Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:50

Ҳоким қарори дабдабанинг олдини ололмаяпти


Ўзбекистонда бошланган тўйлар мавсуми ҳукуматнинг дабдабага қарши қарорлари бесамар экани кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда бошланган тўйлар мавсуми ҳукуматнинг дабдабага қарши қарорлари бесамар экани кўрсатмоқда.

Шу кунларда мамлакатнинг бошқа ҳудудлари қатори Тошкентда тўй мавсуми қизигандан қизиган. Сентябр кириши билан серҳашам ресторанлардан тортиб мундайроқ тўйхонагача эртаю кеч тирбанд-гавжум. Тошкентликларга кўра, ҳоким тўйларни чеклаш ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, дабдабаю асъаса аввалги суръатда давом этмоқда.

“Ҳокимнинг гапи ўтмайдиган тўйхоналар”

Тошкентдаги маҳаллалардан бирининг фаоли Шоиноят ака Озодлик билан ўзаро суҳбатда яқинда пойтахтнинг энг ҳашамли тўйхонасида кўрганларини гапириб берди.

– Икки кун олдин “Версал” ресторанидаги тўйга бордим. Ўзим маҳалла қўмитасида ишлаганим учун биламан, шаҳар ҳокимининг дабдабаларни олдини олиш тўғрисида буйруғи бор. Лекин “Версал”да исрофгарчилик дейсизми, кимўзар дейсизми, ҳозир ҳам олдингидан ҳеч кам эмас,– ҳикоя қилади тошкентлик Шоиноят ака.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни чекловчи қарор қабул қилганди.

Ушбу ҳужжатга асосан тузиладиган жамоатчилик кенгаши тўй меҳмонлари сонини 300 тагача чеклаши, хонандалар сонини қисқартириши кутилганди.

– 600 тача одам келди. Бирровга келган отарчиларни-ку қўяверасиз. Саноқдан адашдим. 20 тадан кўп артистни санадим. Юлдуздан бошқа ҳаммаси ўша ерда эди,– дейди “Версал”даги тўй иштирокчиси.

Ҳоким қарорига мувофиқ, фуқаролар 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача элга ош бериши мумкин, куннинг қолган қисмида кафе, ресторан ва тўйхоналарга одамларни чақириш мумкин эмас. Кечки тўй базмларни эса 23.00 дан кейин давом эттириш ман қилинади.

Озодлик мухбири суҳбатлашган тошкентликларга кўра, тўй эгалари наҳорги ва кундузги ош вақтига риоя этаётган бўлса-да, кечки базмлар ҳамон алламаҳалгача чўзилмоқда.

– Кечқурун 11 га қолмасдан тўй тугаши керак, қарорда шунақа деб қўйибди. “Версал”да бўлса, 12 да уйга кетаётганимдаям базм бўлаётганди. Лекин, яхши, наҳорги, кундузги ошларда регламент деймизми, ўшанга, амал қилиняпти,– дейди маҳалла фаоли Шоиноят ака.

Никоҳ тўйларини ташкил этиш билан шуғулланувчи фирмада ишловчи Азиз исмли йигитга кўра, номи чиққан “Фаровон” тўйхонасидаги базмлар ҳам кечки 11дан кейин ҳам давом этади.

– Энди “Фаровон”да простой одамлар тўй қилмайди-да. Ё бойвачча, ё чиновник қилади. Ўзи реалний тўй 11дан кейин бошланади. Кўп кузатганман, масалан, тўйхона менежери фалон пайтда тугатасизлар деб талаб қилсаям, тўй эгаси ўзим жавоб бераман, хавотирламанг, деб уни успокоит қилади. 300 та одамни чақирсанг бўлди, дейиш ҳам нотўғри-да. Пулдор одам озиб-ёзиб тўй қилса, камида 500 та таниш-билишини чақиради. Шунинг учун ҳам, менимча, меҳмонлар сонини чеклашдан барибир иш чиқмайди,– дея вазиятга ойдинлик киритади бир неча йилдан бери тўй бизнеси ичида юрган Азиз.

“Келинсаломга – 10 отарчи”

– “Саёҳатчи” ресторанида келинсалом маросими ўтди. Ўтган ҳафтада. Танишимиз роса ўзидан тинчиган, қўли узун одамлар эди. Ишонсангиз, шу келинсаломгаям 10 тача ашулачи чақирибди. Пули бор ҳаммадан ўтказиб қиляпти, пули йўқ тўртта одамни чақириб дастурхон солишгаям қурби етмаяпти,– дейди коллеж ўқитувчиси Нилуфар опа.

Маҳалла фаоли Шоиноят аканинг айтишича, шаҳар ҳокими қарори ижроси бўйича амалий механизм мавжуд эмас.

– Ҳозир метрополитенга тушсангиз, кўп бекатларда дабдабали тўйларни камайтириш ҳақидаги ўша қарорни рангли плакат қилиб ёпиштириб қўйган. Менимча, қарорни метрога осгандан уни ижро қилиш механизмини яратиш керак. Балки дабдабали тўй қилаётганларни яхшилаб жазолаш керакдир. Энди, қарор чиқаргандан кейин уни ижроси бўйичаям бош қотириш керак-да, – дейди суҳбатдошимиз.

Дабдабали тўйларни изга солишга қаратилган, аммо ижросиз қолаётган қарорда қайд этилишича, оилавий маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмаган фуқаролар масаласи жамоатчилик иштирокида кўрилади.

14 йил муқаддам – 1998 йил 28 октябрда Ўзбекистон Президентининг тўй-ҳашамларни тартибга солиш ҳақидаги фармони эълон қилинган. Бир неча йил ўтиб, Ўзбекистон мусулмонлар идораси бу борада фатво ҳам қабул қилган.

Бироқ фармон ҳам, фатво ҳам кимўзар пойгага айланган тўйларни жиловлай олмаётгани, дабдабали тўй соҳиблари эса амалдорларнинг ўзи экани айтилади.
XS
SM
MD
LG