Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:44

OzodDayjest: Содиқ Сафоев ёстиқ остида сақланаётган 10 миллиард доллардан гап очди


Сенатор Содиқ Сафоев
Сенатор Содиқ Сафоев

Президент Мирзиёев ўзбекистонлик аёллар муносиб иш билан таъминланиши лозимлигидан баҳс этди. Сенатор Сафоев “ёстиқ остидаги маблағлар” янги иш ўринлари яратишга йўналтирилиши лозим, деган фикрда. Депутат онкология шифохонасидаги коррупция юзасидан маълумот талаб қилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Президент Мирзиёев аёлларнинг ишлашини тақиқлайдиган эркаклар ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида 120 нафар аёл ва эркак ишлайдиган “Dream linet tesktil” компанияси раҳбари билан суҳбат қилиб, аёлларнинг ишлашини тақиқлайдиган эркаклар ҳақида фикр билдирди (www.gazeta.uz, 22 февраль).

“Эри рухсат бермаса деяпти”. Ҳозир бизнинг Наманганда ҳам мана шу ибора пайдо бўляпти. Бу ибора билан ҳам курашишимиз керак. Нимага десангиз, ҳаммамиз тенг бўлиб, аёлларимизни ҳам муносиб иш билан таъминлашимиз керак. Сизга ўхшаган 20-30 та тадбиркор ҳокимга кўмакчи бўлса бўлди, менинг ҳамма юришим керакмас, мен ўзимнинг давлат ишларим билан шуғулланавераман”, деган президент.

Давлат раҳбари меҳнат миграцияси масаласига ҳам тўхталган.

“Ҳали кўп-кўп мана шу фуқароларимиз, сизларнинг қўшниларинг, кўпларнинг турмуш ўртоқлари четда юрибди. Менинг энг катта мақсадим, қанча оғир бўлмасин, уларни секин-секин ўз бағримизга, ўз маҳалламизга, ўз уйимизга қайтариб олиб келишимиз керак. Оғир, лекин барбир шу марраларни олдимизга қўйишимиз керак”, деб таъкидлаган Ш. Мирзиёев.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2019 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда аёлларни айрим тармоқларда ёки касбларда иш билан таъминлашга қўйилган тақиқлар бекор қилинган.

Сенат раиси ўринбосари: Ўзбекистонда 10 миллиард долларга яқин маблағ ёстиқ остида сақланмоқда

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакат аҳолисининг фойдаланилмасдан ёстиқ остида сақланаётган 10 миллиард долларга яқин маблағи ҳақида гапирди (www.kun.uz, 25 февраль).

“Ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг аҳолимизда ҳам маблағ бор. Агар шу маблағларни ишлаб чиқаришга йўналтирсак, гапнинг очиғи, бизга хорижий инвестициялар ҳам бугунгичалик долзарб бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор. Лекин у пуллар ишлаб чиқариш эмас, уй-жой, тўйхоналарга сарфланади ёки халқ ибораси билан айтганда, ёстиқ тагида ётган маблағлар”, деган С. Сафоев.

Сенат раиси ўринбосарига кўра, пул ўз қийматини ошириши, маблағ янги иш ўринлари яратишга йўналтирилиши лозим.

“Банкларимиз, афсуски, мижоз учун курашаётгани йўқ. Тафовутни кўрдик, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, банклар қачон мижоз учун курашса, унинг учун рақобат қилса, ўшанда ривожланади. Агар у фақатгина берилган маблағларни сақлаб ўтириш билан кифояланса, иқтисодиётда уларнинг роли камаяди”, деган у.

Сафоев банкларни ислоҳ қилиш ва капитал бозорини ривожлантиришни икки муҳим масала, деб баҳолаган.

Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этади. Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров ривожланаётган давлатларда бу кўрсаткич 30-60 фоиз атрофида эканини, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқ бўлишини айтган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан онкология шифохонасидаги коррупция юзасидан маълумот талаб қилинди

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Тошкент шаҳри филиали ходимларининг муассасада юз бераётган коррупция ва бошқа қонунбузарликларга доир мурожаати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда (www.human.uz, 24 февраль).

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги парламент эшитувида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов соғлиқни сақлаш вазиридан ушбу масала юзасидан ўтказиладиган хизмат текшируви натижаларини халқ вакилларига маълум қилишни сўради.

Ж.Ширинов мазкур масалага Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ўз муносабатини билдиришини ҳам таъкидлади.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази филиали шифокорлари президентга йўллаган видеомурожаатда раҳбарлар беморларни касалхонага ётқизиш ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун пора талаб қилиши, шифо масканига ҳукумат томонидан берилаётган дори-дармон воситалари филиал бош шифокорига қарашли аптекаларда сотилишини айтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот билан чиққан. Қайд этилишича, Чилонзор тумани прокуратураси томонидан филиал мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Мазкур жиноят иши тергови Бош прокуратура томонидан назоратга олинган”, дейилган баёнотда.

XS
SM
MD
LG