Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Фермерлар: Ҳокимлик бизга “Навбаҳор” клуби стадиони учун яна солиқ солди


Навбаҳор-Пахтакор ўйинидан сурат
Навбаҳор-Пахтакор ўйинидан сурат

Озодликка 26 август куни юборилган маълумотда айтилишича¸ Наманган вилояти Чортоқ туман ҳокими туманда стадион таъмири учун фермерларга 500 минг сўмдан норасмий солиқ солган.

26 август тунги соат 10 га қадар пулни ўтказиш буюрилган фермерлар¸ акс ҳолда "давлат сиëсатига қарши чиққан"лик учун ери тортиб олинишидан огоҳлантирилган.

Озодлик гаплашган фермерлардан бири¸ бу иддаони далиллаш учун тўлов квитанциясини илова қилди.

Улар таъкидича¸ Намангандаги "Навбаҳор" стадиони таъмири учун маблағ йиғиш бутун вилоят бўйича бормоқда ва бу буйруқ аслида вилоят ҳокими томонидан берилган.

Чортоқ туман ҳокими ëрдамчиси Озодликка нафақат фермерларга ноқонуний солиқ солингани¸ 26 август кечқурун бу масалада мажлис бўлишини инкор қилди.

Наманган вилоят ҳокимлигидан эса¸ бу хабарга изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Оғзаки буйруқ

Озодликка мурожаат қилган чортоқлик фермерлар¸ ҳокимликнинг тумандаги қурилишларга фермерлардан мажбурий маблағ ундиришининг охири кўринмаëтганини иддао қилар экан, бундай деди:

Чортоқ туманидаги фермерлардан “Навбаҳор” стадионига пул ўтказишга мажбурланаяпти. Бу оғзаки буйруқ асосида бўлаяпти. Ўзи яқинда металлоломга деб 500 минг олишувди”.

Бу фермер ўз иддаосини тасдиқлаш учун 500 минг сўм ўтказилганини тасдиқловчи банк ҳужжатини илова қилди.

Унда “Навбаҳор” футбол клубининг "Туронбанк"даги ҳисобига 500 минг сўм ўтказилгани акс этган.

Тунги “разборка”

Озодликка маълум бўлишича¸ 26 август – фермерларга “Навбаҳор” клуби ҳисобига 500 минг сўмдан ўтказиш учун берилган муҳлат тугайдиган кун ва тунги 10 да ўтказиладиган мажлисда пул ўтказмаган фермерлар бирма-бир сўроқ-жавоб қилинади:

"Тўртта сектор раҳбари ( ҳоким¸ прокурор¸ ИИБ бошлиғи ва солиқ инспекцияси бошлиғи -таҳр.) ўз ҳудудидаги фермерларга SMS юбортирди. Унда “Ҳурматли фермерлар¸ бугундан қолмай Навбаҳорга маблағ ўтказинглар. Ўтказмаганлар¸ кеч соат 22 00да ҳокимиятга разборга дейилган".

Озодлик суҳбатдошлари¸ Наманган футбол клуби стадиони учун мажбурий йиғимнинг биринчи марта бўлмаëтганини ҳам эътироф этди:

Тумандаги ҳамма фермерлар тўлаяпти. 4-5 йилдан бери тўлаймиз¸ эвазига бир ойда бир тушиб футбол ўйнаб келишга рухсат берилади¸ дейди. Дала ишидан бўшамайдиган фермернинг футбол ўйнашга вақти борми? Бермагунимизча¸ ҳокимиятга чақириб¸ сиëсатга қаршимисан¸ деб разбор қилади¸ кечаси билан тик турғизиб оч қўяди. Кейин яна эрталаб бор пулни топ¸ ўтказ¸ деб чиқарворади. Шунга кўпчилик¸ барибир фойдаси йўқ¸ деб индамай тўлаб қўяқоладиган бўлган”.

Инкор

Озодлик Чортоқ туман ҳокими ëрдамчисидан¸ фермерлар шикоятига муносабат сўраганда¸ расмий аввалига бу хабарни мутлақ инкор қилди:

Ҳокимликнинг стадион билан иши йўқ. Фуқаролар ўз истаги билан маҳаллий клубга пул ўтказса¸ бу уларнинг иши. Фермерларга биз ҳеч қанақа SMS жўнатмадик¸ бугун кечқурун ҳеч қандай мажлис йўқ¸ билишимча”.

Озодлик ихтиëрида тўлов ҳақидаги ҳужжатлар ва юборилган SMS нусхаси борлигини эшитган ҳоким ëрдамчиси¸ “шахсан ўзининг бундай буйруқ ва мажлисдан бехабарлиги”ни айтиш билан¸ суҳбатни қисқа қилди.

Мажбурий йиғимларга қурилган стадион

2013 йили Наманган вилояти “Навбаҳор” футбол клуби учун замонавий талаблар даражасидаги стадион қурилиши бошланган ва шундан бери Озодликка вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб “Дамас” ҳайдовчиларигача “стадион солиғи” солинганига оид муттасил норозиликлар юборилмоқда.

Ўзбекистонда футболни молиялаштириш давлат идораларининг “спонсорлик ëрдами” устига қурилгани боис¸ мамлакат бўйлаб футбол ўлпони солиниш ҳолатлари муттасил тус олган.

Хусусан¸ ўтган ой сурхондарëлик тадбиркорлар “Сурхон” футбол клуби учун 50 миллион сўмдан пул ўтказишга мажбурланаëтгани ҳақида Озодликка хабар йўллаган эди.

Жорий йил январида Андижон вилояти ҳокими ​вилоят ҳудудида фаолият юритаëтган барча тадбиркорлик субъектларига “Андижон” футбол клуби учун жами 8 миллиард 55 миллион сўмлик “ҳомийлик ëрдами” йиғиш талабини қўйган эди.

Вилоятдаги жами 167 та корхона ва ташкилотга “футбол солиғи” солингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Озодликка юборилган видеода Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов футбол клубининг фаолияти 100 фоиз "ҳомийлик йиғими" асосида молиялаштирилаëтганини эътироф этгани кўрилади.

XS
SM
MD
LG