Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Ўзбекистон: фирибгар азайимхонлар, кўҳна динозавр излари


Динозавр излари Марказий Осиёда бундан аввалроқ Туркманистонда ҳам топилган эди.
Динозавр излари Марказий Осиёда бундан аввалроқ Туркманистонда ҳам топилган эди.

“Ўзбекнаво” мансабдори пора билан ушланди. Тошкент вилоятида динозавр излари топилди. “Ўзбекнефтгаз” ширкати дизель тақчиллиги юзасидан баёнот берди. Жорий ҳафтада Ўзбекистон маҳаллий матбуоти шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Демократик партия вакили йўл муаммосини кўтарди”

Ички йўлларнинг аҳволи юзасидан фуқаролар мурожаатлари камаймаётир (“Ўзбекистон овози”, 11 июнь).

Ўзбекистон халқ демократик партияси вакили Ёқуб Умаровга кўра, ҳудудлардаги ички йўллар талаб даражасида эмас. Шу боис республика йўл жамғармаси маблағларни фақат марказий йўллар учун эмас, ички йўллар таъмирига ҳам йўналтириши керак.

Маълумотларга қараганда, 2015 йилнинг биринчи чорагида Молия вазирлиги ҳузуридаги республика йўл жамғармасининг даромадлари 511,5 миллиард, харажатлари эса 421,2 миллиард сўмни ташкил этган.

“Кимнинг баёнотига ишониш керак: “Ўзбекнефтгаз” ширкатигами ё “Тошшаҳартрансхизмат”га?”

“Ўзбекнефтгаз” ширкати Тошкент жамоат транспорти автобусларига дизель ёнилғиси тақчиллиги юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” ширкати эълонини рад этувчи баёнот берди (“Оила даврасида”, 11 июнь).

Жорий йил 31 май куни “Тошшаҳартрансхизмат” ширкати ўз расмий сайтида ёнилғи етказиб бериш 30 фоизга қисқаргани муносабати билан автобус рейслари оралиғидаги вақт узайишини эълон қилиб, вақтинча ноқулайликлар учун узр сўраган эди.

9 июн куни эса “Ўзбекнефтгаз” ширкати расмий сайтида ширкат таркибидаги “Ўзнефтмаҳсулот” компанияси “Тошшаҳартрансхизмат” ширкатига тўлаган маблағи миқдорида 100 фоиз ёнилғи етказиб бераётгани ҳақида баёнот берди.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясида “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси ва бошқа истеъмолчилар транспорт воситаларини узлуксиз ва чекланмаган миқдорда таъминлаши учун барча керакли нефть маҳсулотлари, шу жумладан, дизель ёнилғиси етарли ҳажмда мавжуд”, дейилади баёнотда.

“Фирибгар азайимхон ва сохта табиблар болаламоқда”

Ўзбекистонликларни чув тушираётган қаллоб фолбин ва сохта табиблар сафи кенгайиб бормоқда (“Даракчи”, 11 июнь).

Ўзбекистон халқ табобати академияси раиси Муҳаммаджон Ҳамроевга кўра, биргина Тошкент шаҳрида 800 нафардан зиёд фирибгар фолбин ва сохта табиб бор.

“Тошкентнинг Дендропарк даҳасидаги “мозорчи фолбин”нинг шуҳрати етти аравага юк бўлади. Бу “мозорчи” олдига келганларнинг ҳаммасини бир мозорга етаклаб дуч келган қабрдан калла суягидан тортиб михгача, синган тақадан тортиб қўғирчоққача топиб берар эмиш. Кейин ўша мижозга “сенинг ўлиминг учун душманларинг михга афсун ўқиб мозорга кўмишибди, мана, мен топиб бердим, энди михни сувга ташла, менга эса икки минг доллар” бер деб юзига фотиҳа тортаркан. Мана шундай фирибгарлардан чув тушаётган қанчадан-қанча соддадиллар пулидан ажралиб, чирқираб қолаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ”, деган Халқ табобати академияси раиси М.Ҳамроев.

“Ўзбекнаво” мансабдори пора билан ушланди”

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Тошкент шаҳар бўлимларидан бирининг раҳбари пора билан қўлга тушди (“Ҳуқуқ”, 11 июнь).

Исми ошкор этилмаган мансабдор лицензия муддатини узайтириш эвазига хонандадан 200 доллар пора талаб қилган. Хонанда эса бу ҳақда ҳуқуқ идораларига ариза билан мурожаат қилган.

Шу тариқа “Ўзбекнаво” мансабдори Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан жиноят устида ушланган.

“Тошкентдаги айрим қабристонлар қаровсиз қолаётир”

Тошкентдаги айрим қабристонлар йиллаб тозаланмаётир (“Тошкент оқшоми”, 9 июнь).

Қаровсиз қолган қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётибди, ёз бошлангани сабабли ўт-ўланлар қуриб қовжираган.

“Бугунги кунда Тошкент қабристонларининг умумий майдони 520 гектарни ташкил этади. Бу чакана ҳудуд эмас. Ана шу катта майдонни обод қилиш –барчамизнинг ишимиз”, деб ёзади газета.

Бундан ташқари, қабртошларга хатолар билан ёзиш ҳоллари ҳам кўп учрамоқда. Шаҳар ҳокимияти нашрига кўра, қабртош ёзувларини ҳам тартибга солиш, камтарона ёзувлар битишга одатланиш лозим.

“Мени ўп” деган ёзувли футболка кияётган ишвагар қизлар танқид қилинди”

Ўзбек қизлари орасида шармсиз гаплар ёзилган либослар кияётганлари учрамоқда (“Ҳуррият”, 10 июнь).

Қайд этилишича, футболкалардаги ёзувларни ўқиб ҳушингиз бошингиздан учади. Мақола муаллифи “Huge me” (Мени қуч), “Kiss me” (Мени ўп), “Love me” (Мени сев), “Give hot love to me” (Менга қайноқ муҳаббат бер), “How sweet of you” (Cен қанчалар ширинсан) каби ёзувларни эслатиб ўтади.

“Қизлар бундай либосларни “замонавийлик” деб тушунса керак-да. Аммо “Мени қуч”, “Мени ўп” сингари жумлаларнинг эгнида порлаб туришига қайси юз билан чидашаётган экан... Ҳатто олий таълим муассасаларида бундай либослар билан курсдошлари орасида ишваланиб юрган, ўз устозига шундай ёзувли кийимда рўпара бўлаётган талаба қизлар борки, буниси жиддий масала”, деб ёзади муаллиф Феруза Хайруллаева.

“Тошкент вилоятида динозавр излари топилди”

Ўзбекистон Фанлар академияси Геология ва геофизика институти ходимлари Тошкент вилоятидаги каолин ва кўмир конлари ҳудудидан палеоген даврига мансуб қадимий ҳайвонлар изини топди.

“Даракчи” нашрига хабарига кўра, бу ўринда майда қўштуёқлилар, мушуксимонлар оиласига мансуб йирик йиртқичлар ва динозаврлар излари ҳақида сўз бормоқда.

Қайд этилишича, Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди ва “Ўзбектуризм” миллий компанияси палеоген даврига мансуб ҳайвон изларидан иборат геопарк ташкил этиш режасини муҳокама қилмоқда.

XS
SM
MD
LG