Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:32

Нукусда уч фаолнинг Cotton Campaign аъзолари билан учрашишига монелик қилинди


Нукусдаги мажбурий меҳнат мониторинги билан шуғулланувчи "Чироқ" нодавлат ташкилоти фаоллари.
Нукусдаги мажбурий меҳнат мониторинги билан шуғулланувчи "Чироқ" нодавлат ташкилоти фаоллари.

Cotton Campaign коалицияси Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонда мажбурий меҳнат мониторинги билан шуғулланувчи "Чироқ" нодавлат ташкилоти фаолларининг коалиция аъзолари билан учрашишига тўсқинлик қилинганидан таассуф билдирди.

Дунёдаги машҳур 310 савдо брендини бирлаштирган Cotton Campaign делегацияси 27 январь — 6 февраль кунлари Ўзбекистонда бўлиб, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳамда ҳукумат расмийлари билан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни таг-туби билан йўқ қилиш, тизимли ислоҳотлар ва фуқаровий жамият ролини ошириш Cotton Campaign коалицияси қўяётган асосий талаблар - йўл харитасидир.

Cotton Campaign делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлган Ўзбекистон-Германия форуми инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Линн Швайзфурзнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон ҳукумати йўл харитаси бўйича талабларни бажаришга ваъда берган.

Нукус шаҳридаги "Чироқ" нодавлат ташкилоти раҳбари Азимбой Отаниёзовнинг Озодликка айтишича, 1 февраль куни Cotton Campaign делегацияси билан учрашиши керак бўлган уч нафар фаоли турли баҳоналар билан милиция ва ҳокимликларда кечгача ушлаб турилган:

- Бир фаолимиз Кегейлидан Нукусга келаётганида машинаси "Постгаи"да тўхтатилган, кейин туман ҳокимлигида кечгача ушлаб турилган, телефонини ҳам олиб қўйишган. Кегейли тумани ҳокимлигидагилар "қаерга боряпсан, ким билан учрашяпсан, нима ҳақда гап бўлади", деб сўроққа тутишган. Яна бир фаолимизни Нукусдаги милиция таянч пунктида "қўшни хонадонда жанжал бўлди, гувоҳсан", деб кечгача ушлаб ўтиришган. Ундан ҳам "нимага боряпсан, ким билан учрашасан" деб сўрашган. Учинчи фаолимиз, Нукусдаги сил касалликлари шифохонасида ишлайди, уни шанба куни, дам олиш куни атайлаб навбатчиликка қўйишган.

"Чироқ" жамоат ташкилоти 2019 йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат билан боғлиқ йигирмадан ортиқ холатни ўрганган.

Азимбой Отаниёзовнинг фикрича, айнан шу ҳолатлар гувоҳи бўлган фаолларига Cotton Campaign делегацияси билан учрашишларига монелик қилинган:

- Масалан, Қўнғирот сода заводида 1300 атрофида одам ишлайди. Улар пахтага чиқиш ё ўринларига одам ёллашга мажбурланган. Бундан ташқари Тўрткўл туманида мактаблар, марказий касалхона ходимлари, шифокор ва ўқитувчилар 2019 йил 5 сентябрдан бошлаб пахтага сафарбар этилган ёки ўринларига мардикор ёллашга мажбур қилинган. Шунга ўхшаган йигирмадан ортиқ ҳолатни ўрганганмиз. Шу маълумот халқаро ташкилотларга етиб бормасин дебми ёки бошқа сабабми, буларни учрашишига йўл қўйилмади.

Озодлик фаолларнинг уларга тўсқинлик қилингани ҳақидаги иддаоси юзасидан Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасидан изоҳ ололмади.

Cotton Campaign меҳнат ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, инвестор ва бизнес-ташкилотларининг халқаро коалицияси бўлиб, мақсади пахта етиштиришда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймасликдир.

Коалиция мажбурий меҳнат маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтаси маҳсулотларининг жаҳонга машҳур текстил ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан бойкот қилиниши ташаббускори саналади.

Cotton Campaign делегацияси таркибида Ўзбекистонга сафар қилган Ўзбекистон-Германия форуми ходими Линн Швайзфурз Нукусда "Чироқ" жамоат ташкилотининг айрим фаолларига тўсқинлик қилинганидан таассуф билдирди.

- Биз Нукусда 12 фаол билан учрашишимиз керак эди. Айримларига жисмоний тўсқинликлар бўлганини ўргандик. Бундан ташқари маҳаллий расмийлар "Чироқ" ташкилотини рўйхатга олишни пайсалга солиб келмоқда. Уларнинг аризаси арзимаган грамматик хатолар сабаб қилиб, рад қилинган. Бир томондан Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга келаётган сармоядор ширкатларини ўн дақиқада рўйхатга оламиз дейди, мажбурий меҳнат ёки инсон ҳуқуқлари бўйича ноҳукумат - нодавлат ташкилотлари эса рўйхатга олинишни йиллаб кутишяпти, - дейди Швайзфурс. Ўзбекистон-Германия форуми вакилига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни тугатиш борасида сезиларли ишлар қилган бўлса-да, уни тугатолмагани учун ўзбек пахтасига бўлган юздан ортиқ ширкатнинг бойкоти ўз кучида қолмоқда.

- Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатни тугатиш уринишлари таҳсинга сазовор, лекин бу борада барқарор натижага эришиш учун журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг бу борадаги изланишларига тўсқинлик қилинмаслиги керак, - деди Линн Швайзфурз.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

​Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2019 йилда ҳам пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши қонунлар қабул қилинганига қарамай¸ Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида ўқитувчи ва шифокорларнинг ҳам маҳаллий ҳокимлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилгани кузатилди.

XS
SM
MD
LG