Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Хивадаги таъмирлаш ишларида обидаларга жиддий шикаст етказилмоқда (ВИДЕО)


Хива
Хива

Хиванинг 17-асрда қурилган ва ЮНЕСКОнинг Жаҳон Мероси рўйхатига кирган обидаларига таъмирлаш пайти жиддий шикаст етган.

Хивалик реставратор Абдулла Маткаримовнинг Озодликка айтишича, Хиванинг Дешон-қалъасидаги Нуриллабой саройи, Иброҳим хўжанинг уйи ҳамда Ичон-қалъадаги хоннинг ҳарами бўлган Дошҳовлида девор ҳамда ёғочга ишланган нақшлар вайрон қилинган.

- Нуриллабой саройидаги Исломхўжанинг акаси Иброҳим хўжанинг уйи томига трафарет услубида Хоразм наққошлигига ёт кўринишда нақш қўйишди. Буни халтура эканини келган туристлар оддий кўз билан пайқаши мумкин. Умуман, бунақа нақш бўлмаган ҳам бизда. Ичон-қалъадаги Хон ҳарами бўлган Дошҳовлида эса, ёғочга ишланган нақшлар малярчиликда ишлатиладиган эмал бўёқлар билан бўялган.

Хивадаги Иброҳим хўжанинг уйи вайрон қилинган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Таъмир баҳонасидаги талон-торож

Хиванинг Дешон-қалъа мажмуидаги "Нуриллабой" саройи 2012-2016 йиллар давомида амалга оширилган таъмир жараёнида талон-торож қилинган эди.

Саройнинг қадимий эшиги¸ биллур қандиллари ва ложувард каминлари ва энг муҳими Нурмат уста¸ Рўзмат ва Бобожон усталар ясаган қадимий эшик, бундан беш йил олдин бошланган таъмир пайтида ўмарилгани юзасидан 10га яқин киши жиноий жавобгарликка тортилган.

2017 йилда Хивадаги тарихий обидаларни таъмирлаш "Ижод-ижод" ширкатига берилди.

- Нуриллабойда олдин хивалик усталар таъмир ишларини бошлаганди. Ўғриликлар бўлиб, улар қамалди. Шунда ҳам ҳулоса қилишмади. Тошкентдаги "Ижод-ижод" ширкатига беришди. Ҳозир энди улар вайрон қилишяпти Хивани. Трафарет услубидаги нақшлар шуларни иши. Реставрация бунақа қилинмайди.

"Келажак авлод бизни кечирмайди"

Ўтган аср бошларида Хива хони ҳузурида наққош бўлган Рўзмат Арбоб сулоласи вакили Абдулла Маткаримов ота-боболардан мерос бўлган қадимий шаҳарни аслида қандай бўлса¸шундайлигича келажак авлодларга етказиш кераклигини айтади.

- Биз уста Рўзмат Арбобнинг бешинчи авлодимиз. У яратган асарларни кейинги авлодга қандай бўлса шундайлигича топшириш масъулиятимиз бор. Лекин бобомиз бизга қолдирган мерос реставрация қилиш нималигини билмайдиганлар томонидан вайрон қилинмоқда. Бу давом этаверса, келажак авлод бизни асло кечирмайди. Обидаларимизни кўриш учун минглаб турист келади. Улар ҳам оддий кўз билан бу ҳозир чизилганини кўриши мумкин. Ундан кўра, обидаларни шу ҳолича қолдириш керак.

Хивадаги обидаларга зиён етказилган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:17 0:00

"Нуриллабой" саройи ва Хивадаги бошқа обидалар Ўзбекистон Маданият вазирлиги Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обида ҳисобланади.

"Реставрация масаласини мутлақо қайта кўриб чиқамиз!"

Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова 20 ноябрь куни онлайн тарзда ўтказилган матбуот анжуманида Озодлик саволларига жавоб берар экан, тарихий обидаларга зарар етказилгани билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилишини айтди.

- Нуриллабой саройи ҳақида айтадиган бўлсак, ўтган йиллар давомида у Миллий банк тасарруфида бўлган. Таъмирчиларни улар танлаган. Ҳозир энди бу обида бизни тасарруфимизга ўтди ва бизни ҳимоямизда. Обидаларга шикаст етказилган ҳолат ўрганилади. Биз обидаларни реставрация қилиш масаласини мутлақо қайта кўриб чиқамиз ва бу ишни энди вазирлик тўлиқ назоратига олади, - деди Оқилова.

"Нуриллабой" саройи ҳақида

Хивадаги Нуриллабой саройи 1893-1904-йиллар оралиғида Хива Хони Муҳаммад Раҳимхон II томонидан ўғли шаҳзода Исфандиёрхон шарафига қурилган.

Шарқона ва европача услубда қурилган қасрнинг эшик ва ойналарини немис меннонитлари қабиласи дурадгорлари ясаган.

Ўтган йили Хоразмга сафар қилган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация учун Хиванинг Нуриллабой саройида уюштирилган зиёфат ижтимоий тармоқда танқидга учраганди.

Озодлик Ўзбекистондаги тарихий-маданий обидаларнинг аҳволи билан боғлиқ суриштирувларини давом эттиради. Бу ҳақда тафсилотлардан хабардор бўлсангиз¸ Озодликка боғланинг. Таҳририят шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

Мессенжер ва имейл
+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

XS
SM
MD
LG