Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:46

“Ичан-Қалъа”да 101 та экспонат сохталаштирилгани эҳтимолини Бош прокуратура ўрганмоқда


Тарихий буюмлар асл нусха ўрнига сохтасини алмаштириб қўйиш схемаси орқали музей фондидан гумдон қилинган, деган фаразлар бор.
Тарихий буюмлар асл нусха ўрнига сохтасини алмаштириб қўйиш схемаси орқали музей фондидан гумдон қилинган, деган фаразлар бор.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Хиванинг “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги юздан зиёд экспонат сохталаштирилгани юзасидан тергов бошлаган.

Ўзбекистоннинг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ва Маданий мерос агентлиги ўтган ой “Ичан-Қалъа”да музей ашёларини хатловдан ўтказиш чоғида ноёб деб келинган 101 та экспонатнинг кирим китобидаги тавсифномалари ўлчам, материал, ишланиш услуби ва яратилган даврига мос келмагани ҳақида маълум қилган эди.

Бу эса тарихий буюмлар асл нусха ўрнига сохтасини алмаштириб қўйиш схемаси орқали музей фондидан гумдон қилинган, деган фаразларни ўртага чиқарди.

“Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси фонд мудири Озод Каримов Озодликка экспонатлар сохталаштирилгани гумони юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси текширув олиб бораётганини тасдиқлади.

Лекин, мулозим тергов якунига етмагунича бу ҳақда маълумот бера олмаслигини айтди.

“Бош прокуратура текширяпти, сал сабр қилинглар, тергов тугасин кейин батафсил маълумот берамиз”, - деди Каримов.

Озодликнинг "Ичан-Қалъа"даги текширув ҳақида маълумот олиш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига боғланиш уринишлари бесамар бўлди.

"Экспонатлар экспертиза қилинади"

Ўзбекистон Маданий меров агентлигининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими текширув жараёнида соҳта экани гумон қилинаётган 101та экспонатнинг ҳаммаси экспертиза қилинишини айтди.

"101 та музей ашёсининг кирим китобидаги тавсифномалари ўлчам, материал, ишланиш услуби ва яратилган даврига мос келмагани бизда улар алмаштириб қўйилган бўлиши мумкин, деган шубҳаларни уйғотди. Шунинг учун ҳаммаси экспертиза қилинади", - деди агентлик мулозими.

Агентликнинг бошқа бир мулозими: “Қатъий чоралар кўрилади, музей экспонатларини қалбакилаштириш ва ўғирлаш олдини олиш тадбирлари жорий этилади”, - деди.

Хива Ичан қалъа музейи бош илмий котиби¸ тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов Озодлик билан суҳбатда, сохталаштирилган, деб гумон қилинаётган тарихий буюмлар орасида аёлларнинг тақинчоқлари, мисгарлик буюмлари, қадимий милтиқлар ва чопонлар борлигини айтди.

Лекин, Худойберганов улар соҳта эмас, ҳаммаси оригинал, деган қатъий ишончда.

“101та буюмнинг КП (книга поступлений музейных предметов-таҳр.) дафтарида қайд этилган ўлчамларига тўғри келмаган. Бир нарсани размери тўғри келмайди, яна бир нарсани узори тўғри келмайди. Яна бир нарсада описаниеси нотўғри. Музей, биласиз 1920 йилда очилган. 1966 йилгача етиб келган ашёларни ҳаммаси КП, яъни ўзимизни тилда айтадиган бўлсак “Кирим китоби" га киритилган. 1966 йилда шу китобни қайтадан ёзишган. 1966 йилгача нима иш қилган бўлишса қилишган. Ўша пайтда арабчани билишмаган, балки хатоликлар кетиб қолган. Устига чизиб, тўғирлаб қўйилган жойлари бор. Булар оригиналини ўғирлаб, сохтасини қўйиб қўйишган, деган гумон билан текширув ўтказяпти, ишни прокуратурага оширишган, текширяпти. Лекин, улар сохта эмас, оригинал. Хатолик КПдаги ёзувларда”, - дейди Комилжон Худойберганов.

Озодлик билан суҳбатда бўлган санъатшунослар эса Хиванинг очиқ осмон остидаги музей дея ном чиқрган “Ичан-Қалъа”си осори-атиқалари 100 йил давомида бир неча хил йўл билан йўқ қилинганини иддао қилишади.

"Оригинали ўрнига сохтаси"

Ўзбекистонлик санъатшунос Малик Турдиевнинг айтишича, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида энг кўп тарқалган ўғрилик бу асл нусха ўрнига сохтасини алмаштириб қўйиш бўлган.

"Ўша пайтлар музей ашёларини келган сайёҳларга сотиш авжига чиқиб кетганди. Оригиналини сотишган, энг қизиғи арзимаган долларларга сотишган, ўрнига сохтасини қўйиб қўйишган. Маҳаллий заргарлар аниқ қилиб ясаб беришади. Мана энди музей экспонатлари устидан назорат кучайтириляпти, олдин қилиш керак эди буни", - дейди Турдиев.

Икки йил аввал "Ичан-Қалъа"да музей экспонатлари ўғирлангани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари оҳирида Хоразмда музей соҳасида раҳбар лавозимида иш юритган собиқ мулозим ҳам музейларда ўғриликлар бўлганини тасдиқлайди.

“Афсуски¸ “Ичан-Қалъа”нинг энг асл экспонатлари ўғирланди.18 аср бошида инглиз консули Муҳаммад Раҳимхонга 12та милтиқ совға қилган. Инглиз винчестерлари. Кумуш ва олтин билан безатилган. Шулар музейга қўйилган, кейинги 30 йилда шулар ғойиб бўлди. Ўғриликлар мустақиллик йиллари бошида кўп бўлди. Назорат йўқолиб қолган, иқтисодий қийинчилик даври эди. Қадимий чопонлар, тангалар, тақинчоқлар талон-торож қилинди. Сайёҳларга пулланди. Ўша йили тадбиркорлардан бири япон туристларини олдимга етаклаб келди. Мана бу нарсага 5 минг доллар беради, минг долларини менга берасиз, қолгани сизники, деганди. Сотмадим, виждоним чидамади. 1992 йилда Ичан-Қалъадаги музейга ўғри ҳам тушди. Қоровулни оëқ-қўлини боғлаб¸ музейдаги қадимий ашëлар¸ қадимий туркман гиламлари, эгар-жабдуқларни ўғирлаб кетишди. Ўғрилар топилмади. Аслида бу ундан олдинги ўғриликларни яшириш учун атайлаб уюштирилган томоша бўлган, деган гумон ҳам бор. Музей ремонт қилинган пайтида ҳам экспонатлар йўқолди”¸ дейди суҳбатдош.

“Қадимий нақшин устунлар ўрнига хода”

Ўтган йили “Ичан-қалъа”даги Тош ховли, яъни хоннинг харами жойлашган тарихий бинонинг иккинчи қаватидаги тарсайвонларнинг ўйма нақшли қадимий устунлари олиниб, ўрнига ходалар қўйилгани тармоқларда эътироз уйғотган эди.

Хивадаги "Тош ховли".
Хивадаги "Тош ховли".

Баъзи блогерлар тарафидан қадимий устунларни музей мулозимлари сотиб юборган, деган иддаолар ҳам айтилди.

Хива Ичан қалъа музейи бош илмий котиби Комилжон Худойберганов бу иддаоларни рад қилди.

“1992 йилда ўғрилик бўлган, тўғри. Чунки ўша пайтда биргина қоровул бўлган. Ўғриларни Интерпол ҳам топа олмади. Музей раҳбарлари ўғирлаб, сотиб юборган, деган гаплар бўхтон. Нақшин ёғоч устун алмаштириб қўйилгани сабабини эса мен сизга айтаман. Устун вақт ўтиши билан қийшаяди. Бинонинг йиқилиб кетиш хавфи пайдо бўлади. Айримларига термит тушган, чириб кетгани учун алмаштирилди. Улар олиниб, ўрнига янгиси қўйилди. Одам ўляпти, устун синмасинми, қийшаймасинми. Абадий нарса йўқку”, - дейди Худойберганов.

2016 йилда Таъмир баҳонасида талон-торож қилинган "Нуриллабой саройи" олдига 1924 йилда Хоразм Халқ республикаси тарафидан ўрнатилган Ленин ҳайкали 1991 йили олиб ташланган эди.

СССР халқ рассоми Сергей Меркуров (1881 -1952) яхлит қизил гранитга ўйиб ишлаган Ленин ҳайкали Ўзбекистон Маданият вазирлигининг давлат муҳофазасида бўлган экспонатлари рўйхатида қолмоқда.

Совет монументал ҳайкалтарошлигининг таниқли вакили бўлган Меркуров асарлари жаҳон бозорида катта қийматга эга.

Хиванинг "Дешон-қалъа" мажмуидаги "Нуриллабой саройи"даги таъмир пайтида амалга оширилган талон-торож ва осори-атиқаларни ўғирлаш бўйича очилган жиноят иши юзасидан Хоразм вилоят суди қурилиш ширкати пудратчиларини айбли деб топган эди.

Икки йил олдин Озодлик “Ичан-Қалъа”да қадимий обидаларга таъмирлаш пайти шикаст етказилгани ҳақида хабар қилганди.

Мирзиёев танқиди

2020 йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида “Хиванинг ҳар бир ғишти авайлаб сақланиши” керак¸ деган эди.

26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Мирзиёев яна бир бор музейлар фаолиятига эътибор қаратди.

Мажлисда Ўзбекистон музейларида ўтказилган текширишларда мамлакат бўйлаб 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, сешанба кунги йиғилишда бошқа масалалар қаторида музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинган, Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан унумли фойдаланилмаётгани урғуланган.

Мазкур музейларда 2,5 миллиондан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланиши таъкидланган.

“Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилгани аниқланган. “Ичан-Қалъа” давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан (тақрибан 355 миллион АҚШ долларидан кўпроқ) ошган”, дейилган Ш. Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирилган хабарномада.

Шу боис йиғилишда президент бош прокурор ва туризм вазири бошчилигидаги комиссияга барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, йил якунига қадар уларнинг электрон базасини яратиш, музейлар раҳбар ва ходимларининг билим ва малакасини баҳолаб, лавозимига нолойиқ раҳбарлар ўрнига билимли, ҳалол ва тадбиркор ёшларни қўйишни топширган.

Икки йил олдин эса Озодлик “Ичан-Қалъа”да қадимий обидаларга таъмирлаш пайти шикаст етказилгани ҳақда хабар қилганди.

XS
SM
MD
LG