Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:28

Қашқадарёда тадбиркорлар “Ватанпарвар боғи” қурилишига ҳомийликка мажбурланяпти


Қарши шаҳридаги Марказий банк биноси
Қарши шаҳридаги Марказий банк биноси

Қарши шаҳридаги “Болалар боғи”ни “Ватанпарвар боғи”га айлантириш борасидаги таъмирлаш ишларига ҳомийлик қилиш учун тадбиркорларга 2 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача ўлпон солинди. Озодликка нусхаси етиб келган вилоят ҳокимининг бу фармойишида, тадбиркорлардан пул ундириш вазифаси солиқ инспекциялари зиммасига юклатилгани айтилади.

Озодликка келиб тушган Қашқадарё вилояти ҳокимининг жорий йилнинг 24 февралида ўтказган йиғилиши баёнида айтилишича, “Қарши шаҳри, Ўзбекистон кўчасидаги “Болалар боғи”ни “Ватанпарвар боғи”га айлантириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳомийлик қилиш истаги бор тадбиркорлар “Ипотека банк”нинг Қашқадарё вилояти филиалидаги махсус ҳисоб рақамига пул ўтказишлари мумкин.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори
Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори

Аммо, Озодликка шикоят қилган тадбиркорларнинг айтишларича, бу тадбир асло “ихтиёрий” бўлмай, балки мажбурий тус оляпти.

Китоб туманида савдо-сотиқ билан шуғулланадиган тадбиркорнинг Озодликка айтишича, солиқ инспекцияси ходимлари ҳар куни телефон қилиб, уларни махсус ҳисоб рақамига пул ўтказишга мажбур қиляпти:

“Ўша мажлисдан кейин солиқчилар келиб, счёт рақамини ташлаб кетишди. Мен беш миллион сўм ўтказишим шарт экан. Ўтказмайман десам, ҳар куни телефон қилиб гаранг қилишяпти. Мен Китобда яшаётган бўлсам, солиқларни ўз вақтида тўлаётган бўлсам, Қаршидаги боққа қандай алоқам бор? Нима учун биз соф фойдамиздан, бизга умуман алоқаси бўлмаган қурилишларга пул ўтказишимиз керак экан. Бу қандай бедодлик? Президентимиз тадбиркорга тегма, деб айтиб турган бўлса ҳам, булар президент сиёсатига қарши иш қилишяпти”, дейди тадбиркор.

Қарши шаҳрида дорихонаси бор тадбиркорлардан бири ҳам, йиғди-йиғдилар уларнинг силласини қуритаётганини айтди:

“Номига ихтиёрий деб қоғозда ёзишади. Лекин аслида ҳаммаси мажбурий. Буни қаранг. Мева-чева экспортини қўллаб-қувватлаш деб, жами оборотимизнинг 10 фоизини тўлаган эдик. Яқинда металлолом учун уч миллион сўм ўтказдик. Ислом Каримовнинг ҳайкалига ҳам 300 минг сўмдан ташлаб бердик. Балки сўрарсиз, қоғозда бўлмаса, нега тўлайсиз, айб ўзингизда деб. Масалан, тўламасангиз, қилдан қийиқ ахтариб, текширишга группа ташлайди. Унда бундан ҳам қимматга тушиб кетасиз”, дейди тадбиркор.

Вилоят ҳокимининг қарорида тадбиркорлардан пул ундириш солиқ ва банк зиммасига қўйилгани ёзилган:

“Вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва Марказий банк вилоят бошқармасига “Ватанпарвар боғи”ни таъмирлаш ва ободонлаштириш учун ҳомийлик маблағларини белгиланган муддатда ўтказиб берилишида амалий ёрдам кўрсатиш юклатилсин”, дейилган.

Озодлик қўлга киритган, пул ўтказишга мжабурланган тадбиркорлар рўйхатида, тадбиркорлар ўз ихтиёрлари билан эмас, балки уларга топшириладиган пул миқдори мажбурий қилиб кўрсатилган.

"Ватанпарвар боғи" таъмирига пул ўтказишга мажбурланганлар рўйхати
"Ватанпарвар боғи" таъмирига пул ўтказишга мажбурланганлар рўйхати

Жумладан, АЁҚШ, дорихоналарга 2-8 миллион сўм, бошқа ташкилот ва корхоналарга 5-20 миллион сўмгача пул ўтказиши айтилган.

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармасининг ўзини Асқарали деб таништирган мулозими, Озодлик билан суҳбатда тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаш ҳолати борлигини инкор қилди:

- Йўқ, биз тадбикорларни мажбурий ҳомийликка мажбурлаганимиз йўқ. Агар шундай ҳолатлар вилоят бўйлаб, бўладиган бўлса, марҳамат бизнинг ишонч телефонимизга чиқишсин. Биз уларнинг исми сир қолиш шарти билан, ёрдам берамиз”, деди мулозим.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан бу масалага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида яна тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган маҳаллий раҳбарлар ва ҳокимларни яна бир огоҳлантирган эди:

“Масалан, бизнес соҳасида жорий этилаётган янгиликлар жойларда, жумладан, Самарқанд вилоятида қандай қўлланмоқда, тадбиркорлар берилаётган енгилликларни амалда сезмоқдами ёки йўқми, деган саволларга, афсуски, тўла ижобий жавоб тополмаймиз. Шу муносабат билан барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантириб айтмоқчиман: тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади", деган эди президент.

XS
SM
MD
LG