Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Табобат академияси аъзоси лицензиясиз ишлаётган шаҳрихонлик табибни фирибгар деб атади


Ҳасан табиб қарийб $60 мингга сотиб олган объектидаги шу иншоотни беморлар учун ётоқхонага айлантирмоқчи.
Ҳасан табиб қарийб $60 мингга сотиб олган объектидаги шу иншоотни беморлар учун ётоқхонага айлантирмоқчи.

Ўзбекистон Халқ табобати академияси аъзоси 4 декабрь куни Ютюбдаги ўнлаб видеороликларда “Табиби мутлақ Ҳасан домла”, деб таништириладиган шаҳрихонлик Ҳасан Исмоиловнинг қабулида бўлиб қайтди.

Академия аъзосининг Озодликка айтишича, табиб бир сониядаёқ унга “миянгизда ўсма бор” деган ташхис қўйган ва “икки ойда ўласиз”, деган.

Андижон вилоят прокуратураси тақдим этган маълумотга қараганда, лицензиясиз ишлаётган табиб айни пайтда фаолиятини кенгайтирмоқда: беморлар учун ётоқхоналар қуриш мақсадида яқинда умумий қиймати тақрибан 95 минг долларлик иккита кўчмас мулк сотиб олган.

Табиб табибга борди

Озодликка 7 декабрь куни маълум бўлишича, Ўзбекистон Табобат академияси аъзоси, “Малҳам” табобат маркази раҳбари Абдуқодир Сатторов 4 декабрь куни Ҳасан табиб билан танишиш, агар табиб сифатида тан олиш мумкин бўлса, уни Академия рўйхатига олиш масаласини ҳал қилиш учун Шаҳрихонга борган.

Ҳасан табиб билан "бемор сифатида" учрашиб қайтган Академия вакили Озодлик билан суҳбатда Ҳасан табибни “қип-қизил фирибгар экан”, деди.

Мингга яқин одам турган экан. Зўрға кирдим ичкарига. Кимдир биров “янги келган бўлсангиз, қўлингизда 5 минг сўмликни кўрсатиб ушлаб туринг. Бу янги келганларнинг пароли. Шундай қилсангиз, навбатсиз қабул қилади”, деди.

Абдуқодир Сатторов Ҳасан табибнинг қабулида бўлганини ҳикоя қилар экан, жумладан, бундай деди:

“Эрталаб соат 8 ларда бордим. Мингга яқин одам турган экан. Зўрға кирдим ичкарига. Икки соат навбатда туриб, табибга етдим. Кимдир биров “янги келган бўлсангиз, қўлингизда 5 минг сўмликни кўрсатиб ушлаб туринг. Бу янги келганларнинг пароли. Шундай қилсангиз, навбатсиз қабул қилади”, деди. Кейин Ҳасан табиб пайдо бўлди. Бошим устидан қўлини ўтказди, “миянгиз рак, икки ойда ўласиз” дедию шарт қўлимдан пулимни олди”, деди суҳбатдошимиз.

У Ҳасан табибнинг уйида кўрганларига таяниб, “у табиб эмас, асал ва пистафуруш экан”, деди:

“Ҳар бири 50 кило чиқадиган 20 та пластмасса бочкада асал кўрдим. Сотувчиси билан гаплашдим. Ҳар куни икки бочка бўшаяпти, деди. Мен ўзим асалфурушман. Китоб ҳам ёзганман асал тўғрисида. Шунинг учун қарабоқ биламан асалми-асалмаслигини. Ҳасан табибнинг уйидаги бочкаларда шакар қиёми - сохта асал. Бундан ташқари 1 тоннача қурт босган хандон писта кўрдим”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:08 0:00
Бевосита линк

Ҳасан табиб ким?

Шаҳрихонда Ҳасан домла деган табиб “минг дардни даволаётгани” тўғрисидаги гаплар пайдо бўлганига бир неча ой бўлиб қолди.

Ўтган давр давомида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган реклама роликлари табибнинг шуҳратини бутун минтақага ёйди. Натижада шу кунда нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки қўшни мамлакатлардан ҳам беморлар шифо илинжида Шаҳрихонга келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда табибни реклама қилувчи видеолардан ташқари унинг “фирибгарлигини фош қилувчи” роликлар ҳам кўп.

Ўшандай видеолардан бирида табиб беморларни бир қаторга тизиб қўйиб, ўнг қўлини ҳар бир беморнинг боши узра ўтказади ва ҳаммасига деярли бир хил гап айтади:

“Бош мияда босим бор, чап томонга уряпти, тушунарлими?”

“Чап мияда босим бор, ўнг томонга уряпти, тушунарлими?”

​Шу йўсинда бир неча беморга “ташхис” қўйиб бўлгач, видеода бошқа бир овоз пайдо бўлади. Овоз эгаси ҳар бир беморга “кунига уч маҳал асал чой ичиш ва 11 донадан хандон писта чақишни” буюради.

Андижон вилоят прокуратурасидан Бош прокуратура матбуот хизмати орқали олинган маълумотда бундай дейилган:

“Муолажа учун табиб томонидан барча турдаги беморларга хандон писта ва тоза асал тавсия қилинади. Ушбу маҳсулотлар табиб кўригига келган турли касалликлар учун бир хил дармон ҳисобланади. Унинг хонадонига келган ва белгиланган муддатда даволанаётган фуқаролар орасидан даволаниш ҳолатлари ҳам учраб туради”.

Ютюбдаги ўндан ортиқ видеоларда беморлар табибдан шифо топганини айтади. Уларнинг сўзларига қараганда, бир беморнинг бир курс муолажаси 21 кундир. Чимкентдан келган бир аёл эса, 80 кундан буён даволанаётганини айтади.

Ҳасан табиб ҳақидаги миш-мишларда унинг пул олмаслиги айтилади. Лекин видеолардан бирида унинг шахсан ўзи пул йиғаётганини кўриш мумкин.

Куни кеча табибнинг қабулида бўлиб келган “бемор”нинг Озодликка айтишича, биринчи марта келган бемор 5 минг сўм тўлайди, қолган кунлар учун кунига 1000 сўмдан.

Андижон вилоят прокуратурасидан олинган маълумотда бундай дейилган:

“Ҳ.Исмоилов хонадонига келган беморларга 2-3 соат давом этадиган бир марталик сеанс жараёнида фақат Қуръони Каримнинг “Ёсин” сурасини ўқиб қироат қилади. Даволанишга келган фуқаролар бир марталик сеансдан сўнг хизмат хақи учун имкониятига қараб 1000 сўмдан 5000 сўмгача бўлган маблағ беради. Ҳар бир фуқаро даволаниш учун ўртача 10-20 кун муддат давомида келиб кетади”.

Ҳасан табиб асал чой ва хандон пистадан ташқари “сўз билан ҳам даволайди”. Видеоларда унинг хонадонида юзлаб эркак ва аёлнинг масжидда ўтиргандай ўтириб, ваъзини эшитаётганини кўриш мумкин.

Ўзининг "тиббий ваъзларида" Ҳасан табиб у ёки бу касаллик генезиси, инсоннинг у ёки бу руҳий ҳолати сабабларининг экзотик версияларини уқтиради. Масалан, унинг айтишича, "қўрқув бош мия травмасининг", "ваҳима думғаза травмасининг" оқибатидир.

Ёши 50 дан ошиб қолган, қотма жуссали Ҳасан табиб савдо ходими, асл касби товаршунослик эканини унинг ҳамқишлоқларидан сўраб билдик.

Ҳасан табиб реклама роликларида ўзи эълон қилган телефон рақамларига кун давомида қўнғироқ қилдик, лекин телефонни ҳеч ким очмади - табиб билан боғлана олмадик.

Докторлар Ҳасан табиб ҳақида нима деди?

Шаҳрихоннинг Марказий касалхонасида ишлайдиган врачлардан бири Ҳасан табиб ҳақидаги саволга “Табибмас у, куф-суф билан одамларнинг пулини олаяптида”, деб беписанд жавоб берди.

Бас, шундай экан, нега врач бўлатуриб норозилик билдирмаяпсизлар, ахир одамларнинг ҳаёти, саломатлиги хавф остида қолаяптику, деган саволга врач жавоб беришни истамади.

Бошқа бир шаҳрихонлик, доришунос, кимё фанлари доктори, профессор Рустам Нуриддиновга Ҳасан табибнинг даволаш методикасидан келиб чиқиб қуйидаги саволларни бердик:

- Беморнинг боши узра қўлни бир марта ўтказиш билан ташҳис қўйиш мумкинми?

- Мумкин эмас, асло мумкин эмас.

- Ҳасан табиб ҳаммага бир хил: асал чой ичиш ва хандон писта ейишни тавсия қилаяпти. Шулар дори бўла оладими?

Қандли диабетда, саратонда асал умуман мумкин эмас. Ахир саратоннинг 300, қандли диабетнинг 4 хил тури бор. Ҳасан табибнинг олдига ҳар куни минглаб одам бораяпти. Қандай қилиб ҳаммага бир хил дори буюриш мумкин ахир?

- Йўқ. Масалан, қандли диабетда, саратонда асал умуман мумкин эмас. Ахир саратоннинг 300, қандли диабетнинг 4 хил тури бор. Ҳасан табибнинг олдига ҳар куни минглаб одам бораяпти. Қандай қилиб ҳаммага бир хил дори буюриш мумкин ахир?

Шаҳрихон туман ва Андижон вилоят соғлиқни сақлаш расмийларидан Ҳасан табиб билан боғлиқ вазият юзасидан комментарий олишнинг имкони бўлмади. Улар, афтидан, куни кеча Шаҳрихонда содир бўлган ис газидан заҳарланиш воқеаси ортидан журналистлар билан гаплашишдан безиллаб қолган кўринади.

Ҳасан табибнинг иши лицензиясиз ҳам юришаяпти

Ютюбга жорий йилнинг 24 ноябрида қўйилган видеода Ҳасан табиб сотиб олгани - йирик объектда қайта қуриш ишларини бошлаб юборганини ҳикоя қилади. Табибнинг айтишича, узуни 100 метрлик, эни эса, камида 10 метрлик, кўринишидан йирик цех учун темир-бетон блоклардан қурилган капитал иншоот беморлар учун ётоқхона қилиб жиҳозланади.

Бу бинодан ташқари, табибнинг айтишича, сотиб олгани объектнинг ҳовлиси периметри бўйлаб яна 100 та хона қурмоқчи. “Ҳаммасига акфа эшик, акфа дераза ўрнатамиз”, дейди табиб. Шундан сўнг у 3 қаватли катта бинони кўрсатади. “Унда ҳам 36 та хона бўлади, аёллар учун ётоқхона бўлади”, - дейди.

Булардан ташқари Ҳасан табиб ҳаммомлар, таҳоратхоналар, ошхоналар қурилажагини айтади.

Табибнинг айтишича, даво излаб келган беморлар шу ерда яшайди. “Ҳар куни биттадан новвос сўямиз”, - дейди табиб.

Айтишича, унга "Ўзбекистон давлати жуда катта ёрдам берди, танлаш учун 280 та жой берди, бироқ биттаси ҳам ёқмади ва охир-оқибат шу объектни танлади".

Шаҳрихон туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи Дониёр (фамилиясини айтмади) Озодлик мухбири тасвирлаб берган объектнинг Ҳасан табибга берилаётганидан хабари борлигини, лекин бу объект унга тегишли эканлигига оид ҳужжат унинг бошқаруви остидаги ташкилотда йўқлигини айтиш билан чекланди.

Андижон вилоят прокуратурасидан олинган маълумотга қараганда, Ҳасан табиб видеода намойиш қилаётган объект Шаҳрихон туман, Қумтепа МФЙда жойлашган собиқ МПМЗ биноси ва ер майдонларидир.

Прокуратурага кўра, Ҳасан Исмоилов бу объектни “2018 йилнинг октябрь ойида аукцион савдоларида 485 млн. сўмга (тақрибан $60 минг) сотиб олган ва ушбу жойда келгусида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бормоқда”.

Бундан ташқари табиб “АТБ “Ҳамкорбанк” Шаҳрихон филиали балансида бўлган Шокирбой МФЙ ҳудудидаги эски магазинни 2018 йил октябрь ойида 295 млн. сўмга (тақрибан $35 минг) сотиб олган".

"Табобат академияси Ҳасан табибни тан олмайди"

Мақоламиз бошида тилга олганимиз Табобат академияси вакили Шаҳрихондан “Ҳасан табибга лицензия бериб бўлмайди”, деган хулоса билан қайтганини, ўз хулосасини академия раҳбариятига билдирганини айтди Озодлик билан 6 декабрь кунги суҳбатда.

Табобат академияси - давлат қайдидан ўтган расмий муассаса. Ўзбекистонда расмий қайддан ўтмаган Халқ табобати академияси ҳам мавжуд. Бу ташкилот раҳбари Меҳринисо Муҳаммад Содиқ қизининг 6 декабрь куни Озодликка айтишича, шаҳрихонлик Ҳасан табиб Халқ табобати академиясининг реестрида ҳам йўқ, яъни тан олинмаган.

Демак, Ҳасан табибни табибларнинг норасмий Академияси тан олмаган, расмий Академия эса, тан олмоқчи эмас.

Айни пайтда, Андижон вилоят прокуратураси Ҳасан Исмоиловнинг солиқ тўловчи сифатда Давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтгани “ҳамда юқорида қайд этилган фаолият асосида даромад олаётгани учун 2016-2017 йилларда “Жисмоний шахс сифатида даромадлар учун декларация” топшириб, 16.4 млн сўм даромад солиғини тўлаган”ини қайд этиб, давомида бундай деган:

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.10.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш белгиланган. Фуқаро Х.Исмоилов келгусида табиблик фаолияти билан тегишли тартибда лицензия олиб шуғулланиши тўғрисида расман огоҳлантирилди”.

Бугунги мақолада жавобсиз қолган биргина савол

Нима учун этаги қисқароқ кўйлак кийгани учунгина у ёки бу хонанда лицензиясидан маҳрум қилинадию минглаб содда беморларни асал чой ва хандон писта билан алдаб пулини олаётган, уларнинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдираётган “табиб” лицензия олиб шуғулланиши тўғрисида огоҳлантирилиб қўйилади, холос?

XS
SM
MD
LG