Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:53

Президент Мирзиëев коррупцияни камайтириш учун давлат амалдорларининг тўйга боришини тақиқлади (АУДИО)


Тошкент бойларининг тўйидаги дастурхон сурати.
Тошкент бойларининг тўйидаги дастурхон сурати.

Ўзбекистон президенти Навоий вилоятига сафар қилган 2 март куни Озодликка юборилган аудиофайлда Шавкат Мирзиëев "эртага Сенат"нинг давлат амалдорларининг тўй-ҳашамларига боришини тақиқловчи қарори чиқажагини билдиради.

Президент раислик қилган йиғинда бевосита қатнашган мулозим томонидан ëзиб олинган 16 дақиқалик аудиофайлдаги гапларнинг айнан қайси куни¸ қайси мажлисда айтилгани Озодликка аниқ маълум қилинмади.

Аммо Мирзиëев гаплари мантиғидан уларнинг 27 февраль куни импорт -экспорт масалаларига бағишлаб Тошкентда ўтказилган видеоселекторда айтилганини тахмин қилиш мумкин.

Ҳозирга қадар президент матбуот хизмати ва маҳаллий матбуотга тўлиғича ëйинланмаган бу чиқишида Мирзиëев¸ бутун мамлакат бўйлаб давлат амалдорларига ҳалол ишлаш учун барча шароитни яратиб бергани ва эндиликда улардан адолатни қаттиқ талаб қилиш фурсати келгани ҳақида гапиради.

Раҳбарларга "тарихда бўлмаган уй¸ машина ва бошқа шароитларни қилиб бергани" ҳақида гапира туриб президент¸ уларни адолатсизлик ва коррупцияга тортаëтган сабаблардан бири тўй-ҳашамлар деган маънода¸ ана шу тадбирларни тартибга солиш ҳақида гапиришга ўтади:

- Мана эртага қарор чиқади¸ Бош вазирдан¸ ҳокимдан бошлаб ижроия органи вакилларининг тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарда давлат машинасини кўрган куним¸ ўшаларни ишдан олиб ташлайман¸ жазолайман¸ дейди видеоселектор йиғилишининг Озодликка юборилган аудиоëзувида президент Шавкат Мирзиëев.

Шавкат Мирзиëев тўйлар ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк


"Туғилган кунини нишонлаган¸ тўй-ҳашамга борган амалдорларни қамайман!"

Президент¸ умуман жамият¸ хусусан¸ давлат амалдорлари орасида авж олган коррупцияни йўқотиш учун серхаражат тўй-маросимларни ҳам¸ давлат расмийларининг унга "ғўдайиб" боришини ҳам тақиқлашга мажбур бўлганини билдиради:

- Бирорта раҳбар¸ мандан бошлаб¸ туғилган куниниям нишонламайди, тўйиниям, мандан бошлаб. Бўлди¸ у замонлар ўтди¸ одамларнинг ғашини келтираяпти бу нарса¸ лаънатини келтираяпти. Маросим ҳам¸ тўй ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўддайиб ҳамма муовини билан¸ ҳамма туради... Сан ўша 20 кило гўштнинг пулига камбағалнинг уйини краска қилиб бер¸ уйига телевизор олиб бер¸ ноинсоф.

Мен ўзим ҳам борганман, ҳаммамиз ғўдайиб борардик, Бош вазирнинг ҳамма муовини мошинларга миниб, ҳамма қараб туради, Бош прокуратура, бало прокуратура, бу кимга ярашади?​- деган Мирзиëев¸ эрта-индин чиқариладиган қарорда тўй-ҳашамларга чақириладиган меҳмонлар сонига қадар қатъий белгиланишини маълум қилди.

Президент эмас¸ балки Сенат чиқарадиган қарорда¸ Мирзиëевга кўра¸ тўйга энг кўпи 150 киши¸ ошга эса 200 кишининг чақирилишга рухсат берилади.

- Қани¸ бирортанг ғинг деб кўрчи¸ қамайман¸ дейди буни эълон қилиши ортидан залда ўтирган амалдорларга қарата президент.

(Президентнинг залда ўтирганларга ташлаган луқмасидан¸ йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов¸ унинг ўринбосарлари¸ Тошкент шаҳар ҳокими¸ шунингдек¸ видеоалоқа орқали вилоят ҳокимлари ҳам қатнашгани тушунилади.)

"Тошкентда тўртта қизи бор одам ўзини осиши керак!"

Тўй қилишнинг аниқ меъëрлари ëзиб берилишини таъкидлаган президент¸ Тошкент мисолида қизларни турмушга узатишнинг нақадар қимматлигини тилга олади:

- Тошкентда тўртта қизи бор одам, ўзини осиш керак, тўй қилиш учун. Оддий одам, оилали, бюджетдан ойлик оладиган одам ўзини осиш керак. Тўртта қизини эрга бериш учун ўзини осса тўғри бўлади. Нимага, ҳеч қандай имконияти йўқ, барибир бечора қарз олади, ўзини қарамайди, духтурга бормайди, фақат тўйга йиғади. Чунки, тўй неча кило ош, нечта мебел, бўлди биз олдин ташвиқот қилиб кўрдик, бўлмади бу ташвиқот. Кимга керак бу тўй? деб давом этади нутқида.

Тўй-маросимларни қатъий нормага солиш¸ Мирзиëев таъкидича¸ мамлакатда коррупцияни камайтириш¸ адолат ўрнатишга хизмат қилади:

- Тўйни агар жойига қўйсак, коррупция бўлмайди, одамлар рози бўлади, адолат пайдо бўлади. Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар, ҳокимми, прокурорми, солиқчими, чегарачими, шу меъёрдан чиқса, ўша куни кўрасизлар, қамайман ҳаммани қонун олдида.Нимага десангиз, бу адолатсизлик, қайси министр ёки Бош вазир ўринбосари шундай ойлик олади, бундаЙ тўй қилишга қаердан ойлик олади, бу ҳаммаси ўғрилик. Агар буни тагини суриштирсак, ўғрилик. Бу ҳам ана шу адолатсизликни тарғиб қилади, ҳамма буни билиши керак¸ дея писандa қилади Мирзиëев.

Янгича тўйлар - меҳмонлар сони¸ тўй вақтигача назорат қилинади

Тўйлар ҳақидаги қизғин гапларида президент тўй-маросимларни ихчам қилиш ҳақида олиб борилган ташвиқот ишлари натижа бермаганини эътироф этади.

"Одамларимиз 20 минг доллар ишлаб¸ тўй қиламан¸ мебель оламан деб Россияга кетаяпти"¸ деган президент "эрта" чиқарилишини айтган қарорда Андижонда урф бўлган саҳарги ошларнинг бутунлай тақиқланиши¸ тўй тадбирларининг эса¸ тушликка кўчирилишини билдиради:

- 110 киши, 120 киши, тамом. Жуда борса¸ 150 кишилик тўй қилади. Бошқа тўй бўлмайди, ҳеч қаерда. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади, тўйда. Қариялар нон синдиришга боради, ёшлар тўйга боради. Мен шундай қарор ёзиб чиқаришга мажбурман.​

Нима учун буни айтaяпман? Андижонда ҳам бу жудаям ҳалиги кетган, эрталабки тўйлар. Аввало¸ эрталабки тўйлар йўқ бўлади. Бўлди энди, обедда соат бирдан иккигача тўй. Кечқурун қайси ресторан тўй қилса, ўша ресторанни ёпамиз, тамом. Мен буни илтимос қилиб айтмоқчиман, бу халқимизга хиёнат бўлаяпти¸ дейди Озодликка 2 март куни юборилган аудиофайл давомида Шавкат Мирзиëев.

Президент "эртага тўйларга оид Сенат қарор чиқаради"¸ деганда айнан мажлиснинг эртасидан кўра кўпроқ яқин кун ва ҳафталарни назарда тутган афтидан. Бу гаплар айтилганидан бери ўтган бир неча кун давомида Ўзбекистон Сенатининг мажлис ўтказгани ва тўйларга оид қарор чиқаргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Сенат расмий сайтидан 2 март куни сенаторларнинг шу кунларда тўйларга оид бирор ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилгани ëки яқин келажакда қилишига оид хабар топилмади.

Ўтган йил август ойида Тошкент вилоятида қилган чиқишида ҳам президент Мирзиëев тўйларни ихчамлаштириш таклифини ўртага ташлаган ва шундан сўнг Тошкент ва вилоятларда камхаражат тўйлар тарғиботи бошланган эди.

XS
SM
MD
LG