осиёда об-ҳаво деярли бир хил ҳароратда бўлди. Шу сабабли Ўзбекистонда пиёз Қозоғистон билан тенг етилди. Авваллари эса Сурхондарё пиёзи қўшни давлатникидан 20 кун олдин чиқарди. Бу вақт ичида анча тонна маҳсулотни сотиш мумкин бўларди. Қолаверса, деҳқонлардан маҳсулотни шартнома асосида олдиндан сотиш олиш тизими йўлга қўйилмаган.

Мутахассисларга кўра, маҳсулот нархи ўз харажатларини қоплашга ҳам етмаётгани келгуси йилларда озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров келгуси йилларда пиёз нархи кескин қимматлаши ва маҳсулот етишмовчилиги кузатилиши мумкинлигини айтди.

Боғчаларда “ўлик жонлар” кўпаймоқда

2020 йилги текширувларга кўра мактабгача таълим соҳасида “ўлик жонлар” сони ортган (“Жамият” газетаси, 17 июнь). Ўтган йили республика миқёсида боғчаларда 446 нафар “ўлик жон” аниқланган. Масалан, Тошкент вилояти МТТ директорлари томонидан 2014-2020 йиллар давомида 37 нафар шахсларни турли лавозимларга расмийлаштириб, улар ишламаган бўлсалар-да, “ўлик жон” ходимлар номига 983,5 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланиб ўзлаштирилган. Қибрай тумани 26-сон МТТ мудираси томонидан ишламаган сохта ходимлар номига иш ҳақи ёзиш орқали 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний ёзилган.

Қайд этилишича, охирги вақтларда ижтимоий тармоқларни ҳам боғчаларда содир бўлаётган болаларнинг ҳақини ейиш каби қонунбузарликлар “гуллатяпти”.

“Мактабгача таълим тизимидаги ўғрилик бошқа соҳаларда йўл қўйилиши мумкин бўлган ўғриликларга қараганда хавфли ва ёмон. Чунки бу ерда ўзини ҳимоя қила олмайдиган болакайларнинг ҳақи бор. Боланинг оғзидан овқатни тортиб олиш, унга таълим бериш керак бўлган мутахассисни “ўлик жон” қилиб қўйиш – норасиданинг ўша куни керакли озуқани истеъмол қилмаслиги ҳамда керакли билимни ўзлаштирмаслигига сабаб бўлади”, деб ёзган газета.

Таъкидланишича, бундай ишга барҳам берилмас экан, болалар тўйиб овқатланмайди, билим ололмайди, психолог ва бошқа мутахассислар кўмагига муҳтож бўлиб улғаяди.

Ушбу ҳолатга барҳам бериш учун кўплаб чоралар қаторида тизим раҳбарлари маошини ошириш таклиф этилган. Маълум бўлишича, ҳозирда боғча мудирасининг маоши тахминан 1,5 миллион сўм. Ҳатто тайёрлов гуруҳи тарбиячиларининг ойлиги уларникидан кўпроқ.

XS
SM
MD
LG