Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Шаҳрихонда ис газидан заҳарланган 70 кишидан 18 нафари бола бўлган


Шаҳрихонда ис газидан заҳарланганларнинг ижтимоий тармоқда тарқалган суратлари
Шаҳрихонда ис газидан заҳарланганларнинг ижтимоий тармоқда тарқалган суратлари

Андижон вилоят, Шаҳрихон туманида 1 декабрга ўтар кечаси исдан (ис газидан) заҳарланган 70 нафар беморнинг 18 нафарини болалар ва 48 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Бу маълумот Озодлик 4 декабрь куни қўлга киритган, беморлар рўйхати ёзилган касалхона ҳужжатида мавжуд.

Вилоят тиббиёт бирлашмаси мулозимига кўра, Шаҳрихон туман марказий касалхонаси шифокорларига 30 ноябрь – 1 декабрь куни исдан заҳарланганлар сонини 30 нафардан ошмаган деб ёзиб бериш, буюрилган.

Озодлик қўлга киритган яна бир ҳужжатда 2017 йилнинг 27 декабрида ҳам Шаҳрихон туманида 76 киши ис газидан оммавий заҳарлангани ёзилган, лекин тиббиёт бирлашмаси бу ҳолатни жамоатчиликдан яширган.

Шаҳрихонда ис газидан заҳарланган 70 кишидан 18 нафари бола бўлган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:10 0:00
Бевосита линк

Озодлик 1 декабрь куни Шаҳрихон туманининг турли ҳудудларидан кўмир ҳидидан заҳарланган қарийб юз нафар бемор касалхонага “Тез ёрдам” автомобилида олиб келингани ёки ўзлари келгани, шулардан 70 нафари касалхонага ётқизилгани ҳақида врачлардан олинган маълумотларга таяниб хабар берган эди.

Шифокорларнинг айтишларича, 30 ноябрь кечаси Андижонда қаттиқ шамол бўлгани сабабли, асосан кўмир ёқиладиган печка қувуридан чиқадиган ис газини шамол ортга қайтариб урганлиги оқибатида одамлар заҳарланган.

Бу хабардан сўнг, ўша куннинг ўзида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Шаҳрихон туманида фақат икки киши исдан заҳарланганлигини айтиб, оммавий заҳарланиш бўлганини инкор қилган эди.

Маҳаллий журналистлар ис газидан заҳарланганларнинг 35 нафарини аниқлади

Кун.уз сайти 2 декабрь куни “Андижон вилоятида ис гази билан боғлиқ ваҳимали хабар тарқалди. Мухбир ҳолатга ойдинлик киритди” сарлавҳали мақоласида 30 ноябрдан 1 декабрга ўтар кечаси Шаҳрихон туманида “ис гази”дан заҳарланганлар сони 35 нафар эканлиги ҳақида ёзди:

“Журналда айнан, ўша куни «Ис гази билан заҳарланиш» ташхиси билан келган беморлар сони 35 нафардан иборат экан. Улардан 17 нафари тез ёрдам машинасида, 18 нафари эса ўзи юриб келган”.

Озодлик ўз тасарруфидаги марказий касалхонадан олган рўйхатни Кун.уз сайти эълон қилган рўйхат билан таққослаганда, ис газидан заҳарланганлар рўйхатидаги одамларнинг исм-шарифи ва манзили бир хил бўлиб чиқди.

Фақат, Кун.уз даги рўйхатдаги “ис гази”дан заҳарланганлар ҳақидаги маълумотга кейин бошқа ҳуснихат билан сўроқ белгиси (?) қўйиб чиқилгани кўзга ташланади.

"Касалхонада "ис гази"дан стационар даволанишга ётқизилган беморлар рўйхати"

Шаҳрихон марказий касалхонасига 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари ис газидан заҳарланиб даволанишга ётқизилганлар сони 70 киши эканлиги ҳақидаги ҳужжат “Ис газидан заҳарланганлар рўйхати” деб аталади.

Бу ҳужжатда Шаҳрихон туманининг “Эллик йиллик”, Найнаво, Ўрташаҳрихон, Тегирмон боши, Назармаҳрам, Отахонов, Наврўз, Сегаза, Аҳмадбек, Мустақиллик, Пахтаобод, Тоштепа ва яна бошқа қишлоқ ва маҳаллаларидан касалхонага ётқизилган бир ёшдан – олтмиш ёшгача бўлган беморларнинг фамилия, исми ва яшаш манзили ёзилган.

70 нафар беморнинг 48 нафари қиз-аёл ва 18 нафари бир ёшдан 16 ёшгача бўлган боладир. Рўйхатда ис газидан оилавий заҳарланганлар ҳам бор.

Озодлик 1 декабрь куни касалхона врачининг гапига таяниб, қарийб юз киши ис газидан заҳарланиб келгани, уларнинг бир қисмига бирламчи ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилгани, саросимада уларнинг фамилия-исмларини ёзиб олиш учун вақт етмагани, "биринчи декабрь эрталабки ҳолатга биноан 70 киши касалхонада ётгани" ҳақида ёзган эди.​

"Ис гази"дан касал бўлган беморлар сонини сунъий камайтириш топшириғи берилди"

Шаҳрихон Шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг маълумот сиздиргани учун жазоланишидан қўрқиб, исми сир қолишини сўраган ҳамшираларидан бири ўша куни навбатчиликда турган ҳамкасбларига нисбатан тазйиқ бошланганганини Озодликка айтди:

“Ҳамкасбларимнинг айтишларича, уларга “нега журналга “ис газидан” деб ёздинг, деб тазйиқ ўтказишаётган экан. Қабул журналидаги “ис газидан” келган беморларнинг фамилиялари тўғрисига сўроқ белгиси қўйдириб чиқишипти”.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, Шаҳрихон туман марказий касалхонасининг ис газидан заҳарланган одамларга қараган врачларига касаллар сонини сунъий камайтириш топширилган:

“Бугун шаҳрихонлик врачлардан бир-иккисини кўриб қолдим, кайфиятлари йўқ, сўрашмай ҳам ўтиб кетишди. Кейин суриштириб билсам, уларга 70 нафар заҳарланганларни 25-30 тагача “камайтириш” топшириғи берилибди”.

Оммавий заҳарланишнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган сурати
Оммавий заҳарланишнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган сурати

"Сиз "ис гази"дан эмас, шамоллаб мурожаат қилгансиз"

Шаҳрихон туманидаги давлат идорасида ишлайдиган, ишига зиён етиши мумкинлигидан исми ошкор этилмаслигини сўраган мулозим, Озодликка ис газидан заҳарланганларнинг уйларига бирма-бир борилиб, “тушунтириш” ишлари олиб борилаётганини айтди:

“Ҳозир, тиббиёт бирлашмаси маъмуриятида ишлайдиган танишимдан эшитдим, ис газидан захарланганларнинг рўйхатини олишиб, уйма-уй юришибди экан. Прокуратура, МИБ, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҚВП (қишлоқ врачлик пункти) ходимлари, поликлиника ва бошқалар, уйма-уй юриб, ис газидан эмас, бошқа касаллик билан, масалан, бошим оғриган, иситмам чиққан ёки шамоллаганман деб мурожаат қилгансизлар, деб тушунтиришяпти”.

Бош прокуратура матбуот хизматини алдашдими?

Шаҳрихон тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бирининг айтишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг 1 декабрь куни ис газидан фақат икки киши заҳарлангани ҳақидаги баёноти Шаҳрихон тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг маълумотига таяниб берилган:

“1 декабрь куни Озодликда ис газидан қарийб юз киши заҳарлангани ҳақидаги мақола чиққанидан сўнг, Бош прокуратура матбуот хизмати, бунга раддия берди. Ўша куни на прокуратурадан, на ҳокимиятдан, на бирлашмадан ҳеч ким текширишга келгани йўқ. Текшириш фақат 2 декабрь кунидан бошланди. Туман тиббиёт бирлашмасининг сохта маълумотига таяниб, жуда кўп муаммолар ечилмай қолиб кетяпти. Бирон марта хам маълумотларнинг хаққонийлиги текширилмаяпти. Айнан юқорида ёзилган икки бемор реанимацияда ётган, қолганларини эса бошқа диагноз билан келган деб, маълумот беришган. Роддом ёпилганини ўзлари тан оляпти, марказий шифохонага кўчирилганини тан оляпти, шифохонада захира жой бормидики, роддом келади деб кутиб турган бўлса, йўқ албатта. Терапия ва болалар бўлими қисқариши ҳисобига роддом кўчиб келган, наҳотки шуни мантиқан ўйлаб кўришмаса. Хуллас, сохтакорлик ва беайблик ниқобини кийиб, ёлғон ахборот беришмоқда, булар”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка юборган мактубида, мақола эълон қилинганидан сўнг ҳар бир бемор билан шахсан учрашилгани ёзилган:

“Касалхона рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари билан чекланмай, бу ҳолат ҳар бир мурожаат қилган шахс билан индивидуал учрашиб текширилди”.

Озодлик 1 декабрга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб касалхонага тушган, исм-фамилияси рўйхатда бор икки шаҳрихонлик билан гаплашди.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган шаҳрихонлик аёллардан бири, ҳақиқатан ҳам ўша куни касалхонага кўмир ҳидидан заҳарланиб мурожаат қилганлар кўпчилик бўлганини тасдиқлади.

Яна бир ҳужжатга кўра, Шаҳрихонда 2017 йили ис газидан 81 киши заҳарланган

Озодлик ўтган йилнинг 27 декабрида ис газидан заҳарланиб, Шаҳрихон туман марказий шифохонасига мурожаат қилган 76 кишининг исм-шарифи, манзили ёзилган яна бир ҳужжатни қўлга киритди.

Шифокорларнинг айтишича, бу ҳолат ҳам жамоатчиликдан қаттиқ тартибда яширилган.

Шаҳрихон туманида 2017 йилнинг 27 декабрида "ис гази"дан заҳарланганлар рўйхати
Шаҳрихон туманида 2017 йилнинг 27 декабрида "ис гази"дан заҳарланганлар рўйхати

Шаҳрихон туманида 2017 йилнинг 27 декабрида "ис гази"дан заҳарланганлар рўйхати
Шаҳрихон туманида 2017 йилнинг 27 декабрида "ис гази"дан заҳарланганлар рўйхати

Озодлик бу масалага муносабат олиш мақсадида Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси билан боғланди.

Бош шифокор Шуҳрат Аминжонов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Бош шифокор ўринбосари Отабек Исақов мухбирнинг Озодлик радиосидан эканлигини билгач, мажлисда эканлигини айтиб алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG