Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:40

Шахрихонда касалхона ходими пенсияга чиққан кунинг эртасига ўзини осди


Андижон вилоят, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлимининг 55 яшар ходими Зулҳумор Рустамова 20 февраль куни ўз уйида осилган ҳолда топилди.

Шаҳрихон туман ички ишлар бўлимидан Озодлик олган маълумотга қараганда¸ туман марказида истиқомат қилган Рустамованинг жасади тиббий экспертизадан ўтказилиб яқинларига қайтарилган, Рустамованинг иши билан прокуратура шуғулланмоқда:

- Вос-вос касал бўлиб, ўз жонига қасд қилдими ëки бошқа сабабми - биз айта олмаймиз. Милиция ходими сифатида биз воқеани ўргандик¸ баëннома туздик ва ишни прокуратурага топширдик¸ деди Шаҳрихон туман ИИБ вакили Озодликка.

Озодлик билан суҳбатлашган Рустамованинг яқинларидан бирининг иддаосига кўра¸ марҳум ўз истагига зид тарзда пенсияга чиқарилганидан норози бўлган ва тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилган.

Озодлик 21 февраль куни суҳбатлашган прокуратура ҳодими эса¸ воқеа юзасидан ҳулоса чиқаришга шошилмаслик керак деди:

- Бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 - (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этяпти, бошқа ҳеч нарса айта олмайман”, деди прокуратура мулозими.

Озодлик бу юзадан Шахрихон туман тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ қилди. Ўзини таништирмаган ҳодим¸ Рустамованинг ўз жонига қасд қилмасдан олдин пенсияга чиқарилганлигини тасдиқлади. Ходимнинг айтишича¸ Рустамова пеенсияга кетишни истамаслигини тиббиёт бирлашмаси Бош врачи Шуҳрат Аминжоновичага ҳамманиинг олдида айтган. Ходимнинг яна айтишича¸ Бош врач бирлашмага ажратилган бюджет чекланганини айтиб Рустамовани пенсияга чиқариш ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйган.

21 февраль куни дафн қилинган Рустамованинг пенсияга чиққанидан норозилиги унинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлганини тасдиқловчи бирор бир исбот ëки ҳужжат Озодликда мавжуд эмас.

Бюджет ташкилотида ишлайдиган ва ëши 55 га тўлганларнинг ўз истагига зид тарзда пенсияга чиқарилаëтгани ҳақида Озодликка бир неча шикоят тушган.

Тошкент шаҳар, Миробод туман Кўзи ожизлар жамиятидаги корхонада ишлаётган 55 ёшлик Мавлуда Маматхўжаеванинг Озодликка айтишича¸ уни “55га чиқдинг. Энди пенсияга кетгин” деб мажбурлашган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, эркаклар 60, аёллар 55 ёшида пенсияга чиқиши мумкин.

Президент Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олган эди.

Самарқандни мисол қилар экан, “Бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади”¸ деган эди президент. Лекин бу рақамнинг қайси даврга оид эканини ҳам¸ аëлларни ўзини ўлдиришга мажбурлаëтган омилларни ҳам аниқлаштирмаган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти​га кўра, 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.​

XS
SM
MD
LG