Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

OzodDayjest: Танзила Норбоева хориждаги мигрант аёлларни ватанга қайтариш лозимлигини таъкидлади


Cенат раиси Танзила Норбоева
Cенат раиси Танзила Норбоева

Сенат раиси чет элдаги муҳожир аёлларни Ўзбекистонга қайтариш кераклигидан баҳс этди. “Обналчилар иши” юзасидан ўнлаб тадбиркор суддан ДСҚ ҳаракатига қонуний баҳо беришни сўради. Бир ўлимдан қолган маҳалла раиси яна суиқасд уюштирилишидан хавотирда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Танзила Норбоева: Аёлларнинг мардикорлик қилиши – жуда хунук ҳолат

Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоева хориждаги мигрант аёлларни оиласига қайтариш ҳамда иш билан таъминлаш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади (www.gazeta.uz, 17 март).

“Бандлик вазирлиги чет элда бўлиб турган мигрант хотин-қизлар рўйхатини янгилаган ҳолда юртига қайта олмаётган ёки қийин аҳволга тушганларни оиласига қайтариш ҳамда иш билан таъминлаш чораларини кўриши керак. Биз мамлакатдаги нотурар жойда яшаётган хотин-қизларни 9 мингта деб аниқладик, у ёқда қанча экан? Россия, Қозоғистон, Кореяда, билмайман яна қаерда юрибди аёллар”, деган Т.Норбоева Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ҳисоботига кўра, бу борада ҳар битта маҳаллада апрель охиригача хатлов ўтказилади ва қанча аёл қайтариб олиб келиниши аниқ бўлади.

“Масалан, ўша ерда уйи, касби бўлмаса, кечирасиз-у, бировларнинг оғир, қийин ишини қилиб юргандан кўра, бу ерга келсин мана шу ишлардан берайлик. Иккита йўли бор, бу ерга қайтариб олиб келиб, касбга тайёрлаш, хорижга ишлашга бораман деса, яна жўнатиш ёки шу ерда иш билан таъминлаш”, дея таъкидлаган Норбоева.

У мардикор аёллар масаласига ҳам тўхталган.

“Мардикорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз бор. Мардикорлик дейилади, лекин бу – жуда хунук гап. Бир марталик иш дейлик. Мана шундай фаолиятга эҳтиёжи бор аёлларимиз мавжуд. Тошкент шаҳрининг ўзида 6 та кунлик ишчилар марказлари (вақтинчалик иш билан таъминлаш марказлари) ташкил этилди. Республика бўйича эса жами 31 та”, деган Норбоева.

Сенат раиси мардикор бозорлари ва вақтинчалик иш бериш тизимини замонавий тартибда ташкил қилиш кераклигини ҳам қўшимча қилган.

“Обнал иши”: Тадбиркорлар солиқ идорасини судга берди

Жорий йил февраль ойида бошланган “обналчилар” можароси – Давлат солиқ қўмитаси ва юзлаб тадбиркорлар зиддияти атрофидаги баҳс-мунозаралар тинмаяпти (www.kun.uz, 16 март).

Солиқ қўмитаси “риск-таҳлил” натижасида 396 корхонадан иборат (кейинчалик 525тагача кенгайтирилган) “Шубҳали контрагентлар реестри”ни тузган эди. Қўмита талабига мувофиқ, “реестр”га тушган компаниялар ҚҚС зачётини тўғрилаш билан жазоланади ва улар қонунбузарлик қилмаганини исботлаши керак. Солиқ идораси “шубҳали контрагентлар”ни ёппасига “обналчилар” деб атаган, улар билан ишлаган минглаб компанияни ҳам амалдаги қонунчиликни бузишда айблаган.

“Обналчилар иши” юзасидан ўнлаб тадбиркорлар солиқ органининг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини сўраб судга мурожаат қилган. Солиқ кодексининг 231-моддасига кўра, солиқ органи мансабдорининг қарори устидан шикоят берилганда, ушбу қарор ортидан келиб чиқадиган ижро тўхтатиб турилиши керак, аммо идора ижрони давом эттирмоқда.

“Тадбиркорлар судга мурожаат қилгани ҳақида солиқ органига алоҳида хабарнома берилди, чунки кодексда шундай ёзиб қўйилган. Солиқ органидан маълумот учун қабул қилдик, деган жавоб келди, ҳаракат эса давом этмоқда. Мен 20дан ортиқ тадбиркорлар билан шу масалада мулоқот қилиб турган бўлсам, бирортасидан ҳам инкассо топшириқлари қайтиб олинмаган. Яъни тадбиркорларнинг ҳисобрақамлари музлатиб қўйилган”, деган солиқ маслаҳатчиси Aбдуғани Муҳаммадбоев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иқтисодчи Юлий Юсупов ДСҚнинг “обналчилар”га қарши бошлаган кураши юзасидан фикр билдириб, қўмита ҳаракатларини “соғлом фикрга зид ва қонунни мазах қилиш”, деб атаган эди.

Наманганда маҳалла раисасига суиқасд уюштирилди

Наманган вилояти Чуст туманидаги Янгиер маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Рустамовага куппа-кундузи, маҳалла биносида суиқасд уюштирилди (“Маҳалла” газетаси, 15 март).

Қайд этилишича, маҳалла раиси ўринбосарининг ўғли маҳалла идорасига келиб жанжал кўтаришга уринган. Раис ҳудудий профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб ҳолатни тушунтирган. Аммо инспектор чақирувга эътибор бермаган. Бу орада жанжалкаш йигит маҳалла раисининг ортидан келиб бўғиб, бўғзига пичоқ тортворган.

“Қўрқиб кетдим. Эпчиллик қилиб, қўлим билан бўйнимни тўсиб қолдим. Ҳар сафар пичоқ тортганда қўлим билан ушлаб қолдим. Бир гуруҳ фуқаролар ёрдами билан ажал чангалидан омон чиқдим. Бироқ қўлим қаттиқ шикастланиб, тинмай қон оқа бошлади. Ҳам қўрқув, ҳам оғриқ азобидан ўзимни йўқотиб қўйдим. Атрофимдаги яхши инсонлар мени тез тиббий ёрдам бўлимига олиб боришди”, деган Феруза Рустамова.

Жароҳатланган раиснинг давлат шифохонасига ётишига тўсқинлик қилинган. Шу сабаб у бир кунгина туман шифохонасида даволаниб, сўнг хусусий клиникага боришга мажбур бўлган.

“Эртага мени пичоқлаган болани қўйиб юбораркан. Бир кундан ортиқ қамоқда ушлаб туриш мумкин эмас экан. Жонимга қасд қилган йигит эса, чиқибоқ, яна мени ўлдираман, дебди. Бугун ўзимга ўзимнинг раҳмим келиб кетди. Маҳаллани жиноятчиликдан сақлайлик, деб қанча курашяпмиз. Лекин ўзимизни жонимиз хавф остида қолганда бизни ҳеч ким асрай олмаяпти. На туман маҳалла бўлими, на ички ишлар бўлими ходими мени қидирди”, деган суиқасддан омон қолган Янгиер МФЙ раиси.

Ф. Рустамова фарзандлари ҳали ёш экани ва уларнинг етим қолишини хоҳламаслигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG