Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Юридик университетдан ҳайдалган талаба ўз уйида осилган ҳолда топилди


Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.
Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Тошкент Давлат юридик университетида давлат имтиҳонидан ўтолмай, ўқишдан ҳайдалган талаба йигит 8 май куни ўз уйида осилган ҳолда топилди. У ўз жонига қасд қилгани гумон қилинмоқда. Марҳумнинг собиқ курсдошларига кўра, талаба ўқишдан ҳайдалганини бир йил давомида ота-онасидан яшириб юрган. Уларнинг гумон қилишича, яшириб юрган сири ошкор бўлгач, талаба ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

Тошкент Давлат юридик университетига 2016 йилда ўқишга кириб, 1-курс охирида имтиҳондан ўтолмай ўқишдан ҳайдалган собиқ талаба йигит пойтахтнинг Миробод туманидаги ўз уйида осилган ҳолда топилгани тўғрисида Озодликка марҳумнинг собиқ курсдошларидан бири хабар қилди.

Марҳумни (20 ёшли Ж.Ю. - унинг тўлиқ исми Озодликка маълум, лекин ахлоқ қоидалари юзасидан таҳририят унинг исмини очиқламайди) яхши танийдиган собиқ курсдошларидан бири Озодлик билан суҳбатда талаба ўқишдан ҳайдалгани учун ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлигини айтди.

- Инглиз тили фанидан имтиҳонлардан ўтолмай юрди. Охири ўқишдан ҳайдалди. Инглиз тилидан якуний назорат имтиҳонлари бизда пуллик. Катта пул. Талаба бу пулни топиб беролмаган. Хорижий тил курсларга боролмаган. 2- курс талабаларидан 6,5 IELTS талаб қилинади, - деди Тошкент Давлат юридик университетининг исми сир қолишини истаган талабаларидан бири.

Ўзини осгани гумонланаётган талабанинг яна бир курсдоши Озодлик билан суҳбатда марҳум дўсти ўқишдан ҳайдалганини бир йил давомида ота-онасидан яшириб юрган, ошкор бўлгач, ўзини осган бўлишини тахмин қилади.

- Ота-онасидан яшириб юрган экан, кейин билиб қолишган. Тиклана олмаган,- дейди ТДЮУнинг Озодлик суҳбатлашган яна бир талабаси.

Озодлик мухбири Тошкентда юз берган фожеа тафсилотларини аниқлаш учун Тошкент Давлат юридик университети ректорининг маънавият ва маърифат масалаларига масъул ёрдамчиларидан бири билан боғланди.

Ректор ёрдамчиси университетнинг ўз жонига қасд қилган собиқ талабаси ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

- Бугун дам олиш, университетда ҳеч ким йўқ. Шахсан мен бунақа воқеа содир бўлганидан бехабарман, - деди ТДЮУ ректорининг ёрдамчиси.

Шунингдек, ректор ёрдамчиси Озодликка гапирган талабаларнинг "университетда имтиҳонлардан ўтиш пуллик", деган иддаоcини кескин рад этди.

Тошкентнинг Миробод туман Ички ишлар бўлими мулозими Озодликка Ж.Ю.нинг ўлими юзасидан тергов олиб борилаётгани ва тергов сири важидан бу ҳақда маълумот беролмаслигини билдирди.

Марҳум талабанинг оиласи аъзолари билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган ҳафта Озодлик Тошкентнинг Яшнобод туманидаги 69-сон мактабнинг 9 синф ўқувчиси 3 май куни ўз уйида осилган холда топилгани ҳақда хабар берган эди.

Ўтган ой Янгийўл тумани, Навоий маҳалласи, Ниҳол кўчасида Янгийўл иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 3-курс ўқувчиси, 1999 йилда туғилган қиз ошхона тўсинига ўзини осган ва қиз вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG