Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:16

Тошкент аэропортида йўловчиларни "ИГИЛ-контроль" кутиб олмоқда


Тошкент аэропортида “Исломий давлат” экстремист ташкилотига алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича махсус гуруҳ иш олиб бормоқда. Йўловчилар орасида “ИГИЛ-контроль” номи билан танилган гуруҳ хориждан учиб келган йўловчиларни махсус суҳбатдан ўтказмоқда. Айниқса, Туркиядан келаётган йўловчилар алоҳида хонага олиб кирилиб, сўроққа тутилмоқда. Бунинг оқибатида Тошкент аэропортидан чиқиб олиш бир неча соатга чўзилаётганини айтишади йўловчилар. Ўзбекистон хавфсизлик идоралари бир тарафдан фуқароларни ИШИД таҳдидига оид ваҳимали гап-сўзларга ишонмасликка чақирмоқда, иккинчи тарафдан бундай фавқулодда чораларни жорий этиб, ваҳиманинг урчишига ҳисса қўшишмоқда.

Тошкент халқаро аэропортида “Исломий давлат” экстремист гуруҳига алоқадорлиги эҳтимоли бўлган шахсларни аниқлаш тадбири ўтган ойда бошлангани айтилмоқда. Бу тадбирни амалга ошираётган махсус гуруҳ чегара хизмати билан биргаликда хориждан келаётган ҳар бир йўловчини савол-сўроқ қилмоқда.

"ИГИЛ-контроль"

Ўзбекистонлик ва хорижлик йўловчилар орасида аллақачон “ИГИЛ-контроль” деган ном билан танилган гуруҳ, айниқса, Туркиядан учиб келган йўловчиларни синчковлик билан, алоҳида хонага олиб кириб, текшираётгани айтилмоқда.

Тошкент аэропорти шундоқ ҳам йўловчилар учун қулай аэропортлар сирасига кирмайди
Тошкент аэропорти шундоқ ҳам йўловчилар учун қулай аэропортлар сирасига кирмайди

Душанба куни тонг саҳарда Германиядан Истанбул орқали Ўзбекистон пойтахтига учиб келган 28 ёшли аёл “ИГИЛ-контролнинг” жорий этилгани Тошкент аэропортига хос бўлган саросимани янада кучайтирганини айтади.

“Куни-кеча Туркия орқали Тошкентга учиб келдим. Тонг соат 7:35да самолётдан тушиб аэропорт биносига етиб килишимиз биланоқ, ўзбекларимиз бирдан шоша-пиша паспорт назоратидан тезроқ ўтиб олиш учун чопиб қолишди. Ҳайрон қолдим, улар ватанимизни шу қадар соғиниб қолишганмикин, деб ҳам ўйлаб қолдим. Кейинроқ, гап нимада эканлигини тушундим. Паспорт назоратида анча навбатда кутишга тўғри келди. Ниҳоят назорат ўтказиш жойига келиб, паспортимни узатсам, чегарачи паспортимни олиб қолди. 15 минутлардан кейин ўзи билан бирга яна бир одамни бошлаб келди ва иккаласи мени сўроққа тута бошлади: “Европада нима қиласан? Неча пул оласан?” ва ҳоказо. Мен Туркияда яшамаганим, Еврападан транзит учиб келганлигим боис ишим осон битганини тушундим. Туркиянинг ўзидан учиб келаётганларнинг аҳволи вой бўлди. Биз билан бирга шу вақтда Туркиядан иккита рейс учиб келган экан. Барча йўловчиларнинг паспортлари чегарачилар томонидан олиб қўйилди”, дейди тошкентлик жувон.

Тошкент халқаро аэропорти шундоқ ҳам йўловчилар учун энг қулай аэропортлар сирасига кирмайди. Чегара хизмати томонидан ўтказиладиган паспорт назоратидан камида 30-40 дақиқада ўтган йўловчи, кейин юкларини кутади, ташқарига икки соат деганда чиқади. “ИГИЛ-контроль” одамлар учун ортқча саргардонлик бўлмоқда, дейди суҳбатдошимиз.

“Одам тиқилинч. Ўтиришга жой йўқ. Озодлик учун расмга олмоқчи эдим, аммо иложи бўлмади. Туркиядан келганларни битта-битта чақира бошлади. Битта алоҳида хонага олиб кириб, сўроқ қилди. Кирганлар узоқ чиқмаяпти. Афтидан, уларни сўроқ қилганлар шошилмаяпти. Энди булар тушгача аэропортдан чиқолмайди, деб ўйладим. Менку икки соат деганда аэропортдан чиққанимга хурсанд бўлдим. Ташқарига чиққач алоҳида хонага кириб чиққан бир опадан “ичкарида нима бўляпти”, деб сўрадим. Э, бу “ИГИЛ-контроль” экан, дейишга ҳоли бўлди холос”, дейди тошкентлик аёл.

"ИГИЛ-контрол"дан CIP зали ҳам қутқармайди

Тошкент халқаро аэропортида оддий кутиб олиш залидаги саргардонликларни айланиб ўтмоқчи бўлганлар CIP (Commercial Important Person), яъни Тижорий аҳамиятга эга шахслар зали орқали 200 АҚШ доллари атрофидаги ҳақини тўлаб чиқиши мумкин. Лекин CIP зали ҳам “ИГИЛ-конроль” сўроғидан қутқармайди.

Тошкент халқаро аэропортидан чиқиш учун йўловчилар соатлаб кутишади
Тошкент халқаро аэропортидан чиқиш учун йўловчилар соатлаб кутишади

Германия университетларидан бирида ўқийдиган Акмал исмли йигит ҳам душанба куни Истанбул орқали учиб келди. Айнан ортиқча сўроқ-саволни айланиб ўтиш учун 180 доллари ҳақини тўлаб, CIP зали орқали чиққанини айтади у.

“Ўзбекистонга янги йилни уйдагилар билан нишонлаш учун келдим. Уйда бўлмаганимга бир йилдан ошди. Ўзи Германиядан учиб кетишимдан аввал тинишлар айтишган эди: “Туркия орқали учсанг, текширишади, сўроқ-савол қилади”, деб. Шунинг учун университетдан махсус маълумотнома олишимни маслаҳат беришди. Ортиқча савол, ҳар хил гап бўлмасин деб, уйдагилардан CIP залидан кутиб олишларини сўрадим. 180 доллар турар экан. Тиқилинч, навбат кутишлар бўлмади-ю, лекин чегарачи барибир сўроқ қилди. “Германияга нимага бординг? Нега Истанбул орқали учдинг?” деб суриштирди. Хуллас, ким билан қизиқшганини ўзингиз яхши тушуниб турган бўлсангиз керак. Айтишларича, ҳозир бундайларнинг кўпчилиги Туркиядан келяпти экан”, дейди Акмал.

Унинг айтишича, бундай фавқулодда чораларнинг кўрилгани одамлар орасида ИШИД таҳдидига оид ваҳимали тахминлар ва гап-сўзларнинг урчишига сабаб бўлмоқда.

Ҳақиқатга ўхшайдиган миш-миш

Айни пайтда Ўзбекистон хавфсизлик идоралари ўзбекистонликларни “йирик шаҳарлар ва пойтахтда урчиётган ваҳималарга берилмаслик”ка чақирмоқда.

Шу ҳафта бошида Ички ишлар вазирлигининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи подполковник Ўктам Муродов асоссиз миш-мишларни тарқатишга уриниш ҳаракатларига кескин чора кўрилишидан ҳам огоҳлантирди.

Вазирлик мулозими мамлакатда аҳолини ваҳимага соладиган воқеа-ҳодисалар кузатилмаётгани ва вазият умумиятла тинч эканини алоҳида таъкидлади.

ИШИД таҳдидидан огоҳлантириб келган расмийлар энди ваҳимага берилмасликка чақирмоқда
ИШИД таҳдидидан огоҳлантириб келган расмийлар энди ваҳимага берилмасликка чақирмоқда

“Турли миш-мишлар, агар айтиш мумкин бўлса, ғийбатлар, мисол учун, Тошкент ИИБ биноси яқинига кимдир қора байроқ осиб кетибди, ўша ерда автостоянкада бомба ўрнатилган машина топилибди, қабилидаги ғийбатлар ўз ҳаракатлари билан ваҳима ва қўрқув уйғотишга уринаётганини тушунмаётганлар томонидан тарқатилмоқда. Бунақа асоссиз миш-мишлар жамиятга зарар берувчи характерга эга ва шу боис, уларга қарши кескин чора кўрилади. Ушбу имкониятдан фойдаланиб фуқароларимизга бунақа фитналарга берилмаслик, ҳатто ҳақиқатга ўхшаб кўринган овозаларга ҳам эътибор қилмасликка чақираман", дея таъкидлади вазирлик мулозими маҳаллий нашрларга берган интервьюсида.

Шу билан биргаликда террорчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари хорижда бўлиб қайтган фуқаролар устидан назорат кучайганини ҳам тасдиқлади.

"Умумий таҳдидга қарши ўзаро ҳамкорлик амалиётлар доирасида хориждаги ҳамкасбларимиз билан изчил алоқадамиз, хорижга узоқ муддатга чиққанлар ва қайтганлар ҳақида ишончли маълумотларга эгамиз", дея таъкидлади ИИВ мулозими.

Лекин хавфсизлик идоралари мамлакат бўйлаб жорий қилган фавқулодда чоралар одамлар орасида ваҳиманинг кучайишига сабаб бўлаётганини айтишмоқда кузатувчилар.

Сўнгги 2-3 ой давомида Тошкентда паспорт режими жорий қилингани, оммавий равишда аҳоли паспорт текширувидан ўтказилаётгани, ижарага берилаётган хонадонлар рўйхатга олинаётгани, хориждан қайтган фуқаролар ва диний қарашлари учун рўйхатга олинган фуқаролар сўроққа чақирилаётгани, айримлари маҳалла қўмитасидаги суҳбат чоғидаёқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги ҳолатларни Озодлик ёритиб бормоқда.

Озодликка кундалик равишда келаётган хабарлар ва мурожаатларнинг каттагина қисмида, айниқса, пойтахт аҳлида ваҳима кучайганини кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG