Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

OzodDayjest: Ўзбекистонда оила қуриш жараёнини мураккаблаштириш таклиф этилди


Ўзбекистондаги ажрашишларга аксар ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги сабаб бўлаётгани айтилди. Самарқанд соғлиқни сақлаш масъуллари шифокорнинг ковиддан ўлганини тан олмаяпти. Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳақида тарқалган миш-мишга ойдинлик киритилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Никоҳга кириш муддатини бир ойдан уч ойга узайтириш таклиф қилинди

Тошкентда ташкил этилган судлар фаолиятига доир брифингда никоҳга кириш жараёнини мураккаблаштириш таклиф этилди (www.uza.uz, 27 февраль).

“Ҳозирги кунда ФҲДЁга ариза топширганидан сўнг бир ой ўтиб оила қуриш мумкин. Ваҳоланки, бу муддатда икки ёш ҳатто бир-бирини таниб олишга ҳам улгурмайди. Шу боис никоҳга кириш муддатини бир ой эмас, уч ойга узайтириш лозим. Никоҳдан ўтиб, сўнг фарзандини тирик етим қилгандан кўра уч ойлик муддатда бир-бирига маъқул келмаса, ўз йўлида давом этгани маъқул”, деб ёзган ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги ажрашишнинг асосий сабабларидан бири аксар ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслигидир.

Жорий йил 15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги маҳалла раиси ўринбосари Нозима Муслимова ажрашишлар сони юқорилигини таъкидлаб, никоҳ тузилганидан кейин ажрашишни 2-3 йил муддатга чеклашни таклиф этган эди. Ш. Мирзиёев ажрашишлар миллий урф-одатларга ярашмаслиги, кўплаб ёшлар ҳаётга енгил қараётганини таъкидлаган, лекин ажрашишларни қонун билан чеклаш қийин бўлишини айтган эди.

Расмий статистикага кўра, 2020 йилда республикада 28,2 мингта ажрашиш қайд этилган.

Самарқандда коронавирусдан вафот этган шифокор ўлимини расмийлаштиришда сохтакорлик қилинган

Самарқанд шаҳри Буюк ипак йўли кўчасида яшаган, тиббиёт фанлари номзоди Ўктам Раҳмонқулов 2020 йил 29 июнида коронавирус касаллиги сабаб вафот этган (“Ҳуррият”, 3 март). Аммо вилоят соғлиқни сақлаш масъуллари шифокорнинг ковиддан вафот этганини тан олмай, унинг оиласини сарсон қилиб келмоқда.

Ў. Раҳмонқулов карантин даврида – 2020 йил апрелдан 2020 йил 19 июнгача шифокор сифатида ўз бурчини садоқат билан бажарган. 23 июнь куни унда коронавирус аниқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетилган. Бир неча кун ўтиб яқинларига вафот этгани тўғрисида хабар берилган.

“Ўша пайтда оиламиз қаттиқ карантинда эди. Карантин сабабли турмуш ўртоғимнинг биронта таъзия маъракасини ўтказиш у ёқда турсин, уни вафотидан кейин охирги марта кўришга ҳам рухсат беришмади”, деган марҳумнинг рафиқаси Нигора Исмоилова.

Турмуш ўртоғидан бевақт айрилган, болалари отасиз бўзлаб қолган аёл моддий ёрдам олиш учун ҳужжат тайёрлашга киришган. Аммо соғлиқни сақлаш муассасалари марҳум шифокор коронавирусдан вафот этганини тан олишни истамаяпти.

Ковиддан вафот этган шифокор ўлими сохтакорлик билан расмийлаштирилган, берилаётган қалбаки маълумотлар найрангбозлик қилинганидан далолат бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 3 март куни коронавирус инфекциясидан вафот этганлар сони яширилгани хусусидаги жамоатчилик эътирозларини яна бир бор рад этди. Вазирликка кўра, мамлакат бўйича коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 622 нафарни ташкил этади. Аммо ушбу кўрсаткич расмий статистикадан кўпроқ экани айтиб келинади.

Халқ артисти Шерали Жўраев яна “ўлди”га чиқарилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти совриндори, 74 ёшли Шерали Жўраев вафот этгани тўғрисида миш-миш тарқалди (www.daryo.uz, 3 март). “Дарё” нашри мазкур гап-сўзларга ойдинлик киритиш мақсадида санъаткорнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ Жўраевнинг маъмури Ғайрат Шокиров билан боғланган.

“Кимлардир жудаям нотўғри хабарлар тарқатиб юборибди. Бундай гапларни ким чиқарган бўлса, Аллоҳ унга инсоф берсин”, деган Ғайрат Шокиров ва Ш.Жўраев айни пайтда Туркияда эканини маълум қилган.

Зоҳиршоҳ Жўраевнинг ўзи эса маъмури берган маълумотни рад этиб, отаси айни дамда Тошкентда эканини айтган.

Қайд этилишича, Ш. Жўраев олти ойча муқаддам кўричак билан оғриган, аммо ҳозир аҳволи жуда яхши. Хонанда Наврўз байрамига бағишланган давлат тадбирида қўшиқ куйлаши кутилмоқда.

2017 йилда ҳам Шерали Жўраевнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Эслатиб ўтамиз, 1993-2016 йиллар мобайнида Ш. Жўраев номи норасмий равишда “қора рўйхат”га тиркалган ва хонанданинг нафақат телерадиоканаллар, балки катта саҳнада ҳам куйлаши тақиқланган эди. 23 йиллик тақиқ 2016 йил сентябрь ойида мамлакат олий раҳбарияти алмашуви ортидан бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG