Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

“Туркиядан Ўзбекистонга қайтсам, мени қамаб қўйишмайдими?”


Жиззахлик Алимардон Истанбулдаги ресторанлардан бирида балиқ пиширади. Суратни жўнатаркан, Алимардон юзини кўрсатмасликни сўради.
Жиззахлик Алимардон Истанбулдаги ресторанлардан бирида балиқ пиширади. Суратни жўнатаркан, Алимардон юзини кўрсатмасликни сўради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг мамлакат ичкариси ва хориждаги ватандошлари саволларига жавоб берадиган кун яқинлашган сайин, вазирга бериладиган саволлар Озодликка ҳам келмоқда.

Қарийб 5 йилдан буён Истанбулда ишлаётган жиззахлик, сарлавҳага чиқарганимиз саволига, 5 июлда ўтказиладиган мулоқот чоғида ташқи ишлар вазиридан жавоб олишга умид қилмоқда.

Жиззахлик Алимардон (исм ўзгартирилган) Истанбулга келганига 4,5 йил йил бўлди. Шу вақт ичида Ўзбекистонга бормади.

“Ана бораман, мана бораман, дедим. Вақт ўтаверди. Ишни кўзим қиймади, кетиб-қайтсам ишимни йўқотиб қўяман, деб қўрқдим”, деди Алимардон.

Истанбулда ошпазлик қилаётган жиззахлик мелиса

Ўзининг айтишича, қарийб 20 йил ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаб, пенсияга чиққан қаҳрамонимиз Истанбулга келгач, яхшигина ошпазга айланган.

“Истанбулнинг Қумқопи деган жойида балиқ ресторанлари бор. Ўшалардан бирида ишлайман”, дейди Алимардон.

Алимардон иш жойида
Алимардон иш жойида

Қаҳрамонимиз ҳафтасига 100 доллар иш ҳақи олади. Бир ойда топадиган 400 долларининг 4 дан 3 қисмини Жиззахга, оиласига жўнатади. Қолган қисмини ижарага олган хонаси учун тўлайди. Ейиш-ичиши ресторан ҳисобидан.

“45 ёшимда келганман, чарчадим, энди кетмоқчиман. Йилнинг охиригача ишлаб, кейин кетсамми, деб турибман”, дейди суҳбатдошимиз.

Алимардон ҳамкасби билан иш жойида
Алимардон ҳамкасби билан иш жойида

Алимардон кетмоқчию, лекин Ўзбекистонга бориши биланоқ устидан жиноят иши очиб қўйишларидан қўрмоқда.

Бу ваҳима қаердан пайдо бўлганини ўзи ҳам тушунмайди, қўрқишга ҳеч қандай асоси йўқ, лекин барибир қўрқаверади.

“Ўзим органда 20 йилча ишлаб пенсияга чиққанман. Худога шукур, ўзимга тўғриман. Терроризм-мерроризмлардан узоқдаман. Мен бола-чақамни харом билан боқмаганман. Лекин Ўзбекистондан ташқарида 3 йилдан кўп юрганларни Ўзбекистондан депорт қилиб юборади, деб эшитдим. Шуни сўрамоқчийдим”, деди Алимардон.

У ўз саволига жавобни ташқи ишлар вазиридан 5 июль куни ўтказиладиган мулоқот чоғида эшитишга умид қилмоқда.

Консуллик мулозими нима деди?

Озодлик 5 июлни кутиб ўтирмади ва Алимардоннинг саволини 13 июнь куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси телефонини кўтарган мулозимга берди.

Алимардоннинг номидан берилган саволимизни эшитгач, мулозим “Ўша одам паспортини, бошқа ҳужжатларини кўтариб, консулхонага келсин”, деб, алоқани узиб қўйди.

Конституция нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида "Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган.

Тўғри, 28- моддада мана бу гап ҳам бор: “Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир”.

Алимардонни қийнаётган ҳолат худди шу қўшимча билан оқланадиган, Совет даври мероси сифатида фақат Ўзбекистонда қолган “чиқиш визаси” аталмиш, ҳужжат билан боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистондан ташқарига чиқишга рухсат 2 йилга берилади. Алимардоннинг Туркияга кетганига эса, 5 йил бўлаяпти. Бас, шундай экан, Ўзбекистонга қайтгач, Алимардонни шу масалада жазолашлари мумкинми?

Йўқ. Озодлик бу масалани ўз вақтида ўрганган ва Ўзбекистон фуқароси хориждалиги пайтида чиқиш визасининг муддати ўтиб кетган тақдирда қонунда ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаганини аниқлаган.

“Чиқиш виза олиб бирор давлатга борган фуқаро фақат ўша давлатнинг ўзида юрса ва бу пайтда унинг чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса, бу ерда ҳеч қандай жиноят йўқ. Дейлик, фуқаро чиқиш виза олгач Кипрга саёҳат қилди. Ўша ерда юрган пайти чиқиш визасининг муддати ўтиб кетди. Бундай ҳолатда фуқаро Ўзбекистонга бемалол қайтиш ҳуқуқига эга. У Ўзбекистонга кираётган пайти унинг чиқиш визасининг муддати ўтгани учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу нормал ҳолат. Қонунда бунга қарши ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган”, деган эди Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мулозими.

Айни пайтда, чиқиш визаси бўлмаган ҳолда ёки муддати ўтган стикер билан хорижга саёҳат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жиноий жазога ўзгартирилганини ҳам ёдда сақлаш лозим. Масалан, стикерсиз Россиядан Туркияга саёҳат қилган ўзбекистонлик ватанга қайтгач, 3 йилдан 5 йилгача қамалаши мумкин.

"Ҳужжатлари жойида бўлса, қўрқмасин"

Туркияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, Ўзбекистон радиосининг собиқ ходими, журналист Нарзулло Охунжонов Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистонда бировнинг Туркияда юргани учун таъқиб қилинаётгани тўғрисида эшитмаганини айтди.

“Лекин, бу менинг вазиятдан яхши хабардорлигим эмас, балки умуман хабарсизлигимдан, - дер экан, журналист, - агар ҳужжатлари жойида бўлса, қўрқмай қайтавергани маъқул, - деди Алимардонни назарда тутиб.

Ваҳима қилишга асос бордай...

Туркиядан Ўзбекистонга учиб борганлар ошиғич синчковлик билан текширилаётганига оид хабарлар пайдо бўла бошлаганига 1,5 -2 бўлиб қолди. Ундан буён Туркияда содир этилган баъзи террор хуружларида ўзбекларнинг қўли борлиги ҳам бу мамлакатда ишлаб юрган ўзбекистонликларнинг умумий кайфиятига таъсир қилди.

Туркияда яшаётган таниқли хонанда Абдулазиз Каримнинг Ўзбекистонга қайтган отаси билан боғлиқ куни кеча рўй берган воқеа ҳам Туркияда яшаб турган ўзбекистонликлар кайфиятига таъсир қилмай қолмайди.

Туркияда қанча ўзбек бор?

Шу кунда Туркиядаги марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги меҳнат муҳожирларидир. Лекин уларнинг нуфусига доир расмий рақамлар йўқ.

Туркиядаги Халқаро туркистонликлар ҳамкорлик ташкилоти раиси муовини Намоз Нормўмин жорий йил мартида Озодликка берган суҳбатида Туркияда 100 минг нафарга яқин ўзбекистонлик бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурган эди.

Вазирга саволингиз бўлса

Абдулазиз Комилов Ўзбекистондаги ва хориждаги ватандошлар саволларига 5 июл куни Тошкент вақти билан соат 14.00 дан 16.00 га қадар жавоб беради. Видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган тадбирда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва бош консулхоналари раҳбарлари иштирок этади.​

Ташқи ишлар вазирлигига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари матн, аудио ва видео кўринишдаги ўз саволларини Вазирнинг виртуал қабулхонасига, мулоқот@тив.уз расмий электрон манзилига, шунингдек, ТИВнинг “Фейсбук”даги расмий саҳифаси ва “Телеграм”даги каналга олдиндан жўнатишлари мумкин.

Ташқи ишлар вазирига саволингизни Озодлик радиосига ҳам жўнатишингиз мумкин. Бизни Фейсбук ва Одноклассникида Ozodlik Radiosi, шунингдек, Телеграмда Ozodlikkanali, деб изланг.

XS
SM
MD
LG