Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Пилла топширилганига 6 ой бўлди. Нега фермер ва касаначи пулини ололмаяпти?


Ўзбекистонлик касаначи ва фермерлар топширган пилла пулини олти ойдан буён ололмаяпти
Ўзбекистонлик касаначи ва фермерлар топширган пилла пулини олти ойдан буён ололмаяпти

Жорий йилнинг баҳорида ипак қурти боққан касаначи ва фермерлар топширган пилласининг пулини ҳануз ололмаётгани ҳақида Озодликка Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятидан бир неча шикоят келди.

Озодлик бу ҳолатларни суриштириш давомида республиканинг аксар вилоятларида аҳвол шундай эканига амин бўлди.

Фермерлар эса йиллардан буён топширган пилласи пулини ололмаётганини айтмоқда.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси матбуот котибининг саъй-ҳаракатидан сўнг, 6 ноябрь куни эрталаб уч шикоятчига пилла пули тўлаб бериладиган бўлди. Котиб шундай ҳолатлар борлигини инкор қилмади. Айни пайтда ипак қурти боқиш, уни касаначилардан сотиб олиш тизимини мукамаллаштириш устида иш олиб борилаётганини айтди.

Озодликка Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани, Зарбдор маҳалласидан касаначи Норин Маҳмадёровадан шундай шикоят келди:

“Қизириқ туманидан ёзяпмиз. Маҳалла берган пиллани боққандик. Уч ойда тўлаб берамиз, дейишганди. Аммо 7 ойдан бери ҳақимизни ололмай сарсонмиз. Пилла бўйича масъулларни топиб бўлмаяпти. Топсак ҳам, ҳали пилла чет элга сотилгани йўқ, сотилса кейин пулини берамиз, деяпти”

Озодликнинг аниқлашича, бу оила “Сурхондарё Агропилла” МЧЖ билан шартнома тузиб бир қути ипак қурти боққан. 61 кило пилла топширган, аммо орадан 7 ой ўтган бўлса-да пилла пулини ололмаган.

Қашқадарё вилояти Косон туманидан шикоят қилган Абдураҳмон Жўраев ҳам “Radiant Silk” МЧЖ унинг жияни Шербек Бобоқуловга топширилган пилланинг пулини бермаётгани ҳақида ёзди:

“Қарийб 80 кило олий навли пилла топширганмиз. Шартномада пилла топширилган кундан кейин 90 кун орасида пули тўлаб берилади, дейилган. Аммо 90 кун эмас 180 кун ўтиб кетди. Пулдан дарак йўқ!”

Шербек Бобоқулов Озодликка “Radiant Silk” МЧЖ билан тузилган шартнома нусхасини ҳам юборди. Унда “”хўжалик” маҳсулотни қабул қилиб олгандан кейин шартномада белиланган нрахлар бўйича маҳсулот етиштирувчига 90 иш кунидан кечиктирмаган муддатда иш ҳақини тўлайди”, дейилган.

Шартномага кўра, агар “хўжалик” пулни ўз вақтида тўлолмаса, ҳар бир кун учун тўланмаган сумманинг 0,2 фоизи миқдорида пеня тўлайди.

Шербек Бобоқуловнинг "Радиант Силк" МЧЖ билан тузган шартномасида тўлов муддати 90 кун деб ёзилган.
Шербек Бобоқуловнинг "Радиант Силк" МЧЖ билан тузган шартномасида тўлов муддати 90 кун деб ёзилган.

Озодлик 5 ноябрь куни боғланган “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг матбуот котиби Умарбек Эсанмуродов 6 ноябрь куни шикоятчиларнинг арзлари жойида ўрганилгани ва иш ҳақи тўлаб берилгани ҳақидаги шикоятчиларнинг тилхатларини жўнатди:

“Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани бўйича муаммо ҳал этилди, касаначи Норин Маҳмадиёрова ва Дилором Ҳамзаева билан тузилган шартномада хизмат ҳақини тўлаб бериш вақти сифатида 2020 йил 31 декабрь санаси кўрсатилган экан. Лекин кеча биз Сурхондарё вилояти бошқармаси билан биргаликда шартномаларни кўриб чиқдик, кластер касаначига ҳозир пулини тўлаб беради”.

Аммо Озодликка юборилган шартнома нусхаси кимга тегишли эканлиги номаълум, тўлов муддатидаги йил эса ручка билан ўзгартирилган.

Бу шартноманинг кимга тегишли эканлиги кўрсатилмаган ва йил рақами ўзгартирилган
Бу шартноманинг кимга тегишли эканлиги кўрсатилмаган ва йил рақами ўзгартирилган

Норин Маҳмадёрова Озодлик билан суҳбатда МЧЖ вакили келиб, улардан пулни олдик деб ариза ёздириб олгани ва паспортларини олиб, пулни олиб келишга кетганини айтди.

Асосий муаммо нимада? Фермерлар нега ипак қурти боқишдан безор?

Айни пайтда энг асосий муаммо - нега минглаб фермерлар пилла пулини ололмаётгани, нега президент қарорида айтилганидек, пиллачилик фақат касаначиликка берилмасдан, ҳозир ҳам фермерлар зиммасига юкланаётгани, нега тўлов кечикаётгани ҳақидаги саволлар очиқ қолаётган эди.

Озодлик Бухоро вилояти Жондор тумани, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани, Қашқадарё вилояти Косон тумани ва бошқа вилоятлик фермерлар билан бу ҳақда гаплашди.

Жумладан, Косон туманидаги исми сир қолишини сўрган фермерлардан бирининг айтишича, ипак қурти боқиш улар учун ортиқча ташвиш:

Шартномада бир ойда пулини тўлаймиз дейилган, лекин пулини бир мен эмас, бирорта фермер олмаган.

“Фермерга пилланинг бир тийинлик фойдаси йўқ, лекин ҳокимлар оласан деб мажбурлашади. Масалан, мен ҳам бу йил икки қути олишга мажбур бўлдим. Табиийки, ўзимнинг уйимда бунга шароит йўқ. Маҳалладошларимдан илтимос қиламан. Уларга бошида икки қоп ун, ўн кило ёғ, бир миллион сўм пул бераман. Барг ташишга техника бераман. 130 кило пилла бўлди, ўзим олиб бориб топширдим. Шартномада бир ойда пулини тўлаймиз дейилган, лекин пулини бир мен эмас, бирорта фермер олмаган. Планини бажаролмаган фермерлар эса ўша пилла қабул қилиш жойининг ўзидан ҳар килосини 30 минг сўмдан сотиб олиб, планни бажарди”.

Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманидан исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, ҳокимият ҳар ўн гектар ерга бир қутидан ипак қурти боқишни мажбурият қилиб қўйган:

“Бизда ҳам ҳали ҳеч ким пулини олмади. Бизда касаначилар кам, ҳаммаси фермерлар бўйнида. Лекин 3-4 йилдан буён ҳеч ким пилланинг пулини олмайди. Ҳар йили пилланинг раҳбари ўзгаради. Фермерлар пиллани сотиб олади. Буни қаранг, менинг оилавий шароитим жуда нари борса икки қути уруғга мўлжалланган. Лекин 100 гектар ерим борлиги учун 10 қути беради. Биз нима қиламиз, ўзимиз касаначи топамиз ва пул бериб уларга боқтирамиз. Бўлмаса ҳокимият ерни олиб қўйиш билан таҳдид қилади. Мен ҳам режага етказолмаган пиллани килосини ўн минг сўмдан сотиб олиб топширдим. Бу ҳолат йиллардан буён шундай давом этиб келмоқда, ҳеч қандай ўзгариш йўқ”.

Озодлик суҳбатлашган бухоролик, сирдарёлик фермерлар ҳам айнан шу гапларни айтди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси матбуот котиби Умарбек Эсанмуродов уюшма ҳали янгилиги боис, пилла етиштириш тизимини ислоҳ қилишда баъзи муаммолар борлигини айтади:

“Энг аввало шуни айтиб қўяй, пулини ололмаганлар порталга (Президент қабулхонаси, бош вазир қабулхонаси) ва ОАВларга мурожаат қилаяпти, агар улар биринчи "Ўзбекипаксаноат" уюшмасига мурожаат билан чиқса тезда ҳал қилиб беришга ҳаракат қиламиз”.

Фермерлар масаласига тўхталар экан, матбуот котиби “бизда бу борада муаммомиз бор, қачонки тўлиқ касаначиларга ўтказсак, ҳаммаси ижобий ечим топади”.

Умарбек Эсанмуродов тўловнинг кечикаётганини коронавирус пандемияси билан изоҳлади:

“Ҳозирги мураккаб кечаётган пандемия даврида жаҳонда ипак нархининг кескин тушиб кетиши ва талабнинг камайиб кетганлиги ипак маҳсулотларининг экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг оқибатида қайта ишлаш корхоналарининг ҳисобидаги маблағларнинг кескин камайиб кетиши, уларга фермер хўжаликлари ва касаначиларнинг олдидаги мажбуриятларни бажаришда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Ҳозирги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ипак маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилиш ва бу борада реал харидорлани топиш ҳамда улар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш устида иш олиб борилмоқда. Охирги икки ой ичида ипак маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичи жорий йилнинг дастлабки 8 ойидаги кўрсаткичидан ҳам ортиб кетганлигини қайд этиш лозим. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимдаги қайта ишлаш корхоналарининг йил якунига қадар фермер хўжаликлари ва касаначилар олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаришлари йўлида бор имкониятларни ишга солади".

Ўзбекистон Президенти 2017 йилнинг март ойида“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ёзилган шарҳда шундай дейилган эди:

“Пиллакорларнинг етарли даражада ва ўз вақтида моддий рағбатлантирилмаслиги уларнинг пилла боқишга бўлган қизиқишини сўндирмоқда”.

Мамлакатда пилла етиштириш учун махсус жойларнинг жуда камлиги сабаб, ипак қуртини одамлар асосан ўзлари яшаб турган уйларни бўшатиб боқишга ва ундан сўнг яна харажат қилиб уйларини таъмирлашга мажбур бўлмоқда.

Газ ва электр таъминоти чекланган қишлоқ аҳолисининг аксарияти эса пилла баҳонасида қишга ўтин ғамлаб олиш мақсадида ипак қурти боқишини айтади.

Ўзбекистонда пилла етиштириш

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2856-сонли қарори билан ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ва Устав билан Уюшмага юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида 13 та ҳудудий ва 144 та туман “Агропилла” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилган.

2020 йил 1 октябрь ҳолатига 11 та ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш, 71 та пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси аъзоси ҳисобланади.

Экспорт ҳажми 2016 йилда 21 млн. АҚШ долларини, 2017 йилда 31 млн. АҚШ долларини, 2018 йилда 51,1 млн АҚШ долларини, 2019 йилда 72,2 АҚШ долларини ташкил қилди.

Уюшма маълумотига кўра, 2020 йилда 4 мавсум ипак қурти парвариш қилиниб, 21 минг тоннадан зиёд пилла хомашёси етиштирилди.

XS
SM
MD
LG