Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Тошкент расмийлари АҚШда ўзбек пахтасини бойкот қилган ширкатлар билан музокара қилади


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ 4-6 февраль кунлари Тошкент делегацияси АҚШга сафар қилади ва бу ерда Cotton Campaign халқаро коалициясининг йиллик мажлисида иштирок этади.

Ўзбекистон делегацияси таркибига мамлакатдаги болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш учун маъсул қилинган Бош вазир ўринбосари¸ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевлар киритилган.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

АҚШ сафари давомида Тошкент делегациясининг мазкур бойкотга қўшилган Nike, Zara, GAP, Levi's, H&M, UNIQLO каби йирик брендлар вакиллари билан учрашиб¸ уларни ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилишга чорлаши айтилмоқда.

2018 йил июль ойида АҚШ Меҳнат вазирлиги Мирзиëев ҳукумати пахта мавсумида мамлакатдаги болалар меҳнатига барҳам берди¸ деган асосда ўзбек пахтасини “болалар меҳнати ҳисобига етиштирилган маҳсулотлар” рўйхатидан чиқарган эди.

Бу қарорни танқид қилган Cotton Campaign¸ ўзбек пахтасини легаллаштиришга ҳали эрта¸ деган хулоса билдирган эди.

Хусусан¸ Cotton Campaign Ўзбекистон ҳукумати болаларни пахта теримидан озод қилиши ортидан бу юкни катталар зиммасига юклаётгани ва пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат вазияти деярли ўзгаришсиз қолаëтганини таъкидлаган эди.

АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси тарқатган маълумотга кўра¸ амалий сафар давомида Тошкент делегацияси Оқ уй¸ Давлат департаменти¸ Меҳнат вазирлиги ва халқаро молия тизимлари расмийлари билан ҳам учрашади.

XS
SM
MD
LG