Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:18

Хива хони саройини Миллий банк Маданият вазирлигига қайтармоқда


"Нуриллабой" саройи
"Нуриллабой" саройи

Хиванинг Дешон-қалъа мажмуи таркибидаги "Нуриллабой" саройи 22 октябрь куни Миллий банк тасарруфидан чиқарилиб, Маданият вазирлигига қарашли Ичан-қалъа музей қўриқхонасига қайтарилди.

Озодликка 22 октябрь куни маълум бўлган бу хабарни тасдиқлаган мулозимга кўра¸ собиқ хон саройи реконструкцияси учун банк тарафидан 27 миллиард сўм сарфланган.

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Иккинчи (1845-1910) қурдирган бу сарой Миллий банк тарафидан таъмирланиб олий мартабали меҳмонларга зиëфат бериладиган масканга айлантирилган эди.

Музей раҳбарияти мамнун

Ичан қалъа давлат музей қўриқхонасининг директор ўринбосари Мақсуд Абдурасулов Хива хонларининг шу кунгача сақланиб қолган уч саройидан бири бўлган “Нуриллабой” “Миллий банк” тасарруфидан чиқарилиб музей ихтиëрига берилишини олқишлади:

- Бу сарой доимо сайëхлар талпинадиган Хивадаги жозиба марказларидан бири эди. Шу пайтгача бинонинг “Миллий банк” тасарруфида бўлгани боис туристлар уни томоша қилиш имкониятидан маҳрум эди. Хива хони Исфандиëр (1871-1918) қатл қилингани билан машҳур бу сарой айни пайтда замонавий Ўзбекистон тарихининг ҳам бир қисмидир. Ўзбекистон республикаси таъсисчиларидан бири бўлган Хоразм халқ республкаси қурултойи ҳам шу саройда ўтказилган.

Миллий банк "ҳаражат қилган"

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил, 19 май кунги қарори билан Миллий банк молияси эвазига қайта реконструкция қилинган.

Қарор асосида Хива хонининг ëзги "Нуриллабой" саройи ëнида тантаналар уйи¸ амфитеатр¸ галерея ва ресторанлар барпо қилинган.

Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ буларнинг ҳаммаси энди “Ичан қалъа музей қўриқхонасига берилади:

- Мақсад туристларга ҳизмат қилиш. Туризм салоҳиятини ошириш. Миллий банкнинг "Нуриллабой" саройи учун сарфлаган пулини бир тарафдан спонсорлик деса бўлади. Лекин энди махсус қарор асосида Ичан қалъа музейи бу пулни 10 йил ичида секин -секин тўлайдиган бўлди. Миллий банк Ўзбекистон яқин тарихидаги нодир асар таъмирига ҳисса қўшганидан мамнун.

Эътирозлар

"Нуриллабой" саройи Миллий банк тассарруфида бўлган пайтда ўтказилган зиëфатлар қадимий обидалар таъмири билан шуғулланадиган реставратор ва санъатшунослар эътирозга сабаб бўлган эди.

Хоразм зангори керамикаси бўйича мутахассис Григорий Кадзаевнинг Озодликка билдиришича¸ ушбу тарихий обида ичидаги декоратив элементлар хорижлик меҳмонлар учун уюштирилаётган зиёфатларда зарар кўрган:

- Бино деворлари рангли нақшлар билан безатилган¸ шифтда эса визуал тасвирлар бор. Деворларга столлар ишқаланиб нақшларга зарар етказилганини кўрдим. Шифтдаги ëғочга ишланган тасвирлар эса нам тортган. Бино профессионал музей ходимларининг доимий назоратида бўлиши керак. Миллий банк ходимлари бу вазифани уддалай олмади.

Жорий йил июнида "Нуриллабой" саройида ўтказилган зиëфатлар ҳақида Озодлик суҳбатлашган маданият ходими ҳам эътироз билдирган эди:

"Овоз кучайтиргични баланд қилиб, ароқ ичишяпти, айш-ишрат қилишяпти. Хоннинг саройидан бошқа жой қуриб қолдими?! Бир-икки миллион инвестиция олиб келаман деб, тарихий обидани оёқости қилишяпти".

Қадимшунос Григорий Кадзаевнинг таъкидича, “Нуриллабой саройида қадимий унсурлар анча камайиб қолган:

- Шу боис борини сақлаб қолиш керак. Саройни Миллий банк зиëфатхонаси қилиш яхши идея эмас эди. Ўзи кейинги 10 йилда бу саройнинг боши кулфатдан чиқмади. "Нуриллабой" саройининг қадимий эшиги¸ биллур қандиллари ва ложувард каминлари бундан етти йил олдин олиб борилган таъмир пайтида ўмарилди. Ўнга яқин киши жиноий жавобгарликка тортилди.Аммо бинога оид осори атиқалар қайтарилмади.

Озодлик суҳбатлашган санъатшунос ва мулозимлар Ўзбекистон Маданият вазирлиги¸ Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обида бўлган "Нуриллабой" саройининг музей ходимлари назоратида келажак авлодлар учун сақланиши лозимлигини айтишди.

"Хивага Шаҳрисабзнинг куни тушмасин!"

Озодлик суҳбатлашган музей қўриқхонасининг директор ўринбосари “Нуриллабой" саройининг туристлар учун маскан бўлажагини айтди.

Ўзбекистонлик санъатшунос-мунаққид Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда Хива Дешон-қалъа мажмуаси¸ хусусан¸ "Нуриллабой" саройини сайëҳлик индустрияси ихтиëрига мутлақо бериш оқибатларидан огоҳлантирди:

- Дешон-қалъа бу 18-аср охирида шаклланган ўзига хос тарихий макондир. Бу макон Совет даврида ҳам деярли бузилмаган. Уни иложи бор қадар оригинал ҳолида сақлаш керак. ЮНЕСКО Шаҳрисабзни бутунжаҳон мероси рўйхатидан чиқармоқчи. Деярли чиқиш арафасида турибди. Чунки шаҳарнинг тарихий қиëфасини замонавий қурувчилар йўққа чиқарган. Хивани ҳам шундай тақдир кутмаслиги керак.

Хоразм зангори керамикаси бўйича мутахассис Григорий Кадзаев Озодлик билан суҳбатда ота-боболардан мерос бўлган қадимий шаҳарни аслида қандай бўлса¸ шундайлигича келажак авлодларга етказиш маъсулиятидан сўз очди:

- Ичан-қалъа ичидаги ëдгорликларга пластик деразалар ўрнатилганини мониторинг қилиб, инспекцияга ëзиб бердим. Ҳозир бу тўхтади. "Нуриллабой" саройи жойлашган Дешон-қалъа туристлар маршрутига кирди. Энди ўн карра эҳтиëт бўлиш керак. Туристнинг кўнглини оламан деб обидаларга зарар бермаслик керак.

Хива хонининг сўнгги саройи

Туризм ширкатлари чиқарган йўлномаларга кўра, "Нуриллабой" саройи қурилиши 1906 йилда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II тарафидан бошланиб, 1912 йилда тугалланган.

Бино таниқли ғишт устаси Қурëз Бобожон ва Худойберган ҳожи тарафидан қурилган. Бинонинг мовий сопол кошинлари эса, Ота Ших ва шогирдлари тарафидан амалга оширилган.

Сарой ичидаги паркет ва француз услубидаги кошинли каминлар ўша пайтда Хива хонлигига сургун қилинган меннонит оқимидаги немис усталари тарафдан барпо қилинган. Сарой ичидаги овал залда 1918 йили Хиванинг сўнгги хонларидан бири Исфандиëрхон қатл қилинган эди.

Сарой ичида ҳаммом¸ кинозал ва шаҳзода оналари учун туғруқхона мавжуд бўлгани билан олдинги саройлардан фарқ қилган.

XS
SM
MD
LG