Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Олмалиқлик она: Малакасиз врaчлар касалхонага ўз оëғи билан борган 16 яшар қизимнинг ўлигини беришди!


21 январь кечқурун касалхонага ўзи кириб борган 16 яшар Эъзозанинг жонсиз танаси 23 январь куни яқинларига топширилди.
21 январь кечқурун касалхонага ўзи кириб борган 16 яшар Эъзозанинг жонсиз танаси 23 январь куни яқинларига топширилди.

Тошкент вилоят, Олмалиқ шаҳар касалхонасига 21 январь кечқурун тиббий ëрдам сўраб келган 16 яшар Эъзоза Йўлдошева врачлар назоратига олинганидан сўнг комага тушиб¸ вафот этди.

Олмалиқ касалхонаси реанимация бўлими бошлиғи Озодлик билан суҳбатда¸ 16 яшар қизнинг ўлими учун масъулиятни марҳуманинг ўзи ва оиласига қўйишга уринди.​

Олмалиқлик Дилдора Йўлдошева¸ биргина қизи Эъзозанинг врачлар назоратига олингандан кейин комага тушиб¸ қайта уйғонмагани учун айбни “саводсиз¸ порахўр ва касалхонага яқинлаштириш мумкин бўлмаган” врачларга қўйди:

- Боламга ўз вақтида мутахассис чақирмади, аҳволи яхши¸ деб даволовчи врач ҳам¸ реанимация бошлиғи ҳам алдади мени. 22 январда Тошкентга 16 -горбольницага обкетай десам¸ тонггача яхши бўлади аҳволи деб алдади.

Онанинг айтишича¸ янги йилдан 10 кунча олдин¸ Эъзозанинг 1-тур қандли диабетга чалингани аниқланган ва унга инсулин терапияси белгиланган.

10-синфда ўқиган Эъзоза ҳаëтни севган¸ шўх-шодон қиз бўлган.
10-синфда ўқиган Эъзоза ҳаëтни севган¸ шўх-шодон қиз бўлган.

Ташхис қўйилиши билан¸ Дилдора Йўлдошева қизини Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган эндокринологиянинг илмий-амалий тиббиёт маркази (РИЭИАТМ)нинг болалар бўлимига ëтқизиш ҳаракатига тушган.

- Мен диабет нималигини билмас эдим¸ авлодимизда йўқ бу касал. Тошкентдаги марказ ордер бўлмаса¸ қабул қилмас экан. Бепул даволаниш учун бериладиган бу ордерни эса¸ вилоятдагилар пулга сотишар экан. Шуни билиб¸ тўполон қилганимдан кейин қизимни янги йилдан кейин қабул қилишди¸ 10 кун ëтиб¸ даволаниб чиқди. Бирорта врач менга қизингнинг аҳволи яхшимас¸ ҳаëтий органларига тузалмайдиган зиëн етди¸ дегани йўқ. Ҳар кун инсулин қилсин¸ дориларини ичсин¸ дейишди. Қизим ҳар кун овқатдан олдин ўзи қорнига инсулин укол қиларди¸ дейди Дилдора Йўлдошева.

Тошкентдаги эндокринология марказида муолажа олиб¸ уйига келганидан бир ҳафтача ўтиб¸ Эъзоза ўзини ëмон ҳис қила бошлаган ва 21 январь куни кечқурун онаси уни аввалига Оҳангарон туман касалхонасининг реанимация бўлимига олиб келган.

Бу ердаги врачлар¸ боланинг аҳволини текшириб ҳам кўрмасдан¸ унга бирор шаклда тиббий ëрдам кўрсатмасдан¸ “реанимацияга ëтқизиладиган аҳволда эмас”¸ деб қабул қилмаган.

Қорли-қировли тунда боласини Тошкент ëки яқинроқ Олмалиққа олиб бориш танлови олдида қолган Дилдора Йўлдошева уни “яқинроқ” деб Олмалиқ касалхонаси реанимациясига олиб келган.

- Боламни топширганимда шакари унча баланд эмас эди. Диабети борлигини тушунтириб¸ дарҳол эндокринолог чақиринглар¸ десам¸ бутун бошли шаҳар больницасида болалар эндокринологи йўқ экан. Биттаю битта эндокринолог билан реанимация раҳбари урушгани учун¸ уни чақиришмас экан. Худони зорини қилдим¸ Тошкентдан чақиртиринглар деб¸ “йўқ¸ аҳволи яхши”¸ дейишди. Эртаси куни боламни бақиртириб зонд ютқазишди¸ кечқурун аппарат улади, катетер қўйди, манга ухлаяпти¸ деди. 23 январь тонгида болам оғирлашди, Тошкентга опкетиш учун бош врачдан рухсат керак экан. Бош врач соат 9 дан кейин келди, аҳволи яхши деганлар¸ энди агар 16-да танишингиз бўлса опкетинг дейишди. Опкетишга кеч эди¸ болам тонгга яқин комага тушиб бўлган экан.

Дилдора Йўлдошева¸ қизига зудлик билан мутахассис-эндокринолог ëрдамини ташкил этиш учун дарҳол ўғлини Тошкентга юбориб¸ қизи бир ҳафта бурун даволаниб чиққан Республика эндокринолигия маркази бош врач ўринбосарини телефонда Олмалиқдаги даволовчи врач билан уланганини айтади.

- У врач даволовчи врачдан сиз бизга ўқишга келдизми¸ бунақа вазиятда нима қилишни биласизми¸ деганда даволовчи врач жавоб бера олмади. Булар бошданоқ нотўғри қараган¸ нима қилиш кераклигини умуман билмаган. Малакаси етарли¸ деган аттестацияни 200-300 доллардан сотиб олиб¸ юраверган булар¸ дейди фарзанд доғида ўзини қаерга қўярини билмаëтган она йиғи орасида.

Дилдора Йўлдошеванинг айтишича¸ 23 январь куни тушки соат 12 ларда ўзлари хусусий эндокринолог мутахассис олиб келган¸ аммо бу пайтга келиб қаттиқ комага тушган Эъзоза 13:40 лар атрофида комадан чиқмай¸ жон берган.

Ўлим ҳақидаги расмий хулосада¸ қизнинг қонида шакар баландлиги¸ органларининг ишламай қолганидан комага тушиб¸ вафот этгани қайд қилинган.

Эъзоза Йўлдошеванинг ўлими ҳақида берилган расмий ҳужжат.
Эъзоза Йўлдошеванинг ўлими ҳақида берилган расмий ҳужжат.

- Реанимацияда қари пенсионер врачлар ишлайди, на янги даволаш усуллари¸ на янги дорилардан хабари бор! Яхши врачларга ўрин йўқ. Сиздан илтимос ëрдам беринг, ўз касбини севмайдиган, халқни тушунмайдиган врачлар ишламасин ундай жойларда. 22-23 январь куни Олмалиқ реанимациясидан камида учта ўлик чиққанини ўз кўзим билан кўрдим. Халқ қийналиб кетди¸ пули йўқ камбағал ўлиб кетаверсин¸ буларнинг иши йўқ¸ - дейди она.

Ким айбдор?

Озодлик бир ой олдин 1- тип қандли диабет ташхиси қўйилиб¸ 10 кун Тошкентдаги эндокринология марказида даволаниб чиққан Эъзозанинг ўлими учун ким масъул деган саволга жавоб топиш мақсадида она-бола мурожаат қилган ва унга муолажа кўрсатган¸ қолаверса¸ вазиятдан бевосита хабардор врачлар билан гаплашди.

Дилдора Йўлдошева 21 январь куни кечқурун биринчи бўлиб ëрдам сўраб борган Оҳангарон касалхонаси реанимация бўлими врачи¸ қандли диабети бор¸ юраги бежо бўлиб¸ нафас олишга қийналаëтганини айтган Эъзозани ҳатто текширмай туриб¸ қайтариб юборганини эътироф қилди.

- Бизга ўз оëғи билан юриб келди¸ реанимацияга оладиган аҳволи йўқ эди. Онасига Тошкентдаги эндокринологияга марказига олиб боринг¸ дедим.

Шундан сўнг она-бола Олмалиқ касалхонасининг реанимация бўлимига келган. Бу ерда Эъзозани қабул қилиб¸ унга муолажани белгилаган Мирғолиб исмли врач билан Озодлик боғлана олмади – врачнинг мобил телефони кун давомида ўчирилган бўлиб чиқти.

Олмалиқ касалхонаси реанимация бўлими бошлиғи Озодлик билан суҳбатда¸ 16 яшар қизнинг ўлими учун масъулиятни марҳуманинг ўзи ва оиласига қўйишга уринди.

- Ўспирин қиз инсулин олдим¸ деб олмаган бўлса керак.Бизга прекоматозний аҳволда келган. Ички органлари ишламай қолганидан комага тушди. Инсулин бериб ҳам шакарини тушира олмадик¸ деди реанимация бош врачи.

Бу масъул¸ қандли диабетга чалинган қизга белгиланган муолажада болалар эндокринологи қатнашмагани¸ унга аввал бошданоқ нотўғри муолажа қилингани ҳақидаги айбловни инкор қилишга уринди.

- Оиласининг эътирози бўлса¸ прокуратурага шикоят қилсин. Экспертиза тайинланади¸ бунинг учун ўлик эксгумация қилинади. Оиласи жасадни ëрдиришни истамаганидан¸ врачларга ҳеч қандай эътирозим йўқ¸ деган хатга қўл қўйиб берган. Эътирози бўлса¸ ўликни очамиз¸ деди Олмалиқ касалхонасининг жонлантириш бўлими раҳбари.

Бу расмий¸ Дилдора Йўлдошеванинг 22-23 январь кунлари Олмалиқ реанимация бўлимида камида уч беморнинг ўлганини ҳам инкор қилмади.

-Ўзлари ўладиган аҳволда келгандан кейин¸ қўлимиздан нима келади¸ Худонинг ишида¸ деди бўлим раҳбари.

16 яшар Эъзозанинг врачлар назоратига олингандан кейин комага тушиб ҳаëтдан кўз юмиши Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги фундаментал муаммоларни кун тартибига қўяди.

Профессионал малакага эга мутахассислар етишмаслиги¸ тизимдаги коррупция¸ касалхоналар¸ хусусан¸ жонлантириш бўлимларида ҳам ҳаëт-мамот учун зарур дори ва дори воситаларининг йўқлиги¸ Озодлик гаплашган мутахассислар таъкидича¸ Эъзоза фожиаси ортидаги асосий сабаблардир.

27 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасини ва илм-фан йўналишларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган президент Шавкат Мирзиëев ҳам¸ президент матбуот хизмати ëзган хабарга кўра¸ “ соҳадаги кадрлар таъминоти, малакаси ва салоҳиятини танқид қилган”.

Ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимида 75 минг нафар врач фаолият юритмоқда. 2 минг 900 та умумамалиёт шифокори, 10 мингта тор мутахассислар етишмайди. Илмий изланиш натижаларини ҳаётга жорий этиш 5 фоиздан ҳам ошмайди”¸ дейилади расмий хабарда.

XS
SM
MD
LG